Ўзбекистон – Қирғизистон: олий таълим соҳасида ҳамкорлик
Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан Ўзбекистон – Қирғизистон ректорларининг II форуми ташкил этилди.
“Замонавий босқичда Ўзбекистон ва Қирғизистонда олий таълим ва фанни ривожлантириш хусусиятлари” мавзусидаги анжуманда Қирғизистон Республикаси Таълим ва фан вазири Догдуркул Кендирбаева бошчилигидаги қўшни давлатнинг 30 га яқин олий таълим муассасалари ректорлари ва мамлакатимиздаги 30 дан ортиқ олий ўқув юрти раҳбарлари, вазирлик, идоралар масъуллари қатнашмоқда.
Форум аввалида Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Қирғизистон таълим ва фан вазири Кендирбаева Догдуркул сўзга чиқиб, икки давлат раҳбарларининг фаол ташқи сиёсати туфайли Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳар томонлама ривожланиб бораётгани, бу таълим соҳасида ҳам ўз аксини топаётганини таъкидлади.
[gallery-18294]
– Бугун икки давлат олий ўқув юртлари фаол ҳамкорликка киришди, – деди Қўнғиротбой Шарипов. – Энди профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, ўзаро ўқув жараёнларини ташкил қилиш, таълим сифатини ошириш, стажировка ўташ, малака ошириш ва илмий фаолиятдаги ҳамкорликни ривожлантиришга эътибор қаратиш зарур. Бугунги каби конференция, семинар ва форумларнинг ўтказилиши ўзаро тажриба алмашиш, университетларимиз ўртасидаги дўстона ва касбий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳамкорликнинг кейинги муҳим йўналишлари қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, қўшма илмий тадқиқотлар бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси мамлакатларимизга жамият олдида турган мураккаб вазифаларни биргаликда ҳал этиш ва барқарор ривожланишни таъминлаш имконини беради.
Қирғизистон таълим ва фан вазири Догдуркул Кендирбаева биргаликдаги саъй-ҳаракатлар олий таълим ва илм-фан соҳасида янги ютуқ ва муваффақиятларга олиб келишига ишонч билдирди.
– Биз умумий фаровонлик йўлида ҳамкорликни сақлаб, мустаҳкамлашда давом этишимиз керак, – деди у.
Бугунги кунда мамлакатимиз олий ўқув юртлари Қирғизистон университетлари билан 120 га яқин шартнома ва меморандум имзолаган. Ўзбекистон Миллий университети, Фарғона ва Андижон давлат университетлари, Тошкент кимё-технология институти, Наманган қурилиш институти, Қирғизистон томонидан Ўш давлат университети, Қирғиз-Ўзбек университети, Талас давлат университети, Қирғизистон давлат техника университети ва Боткент давлат университетлари ўртасида фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Ўқитувчилар алмашинуви дастури доирасида Қирғизистон олий ўқув юртларидан 100 яқин мутахассис Ўзбекистон миллий университети, Самарқанд давлат университети, Наманган муҳандислик-технология институти, Андижон машинасозлик институти, Урганч давлат университети, Бухоро давлат тиббиёт институти, Навоий кон-технология университетида фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда хорижлик абитуриентларни, шу жумладан қўшни Қирғизистон фуқароларини ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш учун қулай шароит яратиш мақсадида республикамиздаги олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиш уларнинг касбий қизиқишлари ва шахсий мотивациясини аниқлаш мақсадида фақат суҳбат орқали амалга оширилмоқда.
Конференцияда икки мамлакатнинг етакчи олий таълим муассасалари ректорлари сўзга чиқиб, бугун энг асосий мақсад юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимининг барқарор ривожланишига эришиш экани, бунинг учун эса энг аввало, меҳнат бозорида энг кўп талаб қилинадиган йўналиш ва мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашда алоқаларни янада кенгайтириш лозимлигини қайд этди. Бунда, шунингдек, илғор хорижий тажрибалар асосида олий таълим сифатини ошириш, ўқув дастурларини мунтазам такомиллаштириш ва замонавий педагогик технологияларни жорий этиб бориш муҳимлиги таъкидланди. Академик мобиллик, қўшма илмий ва инновацион тадқиқотлар ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш, профессор-ўқитувчилар малакасини оширишни кенгайтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.
Форумда икки мамлакат олий таълим муассасалари ҳамкорлигида туризм, геология, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, рақамлаштириш ва сунъий интеллект йўналишларида кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Конференция ўз ишини шўъба йиғилишларида давом эттирди. Музокараларда “Таълимни бошқариш сифатини ошириш”, “Тиббий таълим соҳадаги янги технологиялар”, “Рақамлаштириш ва сунъий интеллект: олий таълимни ишлаб чиқариш трансформацияси” мавзуларидаги долзарб масалалар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди.
Форум доирасида ректорлар томонидан профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви, ўқув жараёнларини биргаликда ташкил қилиш, малака ошириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш юзасидан англашув меморандуми, битим ва йўл хариталари имзоланиши, Ўзбекистон ва Қирғизистон олий таълим муассасалари ректорларининг II форуми резолюцияси қабул қилиниши кўзда тутилган.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари