
Покистон ва Ўзбекистон муносабатлари дин, тарих ва маданият муштараклигига асосланади. Ўзбек ва урду тилларида уч мингдан ортиқ умумий сўз мавжудлиги ўзаро алмашинув бу икки давлат жаҳон харитасида суверен давлат сифатида пайдо бўлишидан кўра анча қадимий ва чуқур эканлигидан далолат.
Эътиборга молик жиҳат шуки, мавжуд алоқалар сўнгги йилларда жадал ривожланмоқда. Хусусан, таълим соҳасидаги шерикдик изчил кенгаймоқда. Масалан, Панжоб университетида “Бобур мероси маркази”, Пешовар университетида ўзбек тили ва маданиятини ўрганиш бўйича “Алишер Навоий маркази” очилган. Бунга ҳамоҳанг тарзда Тошкент давлат шарқшунослик университетида талабаларга урду тили, адабиёти, Покистон тарихи ва маданияти бўйича таълим берилади. ТДШУ доценти Муҳайё Абдураҳмонова урду тилини Ўзбекистонда тарғиб қилиш ҳамда Покистон ва Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Tamg‘a-e imtiyoz” (“Буюк хизматлари учун”) ордени билан мукофотлангани кўп йиллик теран ришталар мустаҳкамлигини тасдиқлайди.
Маълумки, Ўзбекистон Покистоннинг Марказий Осиёдаги энг йирик иқдисодий ҳамкори сифатида минтақада биринчи бўлиб 17 банд бўйича икки томонлама транзит савдо битими (UPTTA) ва икки томонлама имтиёзли савдо битими (PTA)ни имзолаган.
Покистон денгиз портлари орқали савдони осонлаштирадиган кўп миллиард долларлик лойиҳа – 760 километрлик Трансафғон темир йўли Термиз шаҳрини Афғонистон орқали денгиз портлари билан боғлайди. 4,8 миллиард долларга баҳоланган мазкур ташаббус ҳаётга татбиқ этилиши билан босиб ўтиладиган муайян масофа вақти автомобиль транспортига нисбатан тахминан 30 фоиз қисқаради.
2023 йил 17 июль куни Афғонистон, Ўзбекистон ва Покистон темир йўл тизими раҳбарларининг 13-уч томонлама учрашуви чоғида “Термиз – Мозори Шариф – Шошпул – Лаҳор – Карачи” йўналиши ҳам муҳокама марказида бўлди. Ушбу темир йўл Покистоннинг Россияга транспорт харажатини 15-20 фоиз камайтиради. Ўзбекистон эса икки асосий сабаб туфайли “Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўлини афзал кўради: биринчидан денгизга чиқиш учун энг қисқа йўл, иккинчидан Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон йўлагини Европа ва Жанубий Осиё билан боғлайди.
Бошқа омиллар қатори АҚШ – Эрон рақобати сабаб Ўзбекистон хавфсиз ўтиш йўлларини хоҳлайди, албатта. Шу боис Тошкент Эрон портлари билан боғланиш учун соҳага улкан сармоя киритмоқда. “Бандар Аббос – Тошкент” савдода фойдаланиладиган асосий порт. Ушбу лойиҳалар амалга ошгач, ҳар икки давлат салмоқди фойда кўра бошлайди.
Покистоннинг Марказий Осиёга нисбатан стратегик сиёсати кенг қамровли беш мақсадни ифодалайди: савдо-сотиқни ривожлантириш, мустаҳкам сиёсий алоқа ўрнатиш, сармоя киритиш ва энергетика соҳасида ҳамкорлик қилиш, мудофаа ва хавфсизликни таъминлаш ҳамда халқлар ўртасидаги муносабатни мустаҳкамлаш.
Маълумки, Шаҳбоз Шарифнинг Покистон Ислом Республикаси Бош вазири сифатида мамлакатимизга илк ташрифи 2022 йил бўлиб ўтган ШҲТ Самарқанд саммитига тўғри келган. Анжуманда иштирок этиш миллий, минтақавий ва глобал муаммоларга Покистон нуқтаи назарини тақдим этиш учун муҳим имконият яратган эди. Бинобарин, айнан шу саммит доирасида Шаҳбоз Шариф илк бор Ўзбекистон, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Эрон, Озарбайжон, Беларусь ва Туркия давлат раҳбарлари билан учрашувлар ўтказган.
Умуман, давлатларимиз ўртасидаги муносабат муштарак манфаатга асосланган ривожланишнинг мутлақо янги, самарали босқичига кирган, дейиш мумкин.
Сардор Раҳимов,
Тошкент давлат шарқшунослик университети магистранти