Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари азалий дўстлик, яхши қўшничилик тамойилига асосланган. Ҳар икки давлат минтақавий шериклик кун тартибини изчил ривожлантирмоқда. Бу жараёнда бутун минтақанинг барқарорлиги ва фаровонлигига алоҳида эътибор қаратилади.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, бугун Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит вужудга келган, дейиш мумкин. Минтақа халқаро дипломатия, маданий алмашинув, сиёсий фаоллик ва иқтисодий ривожланишнинг янги маркази сифатида шаклланмоқда, десак муболаға эмас.
Яқинда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридаги ўзбек этномаданий бирлашмалари “Дўстлик” ҳамжамияти томонидан Сайрам даҳасида жойлашган 4-сонли болалар мусиқа мактабида ташкил этилган тадбирда юртимиз делегацияси ҳам қатнашди.

Учрашув аввалида мактаб директори Шокир Умаров ҳамда Қозоғистон ўзбеклари ҳамжамияти қошидаги илмий кенгаш аъзоси, профессор Салимжон Ғаниев халқларимизнинг маданий яқинлиги, айниқса сўнгги йилларда ўзаро борди-келди жадаллашгани ҳақида гапириб, санъат ва таълим соҳаларидаги алоқаларини янада кучайтириш лозимлигини таъкидладилар.

– Ўзбек ва қозоқ халқлари Марказий Осиёнинг қадим тамаддуни ворислари сифатида аждодлар анъанаси, қадрияти, маданий-маънавий меросини асраб-авайлаб келмоқда, – дейди Ш.Умаров ЎзА мухбирига. – Ушбу муҳим омил икки давлат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда. Тарихий риштани мустаҳкамлашга ҳудудларда истиқомат қилаётган ўзбек ва қозоқ қардошлар ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Эътиборли жиҳати, Қозоғистонда ўзбеклар ўз она тилини асраб-авайлаши учун барча шароит яратилган.
Қайд этиш жоиз, бундай йиғинлар икки халқнинг шонли ўтмиши ва бугунги кунига ўзаро қизиқишни яққол намоён этади.

Самимий мулоқот руҳида кечган давра суҳбатида Қозоғистон Халқ Ассамблеясининг Ўзбекистондаги дўстлик элчиси, филология фанлари доктори, профессор Ҳулкар Ҳамроева халқларимиз ўтмишда бир-бирига таянч бўлиб, қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтгани, бугун эса умумий келажакни ҳам биргаликда бунёд этаётганига алоҳида урғу берди.
– Буюк уйғониш, янгиланиш ва бунёдкорлик жараёнини бошдан кечираётган ўзбек ва қозоқ халқлари азал-азалдан миллий ва умуминсоний қадриятларни муштарак ҳис қилиб келади, асраб-авайлайди, – дейди Ҳ.Ҳамроева. – Айниқса, кейинги йилларда ҳар қандай шароитда ҳам бир-бирининг аҳволидан хабардор бўлиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш маънавий-руҳий, ижтимоий жиҳатдан муҳим мезон сифатида намоён бўлмоқда.
2018 йил Қозоғистонда “Ўзбекистон йили”, 2019 йил диёримизда “Қозоғистон йили” нишонланган. Ушбу муҳим анжуманлар доирасида театр ва фольклор жамоалари, эстрада хонандаларининг ўзаро ижодий сафарлари уюштирилган. Хусусан, Олмаотада ўзбек адабиёти кунлари, Тараз, Чимкент, Қизилўрда, Туркистон шаҳарларида ўзбек киноси кунлари ўтказилган. Қардош юртда буюк бобомиз Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги кенг нишонланди.

Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, республикамизда қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий мероси чуқур ўрганиляпти. Бугунги ижодий учрашув ҳам янги тарихий кун сифатида теран алоқаларимизни ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Табиийки, ҳамкорликни янада мустаҳкамлашда адабиёт ва санъатнинг ўрни алоҳида. Мактаб ўқувчиларнинг ўзбек мумтоз мусиқасига қизиқишини кўриб, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти вокал кафедраси доценти, хонанда Азиз Ражабий ёшлар билан қизғин суҳбатга киришиб кетди. Уларнинг саволларига батафсил жавоб қайтариб, бўлажак санъаткорларга маҳорат дарси ўтди.

– Миллатлар, мамлакатларни бир-бирига яқинлаштирадиган омиллар кўп, адабиёт ва санъат ҳам айнан шундай вазифани бажаради, – деди Азиз Ражабий. – Санъат буюк кучи, қудрати, сеҳри билан инсоннинг барча орзулари ва мақсадларини фақат эзгуликка йўналтиради. Шу маънода бу ҳудуддаги ўзбек диаспораси вакилларининг миллатимиз тақдири учун куйинчаклигини кўриб, уларни ҳақиқий замонавий жадидларга қиёслагим келди.

Бундай ижодий учрашувлар санъат, фан ва таълим соҳалари вакилларига ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш учун янги уфқлар очади. Маданиятларимиз бир-бирини бойитиши, халқларимиз янада жипслашишига хизмат қилади.
Дарҳақиқат, маданий-адабий тадбирлар ўсиб келаётган ёш авлод учун маънавий озуқа, дейиш мумкин. Давра суҳбати якунида ёш ижрочиларнинг Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ижодий сафарини уюштириш масаласи муҳокама қилинди. Меҳмонлар мазкур мусиқа мактаби кутубхонасига санъат ва маданиятга оид нодир китоблар совға қилишди.

Ўткир Алимов, ЎзА
Чимкент, Қозоғистон