Ўзбекистон прокуратураси: кеча, бугун ва эртага
Тошкентда “Ўзбекистон прокуратураси: кеча, бугун ва эртага» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида ташкил этилган тадбирда халқаро ташкилотлар ва мамлакатимиздаги элчихоналар, хорижий давлатларнинг прокуратура органлари, ўқув ва илмий-тадқиқот муассасалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий Мажлис, суд ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан асос солинган тараққиётимизнинг янги босқичида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат манфаатларининг том маънодаги ҳимоячисига, қонун устуворлиги ва адолат тантанасини таъминлашнинг муҳим воситасига айланиб бораётган прокуратура тизимининг узоқ йиллик тарихи, бугунги қизғин ҳамда кенг кўламли фаолиятининг ўзига хос ривожланиш босқичларига тўхталиб ўтди.
Шунингдек, илк маротаба мустақил давлатнинг прокуратураси сифатида эътироф этилган ва бу мақоми қонуний тарзда мустаҳкамланганига 30 йил бўлган прокуратура органлари тизимининг миллий давлатчилигимизнинг олис тарихи билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидлаб ўтилди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори А.Саидов, Халқаро прокурорлар ассоциацияси президенти Чхол-Кю Хван, МДҲ давлатларининг Бош прокурорлари Мувофиқлаштирувчи кенгаши ижрочи котиби В.Зимин, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, адлия вазири Р.Давлетов сўзга чиқди.
Тадбирда халқаро ташкилотлар вакиллари, хусусан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Пер фон Аркс, БМТ ГЖБ Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси дастури координатори К.Маркверинг, «Минтақавий мулоқот» ХННТ директори М.Север, БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М.Мамедзаде, Ўзбекистондаги БМТ таълим, фан ва маданият ишлари бўйича ташкилоти (UNESCO) вакили А.Макаригакис иштирокчиларни Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги билан муборакбод этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш борасидаги вазифаларини амалга оширишда ҳамкорликни давом эттиришига тайёр эканликларини билдирди.
«Прокуратуранинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ва фаолиятини ривожлантириш истиқболлари» мавзусидаги ялпи сессияда Бош прокурор ўринбосари Э.Юлдашев Ўзбекистон прокуратурасининг тарихи, бугуни ва ривожланиш истиқболлари борасида атрофлича тўхталиб ўтди.
Бундан ташқари, Европа прокурорлари маслаҳат кенгаши президенти, Испания Бош прокурорининг атроф-муҳит ва ер бошқаруви бўйича ўринбосари А.Ногуэра, Озарбайжон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Э.Жамалов, Қирғизистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари К.Токтакунов прокуратуранинг ташкилий-ҳуқуқий ва институционал асослари, фаолиятни ташкил қилиш ва амалга оширишнинг долзарб масалалари борасидаги тажриба билан ўртоқлашди.
Тадбир давомида шунингдек, «Прокуратура органларининг фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, давлат ва жамият манфаатлари ҳимоясини таъминлашдаги роли» ҳамда «Прокуратура органларининг жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятидаги ўрни» мавзуларида параллель сессиялар бўлиб ўтди. Унда хорижий давлатларнинг прокуратура органлари, ўқув ва илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, шунингдек, миллий мутахассислар ҳамда экспертлар маъруза қилди.
Сессиялар доирасида кўриб чиқилган масалалар атрофида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди.
Шу билан бирга, конференцияга тадқиқот ишларини олиб бораётган олимлар, тадқиқотчи ва амалиётчи ходимлар ҳам кенг жалб қилиниб, прокуратура органлари фаолиятини такомиллаштириш, шу жумладан, «Прокуратура тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқишда илғор хорижий тажрибани ҳамда халқаро мутахассисларнинг тавсияларини ўрганиб чиқиш белгиланди.
Мазкур конференция Ўзбекистон прокуратура органларининг ўтган йиллардаги фаолияти таҳлили асосида истиқболдаги устувор вазифаларни ва уларни
самарали ижро этишга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Н. Абдураимова, ЎзА