Ўзбекистон-Озарбайжон: ипак гиламчилик ривожланади
Маълумки, яқиндагина Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микаил Жаббаров бошчилигидаги делегация аъзолари Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида бўлиб, қўмита раиси Баҳром Шарипов ва «Яйлов хўжалигини ривожлантириш» ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмалари масъул ходимлари ўртасида амалий мулоқот ташкил этилган эди.
Ҳамкорлик масалаларига бағишланган мазкур учрашувдаги келишувларга кўра, Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Абдурашид Абдуллаев бошчилигидаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси вакиллари Озарбайжонга жўнаб кетди. Делегация аъзолари «Азерхалча» тўқувчилик корхонасида бўлиб корхона фаолияти билан танишди.
«Азерхалча» корхонаси раҳбари Эмин Эфендиев меҳмонларга Озарбайжон пиллачилигининг ижтимоий ўрни, мамлакат иқтисодиётига кўрсатаётган имкониятлари ва ипакдан гилам тайёрлашнинг Озарбайжонча усуллари ҳақида маълумот берди.
Учрашув давомида келгусида пиллани кўпайтириш, унинг сифат даражасини ошириш, тут плантациясининг яратилиши, пиллачиликни механизациялаш, ипак гиламлар тўқиш ҳажмини ошириш ҳамда ипакчилик соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар борасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА