“Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда олий таълим соҳасидаги имкониятлар ва ташаббуслар” мавзусида биринчи Ўзбекистон-Малайзия таълим форуми бўлиб ўтди.
Халқаро форумда “Яшил иқтисодиёт” ва туризм масалалари”, шунингдек, “Саноат инқилоби 5.0, сунъий интеллект ва метатехнологиялар” мавзуларига бағишланган сессияларда икки давлат учун долзарб бўлган илмий ва технологик масалалар муҳокама қилинди.

Малайзия – Ўзбекистон Олий таълим форуми ва кўргазмасида олий таълим муассасалари ва хорижий компаниялар билан кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда амалий босқичга ўтишга қаратилган ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Форумда таълим ва илм-фан соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди ҳамда икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида 50 дан ортиқ шартнома ва меморандумлар имзоланди.
Ўзбекистон – Малайзия таълим форуми доирасида Малайзия Перлис университети, Султан Идрис педагогика университети ҳамда Бухоро муҳандислик-технология институти ўртасида Меморандум имзоланди.

– Меморандумда Малайзия Перлис университети ва Бухоро муҳандислик-технология институти ҳамкорлигида магистратура мутахассисликлари бўйича “яшил иқтисодиёт” ва “инклюзив таълим” мезонларига асосланган ҳолда қўшма таълим дастурини йўлга қўйишдир, –дейди институт ректори Садоқат Сиддиқова. – Шунингдек, Бухоро муҳандислик-технология институтида ҳамкорликда “Яшил қурилиш материаллари” илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш, Магистратура ва ундан кейинги (РhD) босқичдаги изланувчиларга иккала таълим ташкилотидан раҳбар тайинлашдан иборат.
Академик мобиллик ва профессор-ўқитувчиларнинг стажировкаларини ташкил қилиш, илмий журналлар таҳририяти аъзолигига ҳар иккала томондан етакчи профессор-ўқитувчиларни киритиш, Cradle Fund, MaGIC (Malaysian Global Innovation & Creativity Centre), Tamarai Ventures каби инвестицион компаниялар билан хорижий инвестицияларни start-ap лойиҳаларга жалб қилиш келишувларини амалга оширишдир. Султан Идрис педагогика университети билан “Яшил университетлар, яшил иқтисодиёт, ақлли шаҳарлар ва инновациялар” лойиҳаси бўйича ҳамкорлик қилиш каби келишувларга эришилади.
Малайзия-Ўзбекистон таълим форумида Петронас технология университети ҳамда Бухоро муҳандислик-технология институти ўртасида нефть, газ ва энергетика соҳалари учун мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича келишувга эришилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири