2024 йил 20 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Сенатнинг эллик еттинчи ялпи мажлисида дастлаб “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда психология соҳасида педагог кадрларни тайёрлаш ҳамда амалиётчи психологлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Республикамизнинг 10 та олий таълим муассасасида “Психология”, 19 та олий таълим муассасасида “Педагогика ва психология” таълим йўналишлари ва мутахассисликлари, олий тиббий таълим муассасаларида “Тиббий психология” ва “Тиббий психотерапия” мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Ҳозирги кунда мактабгача таълим тизимида 2,5 мингдан, умумий ўрта таълим мактабларида 13 мингдан зиёд педагог-психологлар фаолият олиб бормоқда.
Шу билан бирга, психология йўналишида маслаҳат бериш, онлайн ва офлайн форматда ўқув, тренинг, семинарлар ўтказиш орқали хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти ҳам кенг тарқалган.
Қонун билан аҳолига психологик ёрдам кўрсатишнинг асосий принциплари, вазифалари, турлари, шакллари ҳамда стандартлари белгиланмоқда.
Қонунда психологик ёрдам кўрсатиш стандартлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахс раҳбари психология соҳасида олий маълумотга эга бўлиши кераклиги назарда тутилмоқда.
Психологик ёрдам кўрсатиш соҳаси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, бепул психологик ёрдам кўрсатиладиган шахслар тоифаларини аниқлаштириш, аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасидаги профессионал уюшмалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини яратиш кўзда тутиляпти.
Шунингдек, психология йўналишидан бошқа олий маълумотга эга бўлган шахслар хусусий тартибда психологик ёрдам кўрсатиш фаолияти билан шуғулланишдан аввал психология мутахассислиги учун қайта тайёрловдан ўтиши кераклиги белгиланмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс психологик ёрдамни бундай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатиш ёхуд аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаслик учун жавобгарликни назарда тутувчи қўшимча нормалар билан тўлдирилмоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш соҳасининг ҳуқуқий асосларини яратиш, фуқароларнинг психологик ёрдам олишга бўлган эҳтиёжини қондириш, хусусий тарзда амалиёт олиб бораётган психологлар фаолиятининг қонуний амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.
Мазкур қонун билан ер ости бойликларига эгалик қилиш ва уларни тасарруф этиш, шунингдек, ер қаъридан фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза қилиш чоғида юзага келадиган муносабатлар тартибга солинмоқда.
Қонунда қўлланадиган асосий тушунчалар кенгайтирилаётган бўлиб, унда фойдали қазилмаларнинг таснифи, яъни асосий ва норуда фойдали қазилмалар, уларнинг таркиби янада аниқлаштирилмоқда.
Республикамизда ўтказилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида ер қаъридан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат органлари ваколатлари чегаралари аниқлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси, “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” давлат муассасаси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда.
Қонун билан ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномаларни бериш, ҳисоботларни қабул қилиш ва бошқа соҳадаги давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларида “ягона дарча” принципи жорий этилмоқда.
Қонунда соҳанинг инвестициялар жалб этувчанлигини кескин ошириш мақсадида давлат органи назорати остида ер қаъридан фойдаланиш рухсатномасини лицензиат томонидан тасарруф этиш (сотиш, гаровга қўйиш ёки бошқа шахсларга ўтказиш) механизми жорий этилмоқда.
Шунингдек, қонунда юниор компаниялар учун рекогносцировка қилиш (дастлабки геологик ўрганиш босқичи) нормалари алоҳида ажратилмоқда ва геологик ахборотга бўлган мулк ҳуқуқи, инвесторлар томонидан уни алмашиш ва реализация қилиш нормалари такомиллаштирилмоқда.
Қонун билан ер қаъри давлат фонди кадастр тизими янада такомиллаштирилиб, унда углеводород кадастри, кадастр квадрати каби тушунчалар киритилмоқда.
Қонунда углеводородлар йўналиши кескин кучайтирилиб, жумладан, углеводород захираларини аниқлашга, геология-қидирув ишлари ва уларни ўзлаштиришга йирик инвестициялар киритишни жадаллаштириш учун олдиндан дастлабки ўрганиш, яъни рекогносцировка қилиш ишларига алоҳида қулай механизмда рухсатнома бериш тартиби белгиланмоқда.
Қонун билан уран қазиб олиш ва шу билан боғлиқ жараёнда радиациявий хавфсизлик, шунингдек, Халқаро атом энергетикаси (МАГАТЭ) талаблари билан боғлиқ ҳолда қўшимча алоҳида талаблар белгиланмоқда.
Шу билан бирга, қонунда норуда хомашё конларини қидириб топиш ва ўзлаштиришга оид нормалар кучайтирилмоқда.
Норуда қазилмаларни геологик жиҳатдан ўрганиш ва қазиб олиш учун рухсатномалар расмийлаштиришнинг аниқ тартиби ҳамда ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланиб, даврий ва якуний ҳисоботларни тақдим қилиш, қазилмаларни геологик жиҳатдан ўрганиш ҳамда қазиб олишнинг йиллик минимал харажатлари қайд этилмоқда.
Қонунда экология ва атроф-муҳитни келгусида кафолатли асраш мақсадида ер қаъридан фойдаланишда экологик хавфсизликни таъминлашнинг қоидалари, ер қаъридан фойдаланиш оқибатларини бартараф этишнинг талаб ва механизмлари назарда тутилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши республикада ер ости бойликларини масъулият билан геологик жиҳатдан ўрганиш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза этишни замонавий стандартлар асосида самарали ва тизимли йўлга қўйишга хизмат қилади.
Қизғин музокаралардан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сўнгра “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.
Қонун билан Ер кодекси ҳамда қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қонунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкасининг ижарачиси ижарага олиш шартномаси бўйича ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ер участкасидан асосий фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда, ер участкасини ижарага олиш шартномаси муддати доирасида бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкинлиги кўзда тутилмоқда.
Юридик шахсларга электрон онлайн-аукцион, очиқ электрон танлов ёки танлов ўтказмасдан давлат органларининг қарорларига кўра тўғридан-тўғри ижарага берилган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар ва мажбуриятларни бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан беш йилдан кейин йўл қўйилиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи кредит олиш учун гаровга қўйилган ва кредит мажбурияти бажарилмаган тақдирда, кредиторлар томонидан мазкур ер участкаларига бўлган ижара ҳуқуқини ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда онлайн-аукцион орқали реализация қилиш киритилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини жисмоний ва юридик шахсларга беришда шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган электрон онлайн-аукцион савдолари жорий этилишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, ер участкалари ердан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда қайта ижарага берилиши қишлоқ хўжалиги ерларини бозор активига айлантириш имконини яратади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шундан кейин сенаторлар “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни кўриб чиқдилар.
Мазкур қонун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқароларимиз олдидаги масъулиятини ошириш, маҳаллий Кенгашларнинг давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, бошқарувнинг янада шаффоф ва самарали бўлишини таъминлайдиган қатор муҳим ўзгаришларни ўз ичига олади.
Унга кўра ҳоким ва маҳаллий Кенгаш раиси лавозимлари бир-биридан ажратилиб, эндиликда ҳоким маҳаллий Кенгаш раиси бўла олмаслиги белгиланмоқда.
Шунингдек, халқ депутатлари Кенгашларига депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши, уни ваколатлари муддати тугагунига қадар лавозимидан озод қилиш тартиби назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган ҳужжатларни Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги талаб мустаҳкамланмоқда. Бунда ушбу тизимда рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ҳамда ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди.
Қонун билан вилоят, туман, шаҳар ҳокими ваколатлари ва вазифаларига айрим ўзгартиришлар киритилиб, уларга кўра ҳоким ўз номзодини кўриб чиқишда маҳаллий Кенгашга ҳудудни ривожлантириш дастурини тақдим этиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, қонунда маҳаллий Кенгаш раиси ваколатлари ҳам кенгайтирилиб, “Кенгаш сўрови” ва “Кенгаш текшируви” институтлари жорий этилиши назарда тутилмоқда.
Мажлис давомида сенаторлар томонидан ушбу қонун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг янада самарали ва демократик тизимини яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, қонун маҳаллий Кенгашларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органи сифатидаги ролини кучайтириш, ҳокимлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг халқ олдидаги масъулиятини ошириш, ҳудудий муаммоларни янада самарали ҳал этишни таъминлаши қайд этилди.
Қизғин муҳокамадан сўнг қонун бир овоздан маъқулланди.
Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда аҳолининг турли қатламлари орасида соғлом маърифий фаолиятни тарғиб қилиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, ёшлар ўртасида носоғлом маънавий-маърифий хатти-ҳаракатлар кўпайиб, унинг натижасида аҳоли вакиллари, жумладан, ёшлар ва болалар онги, маданияти ва қарашларига бегона бўлган турли ёт ғоялар ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Ўз навбатида, ушбу ҳолатлар бу борадаги ишларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурияти юзага келаётганини намоён қилмоқда.
Шу муносабат билан “Таълим тўғрисида”ги қонунга маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимча киритилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда мазкур фаолият турига қўйиладиган талабларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Хусусан, маърифий фаолиятнинг бундай ҳаракат билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан амалга оширилиши ёхуд қонунчиликда белгиланган чекловларга риоя этмаганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур қонун маърифий фаолиятни амалга ошириш тартиби, шакллари, уни амалга ошириш талаблари ва шартларини, маърифий фаолиятни амалга ошириши тақиқланган шахслар доирасини белгилайди ҳамда жамиятда маърифий фаолиятни амалга оширишда мавжуд муаммо ва тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунингдек, Сенатнинг 57-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда йўл ҳаракати қоидаларини янада такомиллаштириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, ҳайдовчилар ва пиёдаларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш маданиятини ошириш, йўл ҳаракатининг ташкил этилишини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди.
Натижада жорий йилнинг 6 ойи давомида республикадаги умумий йўл-транспорт ҳодисалари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга, ўлим билан боғлиқ ҳодисалар 1,1 фоизга, тан жароҳати билан боғлиқ ҳолатлар 9,2 фоизга камайишига эришилди.
Муҳокама этилган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ҳамон сақланиб қолаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш ва аҳолига қулайлик яратиш ҳамда қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш мақсадида ўзгартиришлар киритилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддаси олтинчи қисм билан тўлдирилиб, унда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида фуқарони хабардор этиш ва чора кўриш билан боғлиқ янги норма киритилмоқда.
Бунда йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда тез тиббий ёрдамга ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматларига муҳтож фуқароларимизга ушбу ёрдам ва хизматлар зудлик билан кўрсатилишини таъминлаш мақсадида тез тиббий ёрдам ҳамда ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситалари катта тезликда ёки йўл белгиларига риоя этмай ҳаракатланиши билан боғлиқ ҳолатлар мавжуд.
Бундай ҳолатлар, ўз навбатида, автоматлаштирилган фото ва видео техник воситалар орқали қайд этилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддасига асосан юқорида кўрсатилган ҳолат юзага келган ҳолларда, тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмалари хизматлари томонидан хизмат вазифаларини бажарганликларини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда, маъмурий иш МЖтКнинг 271-моддаси асосида тугатилиши белгиланган.
Муҳокама қилинган қонун орқали амалиётга киритилаётган ўзгартиришларга асосан тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши талаби бекор қилинмоқда.
Қайд этиш жоиз, Тошкент шаҳрида 2023 йил июнь ойидан бошлаб ўтказилган рейд тадбирларида индивидуал ҳаракатланиш воситалари бошқарувчилари томонидан 200 дан ортиқ йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги аниқланган.
Шу сабабли скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун, жумладан, скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, шунингдек, индивидуал ҳаракатланиш воситаларининг ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Қонун билан йўл-патруль хизмати ходимларининг хизматни ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаши мумкинлигини назарда тутувчи ваколати бекор қилинмоқда.
Йўлларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан, бугунги кунда юк автотранспорт воситалари билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари сони ҳанузгача юқорилигича қолмоқда, оқибатда эса ҳалок бўлганлар ва жароҳат олган фуқароларнинг сони ҳам кам эмас.
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида юк автомобилларига фақат чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш учун йўлнинг четки чап қаторини эгаллашга рухсат этилиб, бошқа ҳолларда чап қаторда ҳаракатланиш тақиқланган.
Ушбу қоидабузарлик учун амалдаги қонунчиликда жазо чоралари белгиланмаганлиги сабабли аксарият ҳолларда ҳайдовчилар йўлларнинг чап қаторларида бемалол ҳаракатланишмоқда ва бу ҳолат автомобиль йўлларида тирбандликларга ва авария ҳолатлари содир бўлишига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, 2024 йилнинг ўтган 7 ойида юк автотранспорт воситалари билан боғлиқ 303 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани оқибатида 108 нафар фуқаро ҳалок бўлган, 227 нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Айнан шу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда қонунда юк автомобиллари йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатланганлиги (рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно) учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
Парламент аъзоларининг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга, шунингдек, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида “Оилавий (маиший) зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун қизғин муҳокама қилинди.
Мазкур қонун Жаҳон банкининг тавсияси асосида болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чоралари самарадорлигини ошириш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳит яхшиланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди.
Таъкидланганидек, ушбу вазифалар юзасидан 2023 йил сентябрь ойида Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилган эди.
ЖССТнинг маълумотига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Тазйиқ ва зўравонлик оқибатида ўлим келиб чиққан ҳолларнинг 38 фоизида унинг турмуш ўртоғи ёки у билан бирга рўзғор қуриб яшаётган шахснинг айби бўлади.
2023 йил ва жорий йилнинг май ойига қадар содир этилган 894 та оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг 55,6 фоизи, яъни 506 таси тарафлар ярашганлиги муносабати билан тугатилган. Қолган 44,4 фоизи, яъни 388 таси бўйича суд томонидан тегишли жазолар тайинланган.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 1261-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш нормаси билан тўлдирилмоқда. Шунингдек, оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги аризани суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида эмас, суд муҳокамаси пайтида бериш тартиби жорий қилинмоқда.
Яъни оилавий (маиший) зўравонлик бўйича ишлар юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза фақат ишни судда кўриш жараёнида, суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд маслаҳатхонага киришидан олдин берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишига, тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахснинг хулқига кўрсатиладиган ижобий таъсирнинг кучи янада ортишига, болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашининг олдини олиш чораларининг самарадорлигини ошириш ҳамда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни, шунингдек, хотин-қизлар ҳуқуқларига оид халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати