Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи  ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2026 йил 6 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи  ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.

Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Ялпи мажлиснинг иккинчи иш кунини сенаторлар М.Э.Абдусаломовни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси этиб сайлаш масаласи кўриб чиқишдан бошлашди.

Сенатнинг тегишли қарорига асосан Абдусаломов Мирзо-Улуғбек Элчиевич ўн йиллик муддатга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси лавозимига сайланди.

Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарорига асосан Абабакиров Муроджон Абдуқохорович бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси лавозимидан озод этилди.

Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Венгрия ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги Шартномани (Будапешт, 2025 йил 20 май) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди. 

Мазкур қонун Ўзбекистон Республикаси ва Венгрия ўртасида жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам соҳасида алоқаларни тартибга солишни, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштиришни назарда тутади.

Шартномада ушлаб беришни амалга ошириш шартлари, сўровларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби, ушлаб беришни рад этиш асослари, шунингдек, шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга доир нормалар аниқ белгилаб қўйилган.

Шартноманинг ратификация қилиниши икки давлат ўртасида ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиб, халқаро жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини оширишга кўмаклашади.

Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар доирасидаги мажбуриятлари изчил бажарилишини таъминлаш, ҳуқуқ устуворлиги тамойилларини янада ривожлантириш имконини беради.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, ўн учинчи ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Муҳокамалар давомида таъкидланганидек, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда суд ҳокимиятининг мустақиллигини қарор топтиришга қаратилган. Одил судловни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

Қонун билан суд ишларини ҳал этишга ноқонуний аралашув учун жавобгарликни аниқлаштириш, суд биносида тартибни бузиш ҳолатларига нисбатан маъмурий чоралар белгилаш, шунингдек, солиқ органлари иштирокидаги айрим солиққа оид низоларни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш назарда тутилмоқда.

Ушбу нормалар суд ҳокимияти нуфузини ошириш ва суд қарорларининг холислигини таъминлаш мақсадларига қаратилгани алоҳида қайд этилди.

Шу билан бирга, қонунда айрим қайта кўриб чиқилиши ҳамда амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқлаштирилиши лозим бўлган нормалар мавжудлиги билдирилди.

Хусусан, таклиф этилаётган нормалар маъмурий суд ишларини юритишга оид амалдаги процессуал қоидалар билан уйғун эмас, бу эса суд амалиётида ҳуқуқий ноаниқлик, турлича ёндашувлар ва низолар юзага келишига олиб келиши мумкин.

Сенаторлар бу қонун устуворлиги (rule of law) ва суд мустақиллиги (judicial independence) каби умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқий стандартларга, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсадларига зид эканини таъкидладилар.

Бундан ташқари, қонунни тайёрлаш ва киритиш жараёнида қонун ижодкорлигига оид белгиланган тартиб-таомилларга тўлиқ риоя этилмаган. Хусусан, қонунчиликка тегишли ўзгартиришларни “пакет” принципи асосида киритиш масалалари эътибордан четда қолган.

Сенаторлар бу каби ҳолатлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар барқарорлигига салбий таъсир кўрсатиши, ҳуқуқни қўллаш амалиётида қийинчиликлар туғдириши мумкинлигига эътибор қаратдилар.

Муҳокамалар якунида сенаторлар томонидан қонун ижодкорлигида тизимлилик, ҳуқуқий аниқлик ва қонун устуворлиги тамойилларига қатъий риоя этиш давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлашнинг муҳим шарти экани таъкидланиб, қонунни тақдим этилган таҳрирда маъқуллаш мақсадга мувофиқ эмас деган хулосага келинди.

[gallery-27526]

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижроси ҳамда 2026 йилда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш масаласи муҳокама қилинди. 

Таъкидланганидек, ўтган вақт давомида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий ва ижтимоий шароитларини яхшилашга қаратилган 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Миллий кадрлар захирасида хотин-қизлар салмоғи аввалги йилларга нисбатан 2 баробарга оширилиб, 27 фоизга етди.

Бюджет маблағларини режалаштириш жараёнида гендер ёндашувни жорий этишга қаратилган гендерга доир индикаторлар ишлаб чиқилиб, бюджет дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш ва шакллантиришда фойдаланиш учун барча вазирлик ва идораларга тақдим этилди.

Давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудитни ўтказиш услубияти янги таҳрирда қабул қилиниб, ижрога қаратилди. Мазкур услубият асосида Ички ишлар вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида гендерга оид аудит ўтказилди.

Аграр соҳада 2025-2030 йилларга мўлжалланган Гендер тенглик стратегияси ишлаб чиқилди ва ижрога қаратилди.

“Раҳбар аёллар мактаби” ўқув дастурининг 4 та мавсуми якунланиб, 244 нафар хотин-қиз ўқиш билан қамраб олинди. Уларнинг 60 нафари юқори лавозимларга тайинланди.

Судьялар олий мактабига 2025/2026 ўқув йили учун хотин-қизларга 12 та қўшимча квота ажратилиши натижасида 164 нафар тингловчининг 38 нафари ёки 23 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. 

2025 йилда хотин-қизларнинг 12,4 миллиард сўмлик 21 та стартап лойиҳаси қўллаб-қувватланди.

Сиёсий партиялар томонидан жамиятда “аёл сиёсатчи” образи тўғрисида ижобий фикрни шакллантиришга қаратилган юздан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилиб, 27 мингдан зиёд фуқаролар қамраб олинди.

Ўзбекистонда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди.

Парламентлараро иттифоқнинг Женевада 2025 йил октябрь ойида бўлиб ўтган 151-сессиясида Ўзбекистон парламентларнинг қуйи палаталарида хотин-қизлар фаоллиги бўйича дунёда 15-ўринни эгаллагани қайд этилди. 

Жаҳон банкининг баҳосига кўра Ўзбекистон аёлларнинг иқтисодий ва сиёсий ҳуқуқларини кенгайтиришда энг катта ютуқларга эришган бешта давлат қаторига киритилган. Очиқ гендер маълумотлари (Open Data) индексида эса Ўзбекистон дунёнинг энг яхши 20 та мамлакати рўйхатидан жой олди. Гендер тенглик ва бошқарув индексида мамлакатимиз 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди.

Шунингдек, мажлисда айрим мақсадли кўрсаткичларга эришиш кечикаётганлиги танқидий руҳда муҳокама қилиниб, тегишли вазирлик ва идораларга кўрсатмалар берилди.

Хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини кенгайтириш, меҳнатга ҳақ тўлашда тафовутни камайтириш, хотин-қизларни юқори даромадли молия, IT секторларига кенг жалб қилиш, давлат корхоналарининг ижро органлари, шу жумладан, директорлар кенгаши ва кузатув кенгашларининг таркибида хотин-қизлар улушини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш масаласида шаклланган турли стереотипларнинг олдини олиш ва тегишли меъёрларни аҳоли орасида кенг тарғиб қилиш қамровини кенгайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу Дастур миллий ва халқаро мажбуриятларни бажаришга хизмат қилади. Дастурдаги вазифалар, тадбирлар ўз вақтида амалга оширилиши лозимлиги қайд этилди.

Муҳокама якунида кўриб чиқилган масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шу билан бирга, ялпи мажлисда ижтимоий соҳага ихтисослашган давлат ва хусусий олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижроси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ижтимоий соҳага ихтисослашган 38 та олий таълим муассасасининг 49,2 минг битирувчиси бандлигини таъминлаш бўйича ишларни мониторинг қилиб бориш мақсадида Сенат Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинган. Мазкур қарор билан битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш ишларини ташкил этишга доир манзилли чора-тадбирлар белгилаб олиниб, уларни амалга ошириш ва назорат қилиш бўйича республика, вилоят ҳамда туман (шаҳар)лар кесимида ишчи гуруҳлар тузилган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда масъул республика ижро органлари билан биргаликда ОТМ битирувчиларининг бандлигини ҳудудлар кесимида манзилли мониторинг қилиш платформаси (daw.ihma.uz, my.ihma.uz) ишга туширилиб, унга 49,2 минг битирувчининг маълумотлари киритилган.

Олий Мажлис Сенатига бириктирилган 38 та ОТМдаги “Карьера марказлари” билан тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳамкорлик доирасида битирувчиларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улар билан суҳбатлар ўтказилган ва уларни иш билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилган.

Шунингдек, битирувчилар ва иш берувчилар ўртасида мулоқотлар ташкил этиш бўйича режа-жадваллар тасдиқланиб, республиканинг барча ҳудудларида ёшларни муносиб иш ўринларига жойлаштириш мақсадида битирувчилар ҳамда иш берувчилар ўртасида учрашувлар ўтказилган.

Битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштириш мақсадида маҳаллаларда 300 га яқин меҳнат ярмаркалари ҳам ташкил этилган.

Битирувчиларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўз бизнесини йўлга қўйиш имкониятини яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан “Келажакка қадам” дастури доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 890 нафар битирувчига 44 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлиги таъкидланиб, қайд этилган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан масъул вазирлик ҳамда идораларга тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. 

Муҳокама якунлари бўйича мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган ва аниқ муддатлари ҳамда ижро учун масъуллар белгилаб қўйилган Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Юқори палатанинг ўн учинчи ялпи мажлисида ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва қурилишларни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, парламент сўровида кўтарилган масалалар юзасидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилган. Хусусан, “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида ўзбошимчалик билан қурилган бино ва иншоотларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича автоматлаштирилган тизим яратилиб, ушбу тизим Адлия вазирлигининг “Notarius”, Ички ишлар вазирлигининг “E-maʼmuriy ish”, Олий суднинг “Adolat”, Кадастр агентлигининг “UzKad” ахборот тизимлари билан интеграция қилинган.

Бугун ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бўйича судларга инсон омилисиз тўғридан-тўғри автоматик тарзда даъво киритиш мумкин. Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахслар ҳам онлайн режимда “Огоҳ фуқаро” платформаси орқали ваколатли органга хабар беришлари мумкин.

Шунингдек, Давлат архитектура назорати департаменти ҳамда туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари ходимлари тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини олиш учун аттестациядан ўтказилган ҳамда махсус гувоҳномага эга.

Сўровда кўтарилган масалаларнинг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 сентябрдаги тегишли қарори қабул қилинган. Унга мувофиқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси зиммасига буюртмачининг техник назорати ва лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини ҳамда пудрат ташкилоти ички назорат тизимининг ишлаши устидан давлат назоратини амалга ошириш ва мониторинг қилиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарори билан тасдиқланган 6 та маъмурий регламентга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Жумладан, архитектура режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объектни рўйхатдан ўтказиш ва қурилиш-монтаж ишлари тугалланган объектдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш вазифалари белгиланган.

Бундан ташқари, Архитектура-шаҳарсозлик кенгашларининг фаолияти рақамлаштирилиб, қурилишга доир лойиҳа-смета ҳужжатларини “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали келишиш тартиби жорий этилган.

Сенаторлар амалга оширилган ишлардан ташқари, ўз ечимини кутаётган масалаларга ҳам эътибор қаратди.

Хусусан, халқаро молия институтлари иштирокидаги “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини тасдиқлаш ишлари якунига етказилмаган.

Шунингдек, буюртмачи ҳокимликлар бўлган лойиҳаларда ўзлаштириш ҳажми 2,5 триллион сўм ёки умумий лимитга нисбатан 87,1 фоизни ташкил этган. Жумладан, Хоразм (63,5 %), Тошкент (71,7 %) вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида (73,3 %) паст кўрсаткичлар қайд этилган.

Муҳокама якунида Сенатнинг юқорида кўрсатилган камчиликларни бартараф этишга ҳамда бу борада парламент назоратини олиб боришга қаратилган қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда доривор ўсимликларни етиштириш, қайта ишлаш, уларга квота ажратиш ҳамда соҳада илмий тадқиқотлар олиб бориш юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, парламент сўровида акс этган масалалар бўйича муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, истиқболли хомашёбоп ўсимликларнинг захираларини аниқлаш ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг флора турлари таркибини инвентаризация қилиш бўйича тадқиқотлар олиб борилган. 

34 турдаги доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликларни парвариш қилиш ва маҳсулот етиштириш бўйича намунавий технологик хариталар ишлаб чиқилган.

Ўрмон хўжаликлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари иштирокида кооперация усулида доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар етиштириш, тайёрлаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилган. 

Ўрмон хўжаликларининг 5,9 минг гектар ер майдонида доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар плантациялари барпо этилган.

Табиий ҳолда ўсувчи ёввойи ўсимликларнинг доривор, озиқ-овқатбоп ва техник турларини етиштириш бўйича 114 та тадбиркорлик субъекти томонидан 28,2 минг гектар майдонда питомник ва плантациялар яратилган.

Шу билан бирга, сенаторлар томонидан доривор ўсимликлар хомашёси ва улардан олинадиган маҳсулотларни сертификатлаш ва стандартлаштириш лабораториясини ҳамда юқори авлодли доривор ўсимликларнинг селекцион навларини етиштирувчи элита уруғчилик хўжаликларини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Доривор ўсимликларнинг ёввойи турларидан маданий селекцион нав ва дурагайларга ўтиш, маданий плантацияларни кенгайтириш зарурлиги юзасидан фикрлар билдирилди.

Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сенат ялпи мажлисида вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам муҳокама этилди. 

Таъкидланганидек, парламент сўрови юзасидан Ҳукумат томонидан муайян ишлар амалга оширилган.

Жумладан, 2025 йил давомида “Масъулиятли ота-оналик” дастурлари доирасида 22 минг нафар ота-она ҳамда 30 мингга яқин низоли оилалар ўқитилган. Ўқувларда асосий эътибор ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи, масъулияти ва жавобгарлигига қаратилган.

Шунингдек, ота-оналар масъулиятини оширишга бағишланган 10 га яқин номлардаги ўқув қўлланмалари, 40 дан зиёд тарғибот материаллари тайёрланган.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори бир ойлик минимал истеъмол харажатлари қийматидан кам бўлмаслиги юзасидан қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар тайёрланган.

“Алимент тўловлари” жамғармасини шакллантириш манбалари янада кенгайтирилиб, Мажбурий ижро бюросини ривожлантириш жамғармасининг ҳар ойлик даромадларининг харажатларига нисбатан ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан жамғармага маблағ йўналтириш тизими жорий қилинган.

Шунингдек, алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизими Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ғазначилиги электрон тизими (UzASBO) билан тўлиқ интеграция қилинган.

Марказий банк бошқарувининг “Банк ҳисобварақларини очиш, юритиш ва ёпиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарорига асосан вояга етмаган болалар номига банк ҳисобварағи очишнинг ҳуқуқий асослари белгиланган.

Муҳокамада парламент сўрови доирасида муайян ишлар амалга оширилган бўлса-да, эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар ҳам сақланиб қолаётгани қайд этилди.

Доимий иш жойига эга бўлмаган ёки даромади аниқланмаган алимент тўловчидан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тартибини такомиллаштириш, “Болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашнинг бошқа шаклларининг халқаро тартиби тўғрисида”ги Гаага Конвенциясига қўшилиш, алимент тўловчи ҳақида маълумот бўлмаса, вояга етмаган бола таъминотини ҳал этиш кабилар шулар жумласидандир.

Муҳокама якунида юқоридаги масалаларни ўз ичига олган Сенат қарори қабул қилинди.

Парламент юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорларини тасдиқлаш масаласини ҳам кўриб чиқди ва Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 17 та масала, шу жумладан, 8 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн учинчи ялпи мажлиси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати 

Ахборот хизмати