Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон МДҲдаги энг хавфсиз давлатга айланди

25 октябрь – Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ходимлари куни

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов бундан беш йил аввал жиноятдан ҳоли ҳудудга айланган маҳаллалар улуши 13 фоиздан ошмаган бўлса, бугунги кунда шундай маҳаллалар сони 4,5 мингдан зиёдни ташкил этаётганини қайд этди.

Шу даврда ҳар 100 минг аҳолига нисбатан жиноятлар сони эса қарийб бир ярим бараварга (229 тадан 182 тага) камайди ва бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳудудида энг хавфсиз давлат ҳисобланади.

Бу, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, тизимни халқчил тизимга айлантириш бўйича кўрилаётган чоралар натижасидир. Биринчи навбатда 85 фоиз ички ишлар органлари ходимлари қуйи тизимга туширилди ва халққа яқинлаштирилди.

- Ҳар бир маҳаллага ўзининг профилактика инспектори ажратилиб, уларнинг сони 5,5 мингдан 10 минг нафаргача оширилди, - дейди П.Бобожонов. 

- Ўз навбатида, ҳар бир профилактика инспектори маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот бўйича ўринбосарига айланди, уларнинг хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ ваколатлари кенгайди. Соҳага илғор технологиялар, шу жумладан, маъмурий ҳуқуқбузарликни қайд этувчи планшетлар, бодикамера, интернет тармоғига уланган компьютерлар татбиқ этилди. 

Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича “Смарт маҳалла” дастури яратилди. Профилактика инспекторларининг фаолияти аҳолининг кунлик муаммолари ва кунлик эҳтиёжлари билан туну кун ишлайдиган тизим сифатида шаклланди, десак, тўғри бўлади.

Бундан ташқари, оила ва хотин-қизлар муаммолари бўйича ишлашда яқиндан кўмак берувчи 362 нафар аёл инспектор, маҳаллаларда 1,1 минг нафар инспектор-психолог ва 360 нафар вояга етмаганлар масалалари бўйича инспекторларнинг фаолияти йўлга қўйилди.

Криминоген вазиятни холисона таҳлил қилиш, жиноятларни яширмаслик мақсадида, ходимлар ташаббуси билан аниқланадиган жиноятларни ижобий натижа сифатида баҳолаш тизимига ўтилди.

Барча ҳудудларда жиноятлар секторлар кесимида таҳлил қилиниб, вазиятга маҳаллада хавфсиз шароит яратилганлигига қараб баҳо берилмоқда. Бундай ёндашув криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга замин яратмоқда.

Жиноятларни фош этиш ва жамоат хавфсизлигини “инсон омили” таъсирини истисно этган ҳолда таъминлаш тизимига ўтилди. Шу мақсадда “Гезелла ойнаси” билан жиҳозланган ва видеоконференц алоқа тизимига уланган 44 махсус тергов хонаси ташкил этилди. Тергов ҳаракатларини қайд этувчи 1 минг 324 ва қамоқда сақлаш жойларида 5 мингдан ортиқ видеокузатув мосламалари ўрнатилди.

Ички ишлар органларига келтирилаётган фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ишончли таъминлаш учун жами 382 “Сўровхона” ташкил этилиб, келтирилган ҳар бир фуқаро билан суҳбатларни видеокамераларга узлуксиз ёзиб олиш амалиёти йўлга қўйилди.

Жамоат жойларидаги вазиятни кузатиб бориш учун 16 та “Вазият маркази” ташкил этилиб, уларга кўчалар, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий объектларга ўрнатилган 100 мингдан зиёд видеокамера ва 8 мингдан ортиқ тезкор чақирув тугмалари интеграция қилинди.

Йўл-патруль ва патруль-пост хизмати ходимлари 6 минг 100 та “бодикамера”, 179 та алкотестер, 6 минг 874 та ҳуқуқбузарликларни қайд этувчи планшет билан таъминланди.

Мазкур ишларнинг барчаси ички ишлар органлари ходимларининг юқори профессионаллик билан хизмат ўташи, аҳолининг кунлик муаммолари билан ҳамнафас бўлишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Тизим фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш учун 21 та веб-сайт, ижтимоий тармоқларда эса 78 та расмий саҳифа юритилиши йўлга қўйилиб, улар орқали ҳар куни 1,6 миллиондан зиёд доимий фойдаланувчиларга маълумотлар тақдим этилмоқда.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Миллий гвардия билан бирга 3 сменали патруллик хизмати йўлга қўйилди, жуғрофий жиҳатдан мураккаб бўлган вилоятлар минтақаларга бўлиниб бошқариладиган бўлди.

Мамлакатимизда хавфсизлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижалари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ижобий баҳоланмоқда. Хусусан, “The world justice project” халқаро нодавлат агентлиги томонидан 2021 йил учун берилган маълумотларига кўра, Ўзбекистон “Тартиб ва хавфсизлик” индикатори бўйича 139 мамлакат ичида 16-ўринни, Осиё қитъасидаги 27 давлат орасида 4-ўринни, Марказий Осиёда эса 1-ўринни эгаллади.

Ички ишлар органлари тизимини чинакам халқчил профессионал тузилмага айлантириш борасидаги ишлар эса давом эттирилади.

Норгул Абдураимова, ЎзА