
Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон энергетика вазирлари ҳамда Жаҳон банки вакиллари Қамбарота ГЭС-1 барпо этилиши ташаббусини амалга ошириш жараёни муҳокамаси учун Тошкентда тўпланди.
– Ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг барча мамлакатларига беқиёс фойда келтиради, “яшил” иқтисодиёт ғоясини илгари суриш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш орқали минтақавий энергия хавфсизлигини мустаҳкамлайди, – деди мамлакатимиз энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек қурилажак мажмуа халқаро молия институтлари ва тараққиёт бўйича ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотганини таъкидлаб, шундай деди:
– Минтақавий шерикликни мустаҳкамлаш, бутун Марказий Осиёнинг узоқ муддатли ривожланишига кўмаклашишдаги улкан салоҳиятини ҳисобга олиб, Қамбарота 1-гидро электр станциясини “Аср лойиҳаси” дейиш мумкин. Тошкент учрашуви 2024 йил Вена, Брюссель ва Вашингтонда бўлиб ўтган мулоқотлар туркумини давом эттирмоқда. Ушбу музокаралар умумий ишимизни мувофиқлаштириш, лойиҳани тезлаштириш, зарур халқаро кўмак жалб қилишга ёрдам беради.

Қозоғистон Республикаси энергетика вазири ўринбосари Сунгат Есимханов сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганига эътибор қаратиб, айни жипслик минтақада узоқ муддатли барқарорликни таъминлаши, мамлакатларимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётини рағбатлантириши учун асос эканини қайд этди.
– Биз уч мамлакат ҳукуматларини барқарор энергетика келажагини таъминлаш, иқтисодий ўсишни жадаллаштириш, фуқаролар ҳаёт сифатини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатда қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз, – деди ўз навбатида Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Татьяна Проскурякова. – Ҳозир бошқа халқаро ҳамкорлар билан бирга Қамбарота ГЭС-1 ташаббусини ҳаётга татбиқ этиш учун зарур маблағни топиш йўлида ишлаяпмиз.

Учрашувда томонлар лойиҳани биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш билан боғлиқ муҳим тамойиллар бўйича келишувга эришди. Асосий босқичлар белгиланиб, режалар тасдиқланди. Шунингдек, амалий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳамкорлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш учун вазирлар даражасида, халқаро донорлар иштирокида мунтазам мулоқотлар ўтказиш муҳимлиги қайд этилди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА