Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ
7 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ўн тўртинчи ялпи мажлиснинг биринчи иш кунини сенаторлар “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонунни муҳокама қилишдан бошлади.
Мамлакатимизда шаҳарларни замонавий талаблар асосида ривожлантириш, фуқароларнинг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Қонуннинг асосий мақсади аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, сейсмик жиҳатдан хавфли ва жисмонан эскирган биноларни босқичма-босқич янгилаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш ҳамда шаҳар муҳитини замонавий талаблар асосида шакллантиришдан иборат.
Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш жараёнлари очиқ ва шаффоф бўлиши, реновация дастури жамоатчилик учун очиқ бўлган “Шаҳарсозлик реновацияси” электрон платформасига жойлаштирилиши ва оммавий ахборот воситалари ҳамда ваколатли органларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилиши алоҳида белгиланмоқда.
Шу билан бирга, компенсациянинг тўрт хил шакли назарда тутилмоқда. Жумладан, компенсация шаҳарсозлик реновацияси ҳудудидаги янги ёки бошқа жойдаги турар ва нотурар тоифадаги объектни мулк қилиб бериш, пул маблағлари ёхуд келишув битимида назарда тутилган бошқа шакллар орқали амалга оширилади. Компенсация шакли мулкдор ва Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш дирекцияси ўртасидаги келишувга мувофиқ ихтиёрий равишда танланади.
Мулкдорларга етказилган ноқулайликлар учун компенсация миқдорининг ўн икки фоизи миқдорида бир марталик пул маблағлари берилиши белгиланмоқда.
Энг муҳими, тенглик ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг устуворлиги шаҳарсозлик реновациясининг асосий тамойилларидан бири этиб белгиланмоқда. Бундан ташқари, кўчириш ёки вақтинча ижарага чиқиш зарурати юзага келганда фуқаролар тайёр ҳудудга, ногиронлиги бўлган шахслар эса қулай муҳитга эга турар жойларга кўчирилиши назарда тутилмоқда.
Қонунда мулкдорлар ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили белгиланиб, давлат органлари билан ўзаро муносабатларда юзага келадиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдор фойдасига талқин этилиши кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Сенат аъзолари ўз чиқишларида эскирган уй-жой фондини янгилаш ва аҳолига замонавий инфратузилма яратишга қаратилган мазкур қонун шаҳарларимизнинг барқарор ва режали ривожланишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, ялпи мажлисда янги таҳрирдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишларамалга оширилмоқда. Бироқ амалдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермайди.
Янги таҳрирдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуннинг асосий мақсади автомобиль йўлларини ривожлантириш, улардан фойдалаништартибини белгилаш, йўл фаолияти соҳасидаги муносабатларни замонавий талаблар асосида тартибга солишдан иборатдир.
Қонунда автомобиль йўллари соҳасида амал қилиниши шарт бўлган асосий принциплар аниқ белгилаб қўйилмоқда. Яъни, йўллар илмий ҳисоб-китоблар асосида лойиҳаланиши, қарорлар очиқ ва шаффоф бўлиши, энг муҳими, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланиши, табиатга зарар етказилмаслиги ҳамда ҳар бир фуқаро йўллардан тенг ва қулай фойдаланишимкониятига эга бўлиши белгиланмоқда.
Қонунда муҳим янгилик сифатида автомобиль йўллари бепул ёки белгиланган тартибда пулли бўлиши мумкинлиги мустаҳкамланмоқда. Қонунга мувофиқ автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган сифатида Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси белгиланмоқда.
Қонунда йўл ҳаракати хавфсизлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, автомобиль йўлларида сунъий тўсиқлар ва нотекисликлар яратиш тақиқланмоқда, оғир вазнли ва йирик габаритли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши эса фақат махсус рухсатнома асосида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Қонунда пулли йўлларни ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик асосида молиялаштириш, тўловларни автоматлаштирилган тарзда ундириш, фойдаланувчи ва оператор ўртасидаги оммавий шартнома каби муносабатлар тартибга солинмоқда.
Сўзга чиққанлар мазкур қонун нормалари йўлларни асраш, авариялар сонини камайтириш ва инсон ҳаётини муҳофаза қилишга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши, мамлакатимизда йўл инфратузилмаси ривожланишига, ҳаракат тезлиги ортиб, тирбандликлар камайишига, йўл-транспорт ҳодисалари сони қисқаришига замин яратади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шундан сўнг “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Мамлакатимиздаги кўчмас мулк бозори сўнгги йилларда жадал суръатлар билан ривожланмоқда, янги турар жой массивлари барпо этилмоқда, ипотека бозори кенгаймоқда, инвестициявий фаоллик ортиб бормоқда. Шу билан бирга, бозорда норасмий воситачиларнинг кўпайиши,“яширин иқтисодиёт”нинг сақланиб қолиши ва айрим ҳолларда фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилиши каби салбий ҳолатлар ҳам учрамоқда.
Ялпи мажлисда сенаторлар риэлторлик фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг замонавий тенденциялар вақонунчиликдаги ўзгаришларга мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш зарурати юзага келаётганини таъкидладилар.
Мазкур қонунда риэлторлик фаолиятининг асосий принципларибелгиланмоқда, бу қонунийлик, холислик, ҳалоллик, ахборот махфийлиги ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликни ўз ичига олади. Ушбу қоидалар орқали ҳар бир риэлтор ёки кўчмас мулк агенти ўз мижозига ҳалол хизмат кўрсатиш, унинг ишончини оқлаш мажбуриятини олади.
Риэлторлар профессионал жамоат бирлашмаларининг соҳага кириб келиши – ушбу қонун билан киритилаётган нормаларнинг муҳим жиҳатларидан биридир, яъни қонунда жамоат бирлашмалари ўзини ўзи бошқаришнинг асосий механизмларидан бири сифатида белгиланмоқда. Улар сертификатлар беради, риэлторларнинг малакасини баҳолайди ва уларнинг касбий хулқ-атвори устидан назорат олиб боради.
Сенаторлар ўз чиқишларида қайд этганидек, қонуннинг асосий мақсадлари – бизнеснинг “соядан” чиқишини рағбатлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, легал бизнес юритишнинг нуфузини ошириш, яширин иқтисодиётга қарши курашишгакенг жамоатчиликни жалб қилишдир.
Шунингдек, ялпи мажлис давомида сенаторлар мазкур қонун кўчмас мулк бозори иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини самарали ҳимоялашга хизмат қилишини таъкидлади.
Сенаторлар мазкур қонунни маъқуллади.
Ялпи мажлис давомида қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини изчил ислоҳ этиш ҳамда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат – “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, суд-экспертлик фаолияти суд ишларини ҳар томонлама, холис ва адолатли кўриб чиқишда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Суд экспертизаси хулосаларининг илмий асосланганлиги ва ишончлилиги суд қарорларининг қонуний, асосли ва адолатли қабулқилиниши учун муҳим шарт ҳисобланади.
Охирги йилларда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан биргаликда айрим ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжудлиги сенаторлар томонидан алоҳида қайд этилди.
Ушбу қонун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Унда:
– нодавлат суд экспертларининг ҳуқуқий мақоми, уларни ташкил этиш, фаолият йўналишлари белгиланмоқда, шунингдек, нодавлат суд-экспертларига бюро ташкил этган ҳолда якка тартибда фаолият юритишга рухсат берилмоқда;
– адвокатнинг сўровига асосан ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ шартнома асосида давлат ва нодавлат суд экспертлари томонидан тадқиқотлар ўтказиш тартиблари назарда тутилмоқда;
– суд-экспертлик фаолиятининг янада ишончлилигини ошириш мақсадида аккредитация ва валидация институтлари жорий этилмоқда;
– суд-экспертиза муассасалари (ташкилотлари), суд экспертлари ҳамда суд-экспертиза тадқиқотларида фойдаланиладиган услубиётлар рўйхатининг давлат реестрини юритиш йўлга қўйилмоқда;
– давлат суд-экспертиза муассасалари экспертлари ҳамда нодавлат суд экспертлари фаолияти юзасидан эксперт-малака комиссиялари тузилмоқда;
– суд экспертларининг касб-этика қоидалари ва экспертизани ўтказишга доир чекловлар жорий қилинмоқда (экспертнинг яқин қариндоши, нодавлат экспертиза муассасаси мулкдори бўлса ва б.);
– Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ваколатли давлат органи сифатида Адлия вазирлигининг суд-экспертлик соҳасини давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилмоқда;
– нодавлат суд экспертларини бирлаштирувчи, уларга яқиндан кўмаклашувчи Суд экспертлари палатасини ташкил этиш кўзда тутилмоқда;
– суд экспертизасини чет давлатнинг суд экспертларини жалб қилиш орқали ўтказиш механизмлари белгилаб берилмоқда.
Муҳокама давомида сенаторлар таъкидлаганидек, қонуннинг қабул қилиниши суд-экспертлик фаолиятининг мустақиллиги ва шаффофлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг одил судловдан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг ўн тўртинчи ялпи мажлисида “Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги қонун ҳам муҳокама марказида бўлди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда давлат органи ёки мансабдор шахснинг ноқонуний қарори туфайли етказилган зарарни қоплаш ягона қонунчилик ҳужжати билан тартибга солинмасдан, 10 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари билан белгиланган.
