Она еримизда ранг-баранг наботот ва ҳайвонот олами мавжуд. Лекин глобал экологик муаммолар сабабли улар сони йил сайин камайиб бормоқда.
Шу боис нуфузли халқаро ташкилотлар уларни асраш, кўпайтириш ва ўрганишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар олиб боряпти.
Ўзбекистон ҳудуди хилма -хил ўсимликларга бой. Уларни асраш, кўпайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Фанлар академияси 22 май – Халқаро биологик хилма-хиллик куни муносабати билан Ботаника институти Ўзбекистон Миллий гербарийсига пресс-тур ташкил этди.
– Шуни фахр билан айтиш жоизки, Ўзбекистон Миллий гербарийси Марказий Осиёда ягона, Осиё минтақасида тўртинчи, дунё миқёсида эса биринчи ўттизталик таркибига киради, – деди ЎзФА Ботаника институти Ўзбекистон флораси лабораторияси мудири, академик Комил Тожибоев. –Унда 1830-1835 йилдан бошлаб тўпланган бир ярим миллиондан ортиқ гербарий намунаси сақланади. Унда ўн мингга яқин ўсимлик тури сақланади. Шунинг 4 ярим мингдан зиёди ўзимизда ўсади. Ҳудудимиздан терилган дастлабки намуналар 1900-1905 йилларга тўғри келади. Унинг яна бир ноёб жиҳати шундан иборатки, фан учун янги, деб топилган уч мингдан ортиқ ўсимлик турининг илк намуналари ҳам шу ердан ўрин олган. Ва улар бугунги кунда тўлиқ рақамлаштирилди.
Пресс-турда берилган маълумотларга кўра, айни пайтда Ўзбекистон Миллий гербарий намуналарини рақамли форматга ўтказиш ишлари жадал олиб бориляпти. Шу пайтгача ички имкониятлар ҳисобидан гербарий намуналарининг 25 фоизи рақамлаштирилди. Гербарий намуналаридаги ёрлиқларни маълумотлар базасига киритиш устида иш олиб борилмоқда. Намуналар сони ҳар йили 7-8 мингга кўпайяпти. Хитой илмий тадқиқот институти билан ҳамкорликда Марказий Осиё ва Хитой гербарийларининг ягона электрон тармоғини ташкил этишга қаратилган янги лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.
Ўзбекистон миллий флорасининг дастлабки нашри 1941-1963 йилларда чоп этилган. У ўз ичига фан учун маълум бўлган 3 минг 663 турни қамраб олган. Айни кунда флорамиз таркибидаги турлар хилма-хиллиги 4 минг 380 дан зиёд. Шу боис 2016-2019 йиллар давомида Ўзбекистон флорасининг учта жилди чоп этилди, 4- ва 5-жилди нашрга тайёрланди. Уни тайёрлашда Финляндия, Россия, Қирғизистон, Жанубий Корея, Германия мамлакатлари олимлари жалб этилди. Бу лойиҳа кўлами жиҳатдан МДҲда ягона ҳисобланади.
[gallery-2501]
Ўзбекистон Миллий гербарийси бугунги кунда Россия Фанлар академияси Ботаника институти, Москва давлат университети гербарийси, Томск давлат университети, Жанубий Сибирь Ботаника боғи, Хитой Фанлар академияси институтлари, Урумчи ва Кунмин шаҳарларидаги Ботаника институтлари, Корея Миллий Арборетуми ҳамда Кореядаги бошқа бир қатор миллий университетлар билан ҳамкорлик ўрнатган. Грайсфальд университети (Германия) билан ҳамкорликда қўшма лойиҳа амалга ошириляпти.
Пресс-тур иштирокчилари Ботаника боғида “Global Allium Garden” халқаро дастури доирасида ташкил этилган Ўзбекистон-Хитой пиёзлар боғини саёҳат қилди. Боғда нафақат пиёзлар туркумига мансуб ўсимликлар, балки лола, гулсафсар ва ширачалар ҳам ўрин олган. У асосан Марказий Осиёдаги ёввойи пиёзларни ўрганиш ва сақлаб қолишга ихтисослашган.
Ўзбекистон флорасида пиёзнинг 130 дан ортиқ тури мавжуд. Улар орасида манзарали, доривор ва ноёб эндем турлари ҳам бор. Бундан ташқари, боғда Маркази Осиё, Хитой, Эрон, Кавказ ва Ўрта Ер денгизи флорасига мансуб юздан ортиқ тури парвариш қилинмоқда.
Пресс-тур жараёнида мутахассис ва олимлар оммавий ахборот воситалари вакиллари саволларига жавоб берди
И. Нусратов, ЎзА