Яқинда пойтахтимизда Ўзбекистон – Покистон бизнес форуми ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Покистоннинг Равалпинди Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Йиғинда саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, логистика, қурилиш, ахборот технологиялари ва туризм соҳаларида фаолият юритувчи 300 га яқин тадбиркор иштирок этди.

Конференцияни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Алишер Шайхов, Равалпинди Савдо-саноат палатаси президенти Умар Шавкат ва бошқа мутасаддилар кириш сўзи билан очиб берди.

Томонлар иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши, қўшма лойиҳаларни кенгайтириш ва тўғридан-тўғри ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлашди. Юртимизнинг инвестициявий имкониятлари ва хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида тақдимотлар ўтказилди.

Форум доирасида B2B ва B2G учрашувлар ташкил этилиб, қўшма ишлаб чиқариш, савдо-сотиқ ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Анжуман якунида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Равалпинди Савдо-саноат палатаси ўртасида, Равалпинди Савдо-саноат палатаси ва “Sky Electric” ўртасида, шунингдек, “Caraway Pharmaceuticals” ва “Perfect Future Medicine”, “Neutrics Global” (Pvt) Ltd ва “ANT Group”, “Pak World Trade & Expo Centre” ва “BMCA” ўрталарида қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Ушбу ҳужжатлар икки мамлакат тадбиркорлик доиралари ўртасида узоқ муддатли стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш ва иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
М.Пирматова, ЎзА