Аммо фуқаролар ёки юридик шахсларга етказилган зарарни қоплашда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пул тўловларини амалга оширишнинг аниқ механизмлари мавжуд эмас. Шу боис ушбу соҳадаги муносабатларнинг ва тартиб-таомилларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлаш алоҳида қонун ҳужжатини қабул қилиш заруратини юзага келтирмоқда.
Мазкур қонун юқорида қайд этилган масалаларнинг ҳуқуқий ечими бўлиб, унинг мақсади давлат ҳокимияти ваколатларига эга бўлган органнинг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф фаолияти туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда зарарнинг ўрнини регресс тартибида ундиришни тартибга солишдан иборатдир.
Зарарнинг ўрни қоплаб берилганда ва кейинчалик зарар етказган айбдор шахсга нисбатан қонунга мувофиқ регресс ҳуқуқи юзага келган тақдирда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс фаолият юритаётган ёки муқаддам ишлаган давлат органига талабнома киритиши белгиланмоқда.
Қонунда қонунийлик, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик, очиқлик ва шаффофлик каби асосий принциплар белгиланмоқда.
Бундан ташқари, мулкий зарарларни қоплаш учун ҳудудий мақсадли жамғармалар маблағларини шакллантириш ва уларнинг манбалари аниқ кўрсатилмоқда.
Сенаторлар қайд этганидек, қонуннинг қабул қилиниши қонунга хилоф қарорлар туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши тўғрисидаги фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга ҳамда айбдор мансабдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунингдек, “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Сенаторлар томонидан экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида айрим муаммолар мавжудлиги таъкидланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори камлиги сабабли улар ўзининг сезиларли тарбиявий ва профилактик аҳамиятини бермаяпти.
Маъмурий жарималарнинг мансабдор шахсларга нисбатан қўлланилиши эса корхоналар учун сезиларли молиявий таъсир кўрсатмасдан, мулкдорда “жазосизлик туйғуси” шаклланишига олиб келмоқда.
Амалиётда бундай муаммолар экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун жавобгарликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда.
Қонун билан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Жумладан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун янги боб билан тўлдирилиб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга нисбатан молиявий санкциялар белгиланмоқда.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси (атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик)тўлдирилиб, ёқиш учун мўлжалланмаган жойларда ва (ёки) қурилмаларда ёқилғини, ёқилғи сифатида фойдаланиладиган моддаларни ёки моддалараралашмасини, ёқилғи ҳисобланмайдиган материалларни ва чиқиндиларни очиқ аланга олдириб ёқиш, шунингдек иссиқхоналарда, ишлаб чиқаришбиноларида, ёндириш ускуналарида ёки бошқа объектларда ёқилғи сифатида шиналарни, битумни, мазутни, плёнкани, синтетик картонни, резинани, жун толасини ёқиш ва шунга ўхшаш компонентларни ўз ичига олган чиқиндиларни ёқиш учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинголдини олишга, табиий ресурсларнинг кафолатланган ҳимояланишига, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда давлат экологик назоратини самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан сўнг ялпи мажлисда “Қўриқлаш фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Мазкур ҳужжат жамоат хавфсизлигини таъминлаш, фуқаролар ва ташкилотларнинг мол-мулкини ҳимоя қилиш, шунингдек, қўриқлаш фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини замонавий талабларга мос равишдатакомиллаштиришга қаратилганлиги таъкидланди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ҳамда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Хусусан, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликларни, жумладан, жамоат жойларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш, ноқонуний ов қилиш, дарахтларни кесиш ва бошқа экологик қоидабузарликларни кўриб чиқиш ваколати Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаментинингмасъул ходимларига берилмоқда.
Шунингдек, қўриқлашнинг техник воситаларини лойиҳалаштириш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича рухсатнома бериш ваколатини Ички ишларвазирлигига ўтказиш, тадбиркорлик субъектлари учун эса хабардор қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Муҳокамада сўзга чиққанлар ушбу қонун жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли тинчлиги ва “Инсон қадри – олий қадрият” тамойилиниамалда таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонунда хавфсизликни таъминлашда жазолашга эмас, балки профилактикага ҳамда жамоат тартиби, профилактикава қўриқлаш фаолияти ягона тизим сифатида самарали ишлашига устувор аҳамият берилади.
Сенаторлар қонунни маъқуллади.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати