Ўзбекистон – Озарбайжон: Иттифоқчиликдан янги геоиқтисодий имкониятлар сари
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон муносабатлари тарихий-маданий яқинлик доирасидан чиқиб, сиёсий, иқтисодий, инвестицион, транспорт-логистика, энергетика ва гуманитар соҳаларни қамраб олган стратегик иттифоқчиликка айланди.
2024 йилда стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларациянинг қабул қилиниши, 2025 йилда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши ҳамда 2023 йилда ташкил этилган Олий давлатлараро кенгаш икки томонлама муносабатларнинг институционал асосини мустаҳкамлади.
Бу жараённи фақат Тошкент ва Боку ўртасидаги яқинлашув сифатида баҳолаш етарли эмас. Икки давлатнинг географик ўрни, иқтисодий салоҳияти ва ташқи савдо манфаатлари уларни Марказий Осиё, Каспий ҳавзаси ва Жанубий Кавказни боғловчи кенгроқ геоиқтисодий жараённинг муҳим иштирокчиларига айлантирмоқда. Шу маънода, Тошкент-Боку муносабатлари икки томонлама ҳамкорликдан минтақалараро боғлиқликни шакллантирувчи механизмга айланиб бормоқда.
Тошкент-Боку муносабатларининг янги босқичида сиёсий ишонч аниқ иқтисодий лойиҳалар билан тўлдирилмоқда. Икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш 2025 йил якунларига кўра уч баробардан зиёд ошиб, 795 миллион долларга етди. 2026 йилнинг январь-май ойларида савдо айланмасининг яна 33 фоизга ўсиши ижобий динамика сақланаётганини кўрсатади.
Бироқ муносабатларнинг иқтисодий мазмунини савдо ҳажми билан ўлчаш чекланган ёндашув бўлади. Тошкент ва Боку инвестиция, саноат кооперацияси, қўшма ишлаб чиқариш ва технологик ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон–Озарбайжон қўшма инвестиция компанияси янги лойиҳаларни молиялаштириш учун муҳим механизмга айланмоқда.
Автомобилсозлик, нефть-газ, нефть-кимё, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва туризм соҳаларидаги лойиҳалар икки мамлакат иқтисодиётларининг ўзаро тўлдирувчанлигини кучайтирмоқда. Озарбайжонда Chevrolet ва Isuzu автомобиллари ҳамда автобусларини биргаликда ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилаётгани саноат кооперациясининг амалий натижаларидан биридир. Кейинги босқичда асосий масала қўшма корхоналар сонини оширишдан кўра, қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш ва икки мамлакат маҳсулотларини учинчи бозорларга чиқаришдан иборат бўлади.
2030 йилгача товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш вазифаси ҳам шу нуқтаи назардан муҳим. Бу кўрсаткич икки давлат иқтисодий муносабатларининг реал натижасини баҳолаш мезонларидан бирига айланади.
Ҳамкорликнинг янги тармоқлари
Тошкент-Боку яқинлашувининг энг катта стратегик потенциали транспорт-логистика соҳасида намоён бўлмоқда. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг марказий қисмида, Озарбайжон эса Каспийнинг ғарбий соҳилида жойлашган. Шу географик ҳолат икки давлатни Хитойдан Марказий Осиё орқали Кавказ ва Европа бозорларига чиқувчи транспорт тизимининг муҳим бўғинларига айлантиради.
2025 йилда икки мамлакат ўртасидаги транзит юклар ҳажмининг 1,4 миллион тоннага етгани бу йўналишнинг амалий аҳамияти ошиб бораётганини кўрсатади.
Хитой-Қозоғистон-Каспий-Озарбайжон йўналишига қўшимча равишда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлининг ривожланиши Марказий Осиёни Каспий транспорт тизими билан янада яқин боғлаш имконини беради. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўналишининг кейинги босқичларда Туркманистон ва Каспий орқали Озарбайжонга уланиши Ўрта йўлак географиясини кенгайтириши мумкин.
Бу ерда Ўзбекистон учун асосий стратегик масала ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш, Европа бозорларига муқобил чиқиш имкониятларини кўпайтириш ва логистик харажатларни камайтиришдир. Озарбайжон учун эса Марказий Осиёдан келадиган юк оқимларини Европа транспорт тармоқлари билан боғловчи транзит маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш муҳим.
Шу сабабли Ўрта йўлакни оддий транспорт маршрути сифатида баҳолаш етарли эмас. У Марказий Осиёнинг ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилиш, экспорт хавфсизлигини ошириш ва Каспий–Жанубий Кавказ йўналишининг иқтисодий аҳамиятини кучайтириш воситасига айланмоқда.
Тошкент-Боку яқинлашувининг яна бир муҳим йўналиши энергетика соҳасидир. Нефть-газ соҳасидаги ҳамкорлик билан бир қаторда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва электр энергиясини минтақалараро узатиш масалалари кун тартибига чиқмоқда.
Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон иштирокидаги яшил энергетика коридори ташаббуси Марказий Осиёда ишлаб чиқарилган қайта тикланувчи электр энергиясини Каспий орқали Озарбайжонга, кейинчалик Кавказ ва Европа энергетика тизимларига етказиш истиқболини яратади.
Агар бундай лойиҳалар техник ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқласа, Каспий денгизи фақат товарлар ҳаракати учун транспорт ҳудуди эмас, турли энергетика оқимларини боғловчи коммуникация маконига ҳам айланиши мумкин. Бу эса Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги геоиқтисодий боғлиқликни янада чуқурлаштиради.
Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ мулоқотининг кенгайиши
Озарбайжоннинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашуви форматида иштирок этиши ҳам муҳим сиёсий тенденцияни акс эттиради. Буни шартли равишда “C5”дан “C6”га ўтиш деб талқин қилиш мумкин, аммо масаланинг моҳияти формал форматдан кўра кенгроқдир.
Аслида, бу жараён Марказий Осиёнинг ташқи минтақавий ҳамкорлик географияси кенгайиб бораётганини кўрсатади. Каспийнинг ғарбий соҳилида жойлашган Озарбайжон Марказий Осиё давлатлари билан транспорт, савдо, энергетика ва инвестиция масалаларини мунтазам сиёсий мулоқот доирасида муҳокама қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
Бу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида. Тошкентнинг Боку билан иттифоқчилиги Марказий Осиёнинг умумий ташқи иқтисодий манфаатлари билан уйғунлашмоқда. Натижада икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик минтақалараро коммуникацияларни ривожлантирувчи кенгроқ тармоқнинг бир қисмига айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Каспий ҳавзаси, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги чегаралар тобора кўпроқ геоиқтисодий мазмун касб этмоқда. Бу маконни ягона сиёсий бирлик сифатида эмас, ўзаро боғланган транспорт, энергетика, савдо ва инвестиция тармоқлари шаклланаётган ҳудуд сифатида кўриш тўғрироқ.
Тошкент-Боку яқинлашуви Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик жараёнлари билан ҳам уйғунлашмоқда. Умумий тарих ва маданий мерос сиёсий мулоқот учун замин яратса, бугунги кун муносабатларининг асосий мазмуни иқтисодий ва институционал кооперация билан белгиланмоқда.
Амалда кузатилаётган тенденция иқтисодий манфаатлар, инфратузилма ва институционал ҳамкорликнинг босқичма-босқич бир-бирига боғланишидан иборат бўлмоқда. Транспорт, инвестиция, энергетика, таълим, рақамлаштириш ва савдо соҳаларидаги лойиҳалар туркий давлатлар ўртасидаги амалий алоқаларни кучайтирмоқда. Тошкент ва Боку бу жараёнда Марказий Осиё билан Жанубий Кавказни яқинлаштирувчи муҳим бўғин вазифасини бажармоқда.
Тошкент-Боку муносабатларининг барқарор асосларидан бири маданий яқинликдир. Умумий тарих, тил, мусиқа, адабиёт ва ижтимоий қадриятлар икки халқ ўртасидаги табиий яқинликни кучайтириб келган. Бугун бу яқинлик маданият кунлари, таълим дастурлари, китоблар таржимаси, медиа форумлар, экспертлар алмашинуви ва шаҳарлараро ҳамкорлик каби институционал шаклларга эга бўлмоқда.
Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган 960 ўринли Мирзо Улуғбек номидаги мактаб каби лойиҳалар гуманитар дипломатиянинг амалий кўринишидир. Боку марказида Ўзбекистон боғи ва Тошкентда Озарбайжон боғи ташкил этилиши каби ташаббуслар ҳам икки мамлакат муносабатларининг рамзий ва жамоатчилик даражасидаги аҳамиятини оширмоқда.
Экспертлар, журналистлар, олимлар, профессор-ўқитувчилар ва маданият вакилларининг ўзаро ташрифлари эса муносабатларнинг ижтимоий базасини кенгайтирмоқда. Бундай тармоқлар ҳамкорликнинг узоқ муддатли барқарорлигини таъминловчи омил бўлиши мумкин.
Янги минтақавий архитектуранинг таянч нуқтаси
Ўзбекистон-Озарбайжон иттифоқчилиги давр синовларидан ўтган анъанавий дўстлик ёки икки томонлама сиёсий яқинликка асосланади. Бугунги кунда икки томонлама ҳамкорлик транспорт, инвестиция, энергетика ва гуманитар алоқаларни бирлаштирувчи кўп қатламли тизимга айланмоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг иқтисодий ва демографик жиҳатдан муҳим марказларидан бири бўлса, Озарбайжон Каспий орқали Жанубий Кавказ ва Европа билан боғловчи транспорт-энергетика нуқтасидир. Уларнинг салоҳиятини бирлаштириш Марказий Осиё-Каспий-Жанубий Кавказ-Европа йўналишидаги иқтисодий алоқаларни сезиларли даражада кучайтириши мумкин.
Энг муҳими, Тошкент-Боку яқинлашуви икки давлатнинг ташқи сиёсатидаги алоҳида йўналиш бўлиб қолмаяпти. У Марказий Осиёнинг ташқи иқтисодий алоқаларини диверсификация қилиш, Каспий орқали янги транспорт ва энергетика йўналишларини ривожлантириш ҳамда Жанубий Кавказ билан институционал алоқаларни чуқурлаштириш жараёнлари билан уйғунлашмоқда.
Шу маънода, Ўзбекистон-Озарбайжон иттифоқчилик муносабатларини Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасида янги геоиқтисодий боғлиқликни яратаётган стратегик таянч сифатида баҳолаш мумкин. Транспорт, инвестиция, энергетика ва саноат лойиҳалари тизимли асосда амалга оширилиши истиқболда икки давлат муносабатларининг янги босқичга олиб чиқиши ҳамда минтақавий боғлиқликнинг муҳим элементларидан бирига айланиши мумкин.
Мухтор Назиров,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси доценти,
сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори