Ўзбекистон от спорти тарихида муҳим воқеа
Германиянинг Аахен шаҳридаги жаҳон чемпионати от спорти тарихида Ўзбекистон учун янги саҳифа очди.
Германиянинг Аахен шаҳрида от спортининг конкур йўналиши бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада дунёнинг энг кучли чавандозлари жаҳон чемпионлиги учун баҳс олиб борди.
Ушбу чемпионат Ўзбекистон от спорти вакиллари учун ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Мамлакатимиз шарафини мазкур нуфузли мусобақада илк бор икки нафар спортчи — Бекзод Қурбонов ва Абдураҳмон Абдуллаев ҳимоя қилди. Бекзод Қурбонов “Matts VG”, Абдураҳмон Абдуллаев эса “Caballone” лақабли отлар билан баҳсларда иштирок этди. Вакилларимизнинг жаҳон чемпионатида майдонга чиқиши халқаро миқёсдаги муҳим тажриба бўлди.
Мусобақа дастурида баландлиги 165 сантиметргача бўлган тўсиқлардан сакрашни ўз ичига олган мураккаб йўналишлар бўйича баҳслар ўтказилди. Спортчилар нафақат шахсий маҳорат, балки от билан ўзаро уйғунлик ва аниқ ҳаракатларни ҳам намойиш этди.

Чемпионатнинг якуний натижасига кўра, Швейцария вакили Стив Герда “Dynamix de Belheme” лақабли оти билан жаҳон чемпионига айланди. Бельгиялик Тибо Спитс “Impress-K van’t Kattenheye Z” номли тулпорида кумуш медалга сазовор бўлди. Буюк Британия вакили Гарри Чарльз эса “LT Holst Freda” лақабли оти билан бронза медалини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА