2 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Дастлаб сенаторлар Сенатнинг 2022 йилдаги фаолияти ва 2023 йилга мўлжалланган устувор вазифалари тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Таъкидланганидек, ўтган йил давомида Сенат Конституция ва қонунларда белгиланган ваколатлари, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида акс этган устувор йўналишлардан келиб чиқиб фаолият юритди.
Жумладан, қонунчилик фаолиятини такомиллаштириш, парламент назоратини кучайтириш, халқаро ва парламентлараро муносабатларни кенгайтириш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятига кўмаклашиш, халқ билан мулоқот самарадорлигига эришишда парламент таъсирини ошириш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга оширди.
Хусусан, қонунчилик йўналишида жами 79 та қонун кўриб чиқилди. Қонунлар ҳудудлар манфаатларидан келиб чиқиб, танқидий-таҳлилий нуқтаи назар билан муҳокама қилинди. 2022 йилда Сенат томонидан 8 та қонун рад этилди.
Қонунларни тизимли таҳлил қилиш ва уларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш амалиёти давом эттирилиб, 20 дан ортиқ қонун ижроси, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонуности ҳужжатларининг қабул қилинишини мониторинг қилиш якунлари бўйича Ҳукумат олдига тегишли вазифалар қўйилди.
Парламент назорати доирасида Сенат ялпи мажлисларида ҳукумат, вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарлари, ҳокимларнинг ҳисобот ва ахборотлари юзасидан 27 та эшитув ўтказди.
Ҳар чоракда ҳукуматнинг ҳамда молия вазирининг Давлат дастури ижросининг бориши ва Давлат бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама этилди.
Сенаторлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган масалаларни ўрганишга алоҳида эътибор берган ҳолда, ўрганишлар якунлари бўйича мингга яқин масала ҳал этиш учун ҳукуматга киритилди. Мазкур таклифлар асосида 2023 йилги Давлат бюджети параметрлари ва инвестиция дастурлари доирасида 1,2 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилишига эришилди.
Сенат қўмиталари томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида ҳудудларда 67 та ўрганиш ўтказилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ҳукумат аъзоларига 5 та парламент сўрови юборилди. Сенаторлар томонидан жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар юзасидан мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларига 200 дан ортиқ сўров юборилди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг 17,1 минг мурожаати кўриб чиқилди. 6,5 мингга яқин мурожаат алоҳида назоратга олиниб, атрофлича ўрганилди.
Жумладан, 5 мингга яқин мурожаат бўйича муаллифларга тушунтириш берилди, 700 дан ортиқ ариза ва шикоятлардаги масалалар асосли деб топилиб, ижобий ҳал этилди.
Халқаро парламент муносабатлари доирасида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар, халқаро молия тузилмалари ва бизнес вакиллари билан ўтказилган 170 дан зиёд учрашувларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Икки томонлама парламент алоқаларини ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида парламентлараро гуруҳларнинг 10 дан ортиқ йиғилишлари бўлиб ўтди.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятига услубий-амалий ёрдам кўрсатиш учун Давлат бошқаруви академияси ва бошқа мутасадди идоралар билан биргаликда маҳаллий Кенгашлар депутатлари учун мунтазам равишда ўқув курслари, семинарлар ташкил этилди.
Бундан ташқари, Сенат Раиси бошчилигида коррупция, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, хотин-қизлар масалалари, гендер тенгликни таъминлаш, халқаро рейтинглар билан ишлаш каби қатор долзарб йўналишларда миллий (республика) тузилмалар фаолияти изчил давом эттирилди.
Маълумот учун: қайд этилган йўналишларда олиб борилган ислоҳотлар натижасида мамлакатимиз учун устувор этиб белгиланган 16 та нуфузли халқаро рейтингда Ўзбекистоннинг ўрни кўтарилди.
Мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида олиб борилган ишлар натижасида Cotton Campaign халқаро коалицияси томонидан 13 йилдан бери (2009-2022 йиллар) Ўзбекистон пахтасига қўлланган халқаро бойкот бекор қилинди.
Мажлис давомида Сенат фаолияти якунлари кўриб чиқилгач, 2023 йилга мўлжалланган парламент юқори палатасининг устувор вазифалари ҳам белгилаб олинди.
Шундан сўнг, сенаторлар томонидан “Рақобат тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур қонун мамлакатимиз ҳудудида товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, рақобат муҳитини ҳимоя қилиш, товар, молия ва рақамли бозорларни самарали фаолият кўрсатишига шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Таъкидлаш жоиз, унда 2012 йил қабул қилинган “Рақобат тўғрисида”ги ҳамда 1999 йил қабул қилинган “Табиий монополиялар тўғрисида”ги қонунлар бирлаштирилиб, табиий монополия ва устун мавқега эга субъектларга қўйиладиган талабларнинг аксарият қисми бирхиллаштирилган.
Қонунда рақобат соҳасидаги давлат сиёсатининг яъни, рақобатни ҳимоя қилиш, рақобатга қарши ҳаракатларнинг олдини олиш ва тўхтатиш, республика ҳудудида иқтисодий фаолият эркинлиги ва товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, товар ва молия бозорларининг самарали фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиш каби устувор йўналишлар белгиланган.
Бундан ташқари, қонун билан бир қатор янги, яъни монополияга қарши комплаенс, рақамли платформа каби тушунчалар киритилмоқда.
Қонунда устун мавқени белгилашнинг янги мезонлари киритилаётган бўлиб, унга кўра табиий монополия субъектлари ҳам устун мавқега эга субъектлар қаторига қўшилмоқда.
Шу билан бирга қонунда устун музокара кучи институти киритилиб, ушбу нормага кўра, битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги сабабли бошқа субъектлар билан шартнома тузишда, уларда устун музокара кучи мавжуд деб баҳоланиши белгиланмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида қонунда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдамни баҳолаш тизими жорий қилинмоқда.
Қонун билан савдоларга доир рақобатни чеклашга қарши талаблар ва ўзаро боғлиқ бўлган иштирокчиларнинг бир вақтда савдо жараёнларида қатнашишига тақиқлар белгиланмоқда.
Шунингдек, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Сенаторларнинг фикрига кўра, мазкур қонуннинг қабул қилиниши рақобатга қарши ҳаракатларнинг камайишига, иқтисодий фаолият эркинлиги, товарларнинг эркин ҳаракатланишига, рақобат муҳитини ривожлантиришга ҳамда товар ва рақамли бозорларнинг самарали фаолият кўрсатишига, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришга ҳуқуқий асос яратади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, ялпи мажлисда “Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Хусусан, сўнгги вақтларда беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари кўпайиб бораётганлиги, бу жараёнда тиббиёт ходимларини беморларнинг соғлиғи ёмонлашишида ёки ўлимида асоссиз равишда айблаш, шунингдек, ҳеч бир сабабсиз шифокорларга ва ўрта тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳоллари юз бераётганлиги қайд этилди.
Қонун билан юқорида қайд этилган муаммоларга ечим топиш мақсад қилинган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.
Бунда ушбу ноқонуний фаолиятни амалга оширган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиш ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олиш жазоси киритилмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1977-моддасида тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига қонунга хилоф равишда ҳар қандай шаклда таъсир ўтказганлик ҳақидаги ишларни кўриб чиқиш белгиланмоқда.
Бундан ташқари, ушбу Кодекснинг 305-моддасига мувофиқ мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқиш муддати уч суткани ташкил этиши қайд этилмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олади. Шифокорлик касбининг мақоми ҳамда нуфузини оширишга, фуқароларга ўз вақтида ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлис давомида “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, педагогларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари давом этаётганлиги, педагог ходимлар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва масалаларни ҳал этиш учун тузилган кўплаб ишчи гуруҳлар таркибига асоссиз киритилаётганлиги, улардан турли ҳисобот ва маълумотлар талаб этилаётгани қайд этилди.
Муҳокама қилинган қонун билан юқорида қайд этилган муаммоларга ечим топиш мақсад қилинган.
Мазкур қонунга мувофиқ Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилмоқда.
Унга кўра, таълим ташкилотининг педагог ходимини меҳнатга маъмурий тарзда қайта мажбурлаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда педагог ходимларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаганлик, шу билан бирга, уларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш ёки қонунга хилоф равишда аралашиш, таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Бунда Кодексдаги санкциялар фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу қонун таълим ташкилотининг педагог ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳамда педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Бундан ташқари, Сенат аъзолари “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонунни қизғин муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, давлат хизматларини кўрсатишда жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлаш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш зарурати юзага келаётганлиги қайд этилди.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган қонун аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари мурожаатларини тез фурсатларда кўриб чиқилишини таъминлаши сенаторлар томонидан алоҳида таъкидланди.
Қонун билан давлат божи ставкаларининг миқдорларига қўшимча киритилмоқда. Жумладан, фуқаролар давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилганда белгиланган давлат божи ставканинг 50 фоизи миқдорида тўлаши белгиланмоқда. Бунда қолган қисми белгиланган тартибда ишни кўриш натижаси билан ундирилади.
Сенаторларнинг таъкидлашича, мазкур қонунда таклиф этилаётган норма фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилиниши ҳамда уларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Муҳокамалар жараёнида бугунги кунда манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг жазони ўташ жойларини ўзбошимчалик билан тарк этиш ҳолатлари содир этилаётганлиги, бироқ бундай маҳкумларга нисбатан қатъий жазо чоралари белгиланмаганлиги, манзил-колониясига ўтказилган оғир ва ўта оғир жиноят содир этган маҳкумлар томонидан жазони ўташ даврида бир қатор оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларни қайта содир этиш ҳолатлари кузатилаётганлиги таъкидлаб ўтилди. Биргина 2021 йилда манзил-колониясида жазо муддатини ўтаётган 15 нафар маҳкум томонидан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилган бўлса, 2022 йилда 77 нафар маҳкум томонидан шундай турдаги жиноятлар содир этилган.
Шунингдек, қонунчиликда сақлаш режимини ашаддий бузишнинг оқибатлари ҳамда меҳнатдан бўйин товлаган деб топишнинг аниқ мезонлари белгиланмаганлиги маҳкумлар билан олиб борилаётган тарбиявий ишлар самарадорлигига таъсир қилаётганлиги айтиб ўтилди.
Муҳокама қилинган қонун нафақат юқоридаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган, балки жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Хусусан, қонун билан киритилаётган ўзгартиришларга асосан жазони ижро этиш муассасаси ҳудудини ўзбошимчалик билан ташлаб кетган маҳкумларни сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб топиш учун асос бўладиган 24 соатлик муддат 12 соатгача қисқартирилиб, жазони ўташ тартибини бузганлик учун навбатдаги учрашувдан маҳрум этиш тарзидаги жазо чораси белгиланмоқда.
Шунингдек, Жиноят-ижроия кодекси янги 1121-модда билан тўлдирилиб, унга кўра сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкумларга нисбатан манзил-колониядан умумий тартибли колонияга, умумий, қаттиқ ёки махсус тартибли колониялардан турмага ўтказиш тўғрисида, шунингдек, манзил-колониядан умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга, қаттиқ тартибли колониядан махсус тартибли колонияга, колониялардан турмага қайтариш тўғрисида судга тақдимнома киритилиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, манзил-колонияда жазони ўташ даврида сақлаш режимини ашаддий бузганлик учун умумий тартибли колонияга ўтказилган ҳамда умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга қайтарилган маҳкумлар, бу ҳақда суд ажрими чиққан кундан бошлаб камида икки йил мобайнида, шунингдек, манзил-колонияда жазони ўташ даврида жиноят содир этиб, суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган маҳкумлар манзил-колонияга ўтказилмаслиги белгиланмоқда.
Эндиликда маҳкумларни манзил-колонияга ўтказиш муддатлари узайтирилади, яъни оғир жиноятлар учун – жазонинг камида учдан бир қисмини, ўта оғир жиноят учун камида ярмини ўтаганидан сўнг маҳкумлар манзил-колонияга ўтказилиши мумкинлиги ҳамда шу муносабат билан маҳкумларни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш – оғир жиноятлар учун жазонинг камида учдан икки қисмини ўтаганидан сўнг, ўта оғир жиноятлар учун эса камида тўртдан уч қисмини ўтаганидан сўнг қўлланилиши белгиланмоқда.
Сенаторларнинг таъкидлашича, қонуннинг амалиётга татбиқ этилиши маҳкумларнинг жазони ижро этиш муассасаларида ўрнатилган тартиб-қоидаларга тўлиқ риоя этишларига, тарбиявий тадбирлар самарадорлиги ошиши ҳамда қайта жиноят содир этилиши ҳолатларининг олди олинишига, меҳнат қилишга бўлган муносабатни ижобий томонга ўзгартиришга, жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб-интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокамалар сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгги йилларда фуқароларнинг истеъмол кредитларига бўлган талаби ортиб бориши, шунингдек, маҳсулот етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш кўламининг кенгайиб бораётгани молиявий истеъмол кредит ажратилиш юзасидан амалдаги қонунга ўзгартириш киритишни тақозо этмоқда.
Шу каби омиллар инобатга олинган ҳолда Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида “Молиявий истеъмол кредити бериш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан “Истеъмол кредити тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 15-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Унга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаган товарлар (хизматлар) учун ҳам истеъмол кредити ажратишга рухсат бериш кўзда тутилган.
Хусусан, жисмоний ва юридик шахслар томонидан сотиладиган товарлар (хизматлар), шунингдек, Ўзбекистон Республикасига ташқаридан келтирилган товарлар (хизматлар) учун молиявий истеъмол кредитлари бериш имкониятини назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, қонун билан истеъмолчи молиявий истеъмол кредити олиш тўғрисида истеъмол товарларини (хизматларини) ишлаб чиқарувчи корхонани ёки реализация қилувчи ташкилотни олдиндан ёзма шаклда хабардор қилиш тартиби бекор қилинмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши аҳоли истеъмол кредитларини расмийлаштиришда енгилликлар яратилишига, мамлакатда маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш кўламининг кенгайишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Сенатнинг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичида кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишни ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишни талаб қилади.
Ушбу қонун айнан давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мос ҳолда такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Хусусан, қонунда маъмурий суд ишларини юритишни “суднинг фаол иштироки” тамойили асосида амалга ошириш, бунда маъмурий судларга ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш белгиланмоқда. Ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга зарарни ундириш талаби бўйича ҳам маъмурий судга киритиш ҳуқуқи тақдим этилмоқда. Маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро қилинмаган тақдирда, уларга нисбатан суд жарималарини қўллаш, такроран ижро қилинмаганлиги учун суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш белгиланмоқда. Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмлари жорий қилинмоқда.
Шунингдек, судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш, бунда судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш юритишни тугатишни тақиқлаш ҳамда даъво аризаси, ариза, шикоятларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш кўзда тутилмоқда. Иқтисодий суд томонидан берилган ижро ҳужжати бўйича давлат ижрочисининг чиқарган қарори устидан иқтисодий судга эмас, балки маъмурий судга шикоят қилиш белгиланмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатишга, фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини юксалтиришга ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ялпи мажлис биринчи иш кунида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам қизғин муҳокама қилинди.
Қонунга кўра болани чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган болани отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс чет давлат ҳудудида болани назоратсиз қолдирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан эллик бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортилиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ушбу маъмурий жазо қўлланилганидан кейин, яна худди шундай хатти-ҳаракат содир этганлик ёхуд чет давлат ҳудудида турган боланинг суд томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистонга қайтарилишини таъминламаганлик учун жиноий жавобгарлик киритилмоқда. Жумладан, шундай қонун бузилишлари учун уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.
Яна бир муҳим жиҳати шуки, эндиликда “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгаришга кўра боланинг отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс чет давлатда болани назоратсиз қолдириш, яъни ота-онанинг, улар ўринини босувчи шахснинг болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаши қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Шунингдек, қонун билан “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилиб, унга кўра оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида таълим ва тарбия олиши мумкин бўлган болалар сони йигирма беш нафардан эллик нафаргача кўпайтирилмоқда. “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритилиб, унга кўра маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”га қонун билан 4 та кодекс ва 4 та қонунга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, халқимизга хос болажонлик, инсонпарварлик фазилатлари, жамият ва шахс олдидаги масъулият норматив-ҳуқуқий ҳужжатларимизда ҳам ўз ифодаси топмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати