Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитанинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш доирасида “Ўзбекистон – Мўғулистон дўстлик жамияти” таъсисчиларининг биринчи мажлиси ҳам ўтказилди. Анжуманда қўмита мутахассисларидан ташқари, хориждаги ватандошлар масалалари билан шуғулланадиган масъул идора ва ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этди.
Тадбирда жамиятнинг асосий мақсад ва вазифалари атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, икки давлат ўртасида иқтисодиёт, илм-фан, таълим, маданият ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида алоқаларни кенгайтириш, тажриба алмашиш, икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг йўналиш ва тамойиллари белгилаб олинди. Шу билан бирга, маданий-гуманитар алоқаларни кучайтириш, жамоатчилик ўртасида ўзаро тушуниш ва дўстлик руҳини қарор топтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот сўнгида таъсисчиларнинг якдил қарори билан Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов Ўзбекистон – Мўғулистон дўстлик жамияти раиси этиб сайланди.
Малумки, дўстлик жамиятлари мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Улар орқали икки халқ вакиллари ўзаро яқинлашади, маданий ва маънавий мулоқот йўлга қўйилади, иқтисодий ва илмий ҳамкорликка кенг имконият яратилади. Шунингдек, жамиятлар ёшлар ўртасида дўстлик руҳини кучайтириш, тарихий ва маънавий меросни тарғиб қилиш, турли ижтимоий-маданий ташаббусларни амалга оширишда ҳам катта аҳамият касб этади.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Мўғулистон ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим ва бошқа кўплаб соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиб, қатор натижаларга эришилмоқда. Барча даражадаги мулоқот ва алмашинувлар фаоллашган, товар айирбошлаш кўрсаткичлари изчил ўсиб бормоқда.
Янги ташкил этилган дўстлик жамияти эса мазкур йўналишлардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаб, Ўзбекистон ва Мўғулистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик кўпригига айланиши кутилмоқда.
Икром Аввалбоев, ЎзА мухбири