Ватанимиз тарихидаги 18 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
Май ойининг учинчи якшанбаси – Ўзбекистон Республикаси кон-металлургия саноати ходимлари куни. Ушбу кун мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда кон-металлургия саноатининг аҳамияти муҳимлигини эътиборга олиб, кўп минг кишилик жамоаларининг кон-металлургия саноатини ривожлантириш ҳамда кадрлар тайёрлашга қўшган ҳиссаларини қайд этган ҳолда 2001 йил 12 майдаги қонун асосида белгиланган. Мазкур соҳа ходимлари ўз касб байрамларини илк бор ўша йили 20 майда нишонлаганлар.
1906 йил (бундан 119 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори Деан Субботич Туркистон шаҳрида жойлашган Аҳмад Яссавий масжидини таъмирлаш учун зарур маблағ ажратишга ёрдам беришни сўраб, Император археология ҳайъатига мурожаат қилди. Бироқ уч ойдан сўнг унинг ўрнини Николай Гродеков эгаллади. Император Археология ҳайъатининг раиси граф А.Бобринский Туркистон генерал-губернатори вазифасини бажарувчиси Н.Гродековга 1906 йил 14 декабрда ёзган хатида собиқ Туркистон генерал-губернаторнинг илтимоси бўйича қуйидагиларни баён этади:
“Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра бу иш учун 40–50 минг сўм талаб қилинади. Ўз бюджетида қадимги буюмларни таъмирлаш учун етарли маблағ бўлмаганлиги сабабли Император археология ҳайъати бадиий академия, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа бу масалага манфаатдор ташкилотлар билан бирга илмий асосда таъмирлаш масаласини муҳокама қилиши мумкин, лекин масжидни таъмирлашга моддий ёрдам кўрсата олмайди. Албатта, ҳайъат таъмирлаш учун зарур миқдордаги пулни сўраб ҳукуматга мурожаат қилиши мумкин, аммо ҳозирги вақтда бундай илтимоснинг муваффақиятли ҳал бўлишига ҳеч қандай умид йўқ”.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Ёш хиваликлар партиясининг етакчилари Ҳусайнбек Матмурод девонбеги ўғли, Исҳоқхўжа Иброхимхўжа ўғли, Абдусаломхўжа Исломхўжа ўғли, Толиб Махсум Авазхўжа ўғли Хива хони буйруғи билан Жунаидхоннинг ўғли Эшши (Эшим) томонидан қумда Қурткўл деган жойда қатл қилинди.
1943 йил (бундан 82 йил олдин) – Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитаси бюроси қарори асосида Марказий Қўмита аппаратида хотин-қизлар ўртасида ишлар бўйича бўлим ва бўлим мудири, вилоят, шаҳар ва туман партия қўмиталарида ҳам хотин-қизлар бўлими лавозими жорий этилди.
1943 йил (бундан 82 йил олдин) – Тошкент вилоятидаги Бўка, Самарқанд вилоятидаги Иштихон туманлари ташкил этилди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бўка номи айрим топонимчиларнинг фикрича, туркий халқларнинг бир уруғи бўка (бўке) номидан олинган деб тахмин қилинади. Бундан ташқари туркийчада “зўр”, “кучли”, “паҳлавон” маъноларини англатувчи бўка сўзи тарихда турли анъанавий байрам ва тантанали маросимлар чоғида ўтказиладиган паҳлавонлар мусобақасида қатнашувчи курашчи, полвон маъноларини ҳам англатади.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбeкистон Рeспубликаси ҳудудида жойлашган ҳаво-дeсант қўшинлари, ҳарбий-транспорт авиацияси, развeдка ва таъминот қисмлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Сурхондарё вилоятидаги Бандихон тумани ташкил этилди. Туман ҳудудида бир қанча қадимги қўрғон қолдиқлари топилган. Булардан энг йириги милоддан аввалги иккинчи – биринчи асрларга оид Бандихон қўрғони ҳисобланади. У археологлар томонидан 1973 йилда аниқланган.
1993 йил (бундан 32 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вена конвенцияси ва Монреал протоколида ўзининг иштироки бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларини тасдиқлади ва мазкур ҳужжатларга қўшилишдан келиб чиқувчи мажбуриятларни ўз бўйнига олди. Тарихчи Шерали Аллабергановнинг қайд этишича, Ўзбекистон Вена конвенцияси ва Монреал протоколи доирасида белгиланган мажбуриятларни бажарган бўлиб, 99,9 фоиз азон қатламини емирувчи моддалар муомаладан чиқарилган. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озонни муҳофаза қилиш котибияти томонидан алоҳида эътироф этилган.
2001 йил (бундан 24 йил олдин) – Шаҳрисабздаги Амир Темур номидаги маданият музейида рамзий Тинчлик устунининг ўрнатилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қувайт Давлатида Ўзбекистон Республикасининг элчихонасини очиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2005 йил (бундан 20 йил олдин) – қатор нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташаббуси билан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ташкил этилди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони, “«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Тошкент шаҳрида кичик саноат зоналарини ташкил этиш тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Буюк ипак йўли» халқаро фольклор мусиқа фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли иқтисодиёт ва «Электрон ҳукумат» тизими инфратузилмаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисида” махсус резолюция қабул қилинди. Ушбу резолюцияни ишлаб чиқишда АҚШ, Россия, Хитой, Туркия, Озарбайжон каби дунёдаги нуфузли давлатлар, жами 50 мамлакат ҳаммуаллиф сифатида иштирок этгани бу ташаббус жаҳон ҳамжамиятида қандай катта кизиқиш уйғотганидан далолат беради.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА