Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклиги янги босқичда
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабати Марказий Осиё ҳамда Кавказ минтақасидаги энг тез суръатда ривожланаётган стратегик шериклик форматларидан бирига айланди.
Илгари асосан маданий яқинлик ва дипломатик мулоқот доирасида намоён бўлган икки томонлама алоқалар бугун мутлақо янги геосиёсий мазмун касб этмоқда. Энди гап фақат икки қардош давлат муносабати эмас, балки Евросиё маконида шаклланаётган янги транспорт-энергетик архитектуранинг муҳим устунлари ҳақида бормоқда.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев мавзуни таҳлил қиларкан, жаҳонда глобал логистика занжири ўзгараётган, анъанавий савдо йўлаклари геосиёсий хавф таъсирида қайта шаклланаётган бир пайт Тошкент ва Боку ўзаро яқинлашувни стратегик даражага кўтараётганига урғу берди. Айниқса, Ўрта йўлак – Транскаспий халқаро транспорт йўлаги фаоллашуви икки мамлакат муносабатига мутлақо янги иқтисодий ва сиёсий аҳамият бахш этди. Бугун Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ишлаб чиқариш ва транзит марказига айланишни мақсад қилган бўлса, Озарбайжон Каспий орқали Европа бозорига чиқишда ҳал қилувчи логистик хаб сифатида ўз позициясини мустаҳкамламоқда .Мутахассислар фикрича, 2017 йилдан кейин Ўзбекистон ташқи сиёсати очиқ ва прагматик йўналишга ўтиши икки давлат муносабатида бурилиш нуқтаси бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган минтақавий очилиш сиёсати Боку билан алоқаларни фаоллаштирди ва аввал фақат декларатив тусда бўлган ҳамкорлик амалиётга кўча бошлади. Шу даврдан эътиборан юқори даражадаги ташрифлар мунтазам тус олди, стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди, иқтисодиёт, транспорт соҳаларида қатор йирик келишувларга эришилди .Аслида Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабати мустаҳкамланиши ортида бир неча чуқур омил мавжуд.
Биринчи – цивилизацион яқинлик. Икки халқни тил, маданият, тарихий хотира ва туркийлик бирлаштириб туради. Яъни, муносабат фақат манфаат асосида эмас, балки ўзаро ишонч муҳитида қурилмоқда. Иккинчи – ташқи сиёсатдаги ўхшаш ёндашув. Ҳар икки давлат кўп векторли сиёсатни қўллаб-қувватлайди, ташқи кучлар таъсиридан нисбатан мустақил ҳаракат қилишга интилмоқда ва миллий манфаатга асосланган прагматик ташқи иқтисодий моделни шакллантирмоқда.
Бугунги кунда муносабатларнинг асосий драйвери иқтисодий прагматизм ҳисобланади. Сўнгги йилларда товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробар ошди. 2017 йил ўзаро савдо қиймати 100 миллион доллардан кам бўлган, ҳозир 500 миллион долларга яқинлашган бу кўрсаткични томонлар яқин йилларда 1 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Бу рақамлар шунчаки статистика эмас, икки давлат иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради. Ўзбекистон Озарбайжонга қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва кимё саноати маҳсулотлари экспорт қилмоқда. Озарбайжон эса нефт-кимё, қурилиш материаллари ва энергетика соҳасидаги маҳсулотлар билан жавоб қайтармоқда.
Яна бир муҳим жиҳат – ўзаро муносабат энди оддий савдо ҳамкорлиги доирасидан чиқиб, инфратузилмавий иттифоққа айланмоқда. Хусусан, Ўрта йўлак лойиҳаси доирасида Ўзбекистоннинг Каспий орқали Европа бозорига чиқиш имконияти кенгаймоқда. Бунда Боку порти ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Озарбайжон ўзини Шарқ ва Ғарбни боғловчи транзит марказ сифатида намоён этяпти, Ўзбекистон эса Марказий Осиёнинг асосий экспорт платформасига айланишга интилмоқда. Манфаатлар уйғунлиги ҳамкорликни янада чуқурлаштирмоқда.
Муносабат фақат иқтисодиёт билан чекланмаяпти. Икки давлат Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам яқин шерикликни йўлга қўйган. Бу ташкилот сўнгги йилларда маданий майдондан сиёсий-иқтисодий платформага айланмоқда. Тошкент ва Боку айнан шу майдонда транспорт интеграцияси, энергетика хавфсизлиги, рақамли иқтисодиёт ва гуманитар ҳамкорлик бўйича умумий кун тартибини илгари сурмоқда.
Мутахассислар фикрича, келаси босқичда Ўзбекистон – Озарбайжон шериклиги уч йўналишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Биринчиси – транспорт геосиёсати. Яъни, Хитойдан Европагача бўлган янги савдо йўлида икки давлатнинг ролини ошириш. Иккинчиси – “яшил” энергетика. Марказий Осиёда ишлаб чиқарилаётган қайта тикланувчи энергияни Каспий орқали Европа бозорига етказиш ғояси Тошкент ва Бокуни стратегик энергетик ҳамкорларга айлантиради. Учинчиси – рақамли интеграция. Кибер хавфсизлик, электрон ҳукумат ва IT-инфратузилма соҳаларида ҳамкорлик янги технологик ўқни шакллантириши эҳтимоли юқори .Эътиборли томони шундаки, Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабати МДҲ маконидаги кўплаб иттифоқлардан фарқли равишда мафкуравий эмас, амалий асосда ривожланмоқда.
Бу жараёнда сиёсий декларациядан кўра, кўпроқ инфратузилма, инвестиция, транзит ва технология устувор. Айнан шу жиҳат икки давлат шериклигини барқарор ва узоқ муддатли форматга айлантирмоқда.
Ўрта йўлакдан “яшил” энергетикагача Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатининг бугунги босқичи оддий дипломатик яқинлашувдан анча юқорига кўтарилди. Энди икки давлат нафақат сиёсий шерик, балки Евросиёда шаклланаётган янги геоиқтисодий тизимнинг муҳим иштирокчилари сифатида кўрилади. Айниқса, транспорт йўлаклари, энергетика ва рақамли иқтисодиёт соҳаларидаги ҳамкорлик муносабатларга мутлақо янги стратегик мазмун бермоқда .Сўнгги йилларда логистика хавфсизлиги дунё бўйлаб жиддий муаммога айланди.
Россия – Украина уруши, Қизил денгиздаги хавф ва глобал савдо занжиридаги узилиш давлатларни янги транспорт йўналишлари излашга мажбур қилди. Шундай шароитда Ўрта йўлак лойиҳаси халқаро иқтисодий тизимнинг энг муҳим муқобил йўлларидан бири сифатида олдинга чиқди. Бу йўналиш Хитой – Марказий Осиё – Каспий денгизи – Кавказ – Туркия – Европа занжири орқали ўтади. Мазкур тизимда Ўзбекистон ишлаб чиқариш ва юк шакллантириш маркази бўлса, Озарбайжон Каспий орқали асосий транзит хаб вазифасини бажаради.
Бокудаги Алят халқаро денгиз порти мазкур стратегия юрагига айланмоқда. Энди Марказий Осиёдан келаётган юк Кавказ ва Европа томон йўналтирилмоқда. Ўзбекистон эса контейнер ташуви ҳажмини ошириш орқали ушбу йўлакдаги иштирокини кучайтиряпти. Бу жараён нафақат иқтисодий, балки сиёсий аҳамиятга ҳам эга. Зеро, транспорт йўлаклари XXI асрда геосиёсий таъсир воситасига айланиб улгурди. Логистикани назорат қилган томон минтақавий иқтисодий жараёнга таъсир кўрсатиш имконига эга бўлади .Тошкент ва Боку муносабатидаги яна бир муҳим йўналиш энергетика ҳамкорлигидир. Ҳозирча алоқа тўлиқ шаклланиб улгурмаган бу соҳанинг истиқболи жуда катта. Нефть ва газ экспорти бўйича минтақанинг энг муҳим ўйинчиларидан бири саналадиган Озарбайжоннинг Европа энергетика бозоридаги роли йил сайин ортмоқда.
Ўзбекистон эса табиий ресурслар билан бирга қайта тикланувчи энергия соҳасида улкан салоҳиятга эга давлат .“Яшил энергетика йўлаги” лойиҳасига кўра, Марказий Осиёда ишлаб чиқарилган қуёш ва шамол энергияси Каспий орқали Озарбайжон ва Грузия йўналиши билан Европа бозорига узатилиши мумкин. Агар бу лойиҳа амалга ошса, Ўзбекистон биринчи марта Европа энергетика хавфсизлиги тизимида муҳим иштирокчига айланади. Озарбайжон эса нефть-газ давлатидан ташқари “яшил” энергия транзити маркази мақомини ҳам қўлга киритади.
Икки давлат муносабатининг яна бир муҳим хусусияти – рақамли трансформация соҳасидаги яқинлашув. Озарбайжон электрон ҳукумати ва “ақлли шаҳар” тизимини жорий қилишда бой тажриба тўплаган. Ўзбекистон эса “Рақамли Ўзбекистон-2030” дастури орқали давлат бошқарувини тубдан модернизация қилишга киришган. Шу нуқтаи назардан IT, сунъий интеллект, кибер хавфсизлик ва молия технологияси соҳаларидаги ҳамкорлик икки давлат муносабатининг янги драйверига айланиши мумкин.
Гуманитар ва маданий яқинлик ҳам сиёсий шерикликни мустаҳкамлаётган муҳим омилдир. Навоий ва Низомий мероси, туркий цивилизацияга мансублик, умумий тарихий хотира икки халқ ўртасидаги ишонч муҳитини кучайтиряпти. Айниқса, талабалар алмашинуви, қўшма таълим дастурлари ва маданий форумлар келажакда янги элита ва экспертлар авлодини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Умумий манзарага қаралса, Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабати туркий дунёдаги энг истиқболли стратегик шерикликка айланмоқда. Бу ҳамкорликнинг асосий устунлиги қуруқ сиёсий баёнотларга эмас, балки транспорт, энергетика, инвестиция ва технология каби аниқ манфаатларга таянганида. Шу жиҳатдан Тошкент ва Боку яқин йилларда нафақат минтақавий, балки кенг Евросиё маконида ҳам муҳим геоиқтисодий ўққа айланиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА