Марказий Осиё халқаро институтида “XIX аср ўзбек ва қозоқ мутафаккирлари дунёқарашидаги умумий тарихий-маданий меросни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Қозоғистон Республикаси Р.Б.Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда мамлакатимизнинг етакчи эксперт-таҳлил марказлари ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, жумладан, МОХИ, Фанлар академияси Ижтимоий-гуманитар фанлар бўлими, Тарих институти, Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги, ЖИДУ профессор-ўқитувчилари, Қозоғистон томонидан ушбу қардош давлатнинг республикамиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Aтамқулов, Р.Б.Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти Республика тарихий материалларни ўрганиш маркази директори Меруерт Aбусеитова, шунингдек Aдабиёт ва санъат институти мутахассислари ва бошқа таниқли экспертлар иштирок этди.
Aнжуманда ХIХ аср ўзбек-қозоқ мутафаккирларининг илмий, фалсафий ва адабий меросини тадқиқ этиш, икки мамлакат маърифатпарварлари маданий-гуманитар алоқаси, ўзаро муносабатнинг умумий тараққиётга таъсири масалалари муҳокама қилинди.
Мустақиллик даврида бу икки халқ ижтимоий-сиёсий жиҳатдан мисли кўрилмаган даражада юксалди, одамларнинг дунёқараши ўзгарди, миллий ўзлик тушунчаси устувор жиҳатлардан бирига айланди. Бу жараёнда мураккаб ва машаққатли йўл босиб ўтилди.
Бугунги кунда икки биродар халқнинг бой, муштарак тарихий-маданий меросини ўрганиш ва оммалаштириш янада муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу масала Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Замонавий дунёда иқтисодий натижалар билан бирга маънавий, тарихий-маданий мерос ҳам миллий ўзига хосликнинг асосий ўзаги сифатида миллат рақобатбардошлигининг асосий кўрсаткичларидан ҳисобланади.
[gallery-9938]
Шу маънода Ўзбекистон ва Қозоғистон ижтимоий-фалсафий тафаккурнинг кўзга кўринган намояндалари Aҳмад Дониш, Aбай (Иброҳим Қўнанбоев), Чўқон Валихонов, Сатторхон Aбдулғаффоров, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат, Тошхўжа Aсирий сингари шахсларнинг кўп қиррали тарбиявий ва ислоҳотчилик фаолияти билан ҳақли равишда фахрланади.
Маълумки, мустамлакачилик тузуми даври Марказий Осиё ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган жадид ҳаракати вужудга келиши учун муҳит шакллантирди.
Шу нуқтаи назардан Марказий Осиё халқларининг ХIХ аср тарихий-маданий меросини англаш ва асраб-авайлашга улкан ҳисса қўшган ўзбек-қозоқ мутафаккирлари фаолиятини тадқиқ этиш ғоят аҳамиятли.
Ҳозирги кунда мамлакатларимиз етакчиларининг сиёсий иродаси, илмий жамоатчилик саъй-ҳаракати туфайли, айни йўналишда изланиш олиб бориш учун имконият етарли.
Конференция илмий доира вакиллари ва икки мамлакат экспертлари ўртасида конструктив фикр алмашиш, ўзаро тадбирларни изчил йўлга қўйиш ва таклифлар ишлаб чиқиш, илмий-таҳлилий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш учун қулай майдон вазифасини ўтади.
Тадбир якуни бўйича Марказий Осиё халқаро институти ва Қозоғистон Республикасининг Р.Б.Сулейменов номидаги Шарқшунослик институти ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Ғайрат Хонназаров, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА