Ўзбекистон маҳсулотлари Хитой кўргазмасида
Шанхайда очилган 8-Хитой халқаро импорт кўргазмаси (CIIE)да Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов раҳбарлигида вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда тадбиркорлардан иборат делегациямиз иштирок этмоқда.
Миллий стендимиз тоғ-кон, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, ипакчилик, чарм-пойабзал ва кимё саноатига ихтисослашган корхоналар томонидан Чин бозорига фаол экспорт қилинаётган 200 га яқин турдаги маҳсулот билан тўлдирилган. Мазкур экспозиция республикамизнинг юқори саноат ва экспорт салоҳиятини намоён этиб, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, жумладан Хитой билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўналишидаги стратегиямизни акс эттиради.


Кўргазма доирасида форум, шўъба мунозараси, конференция ва етакчи маҳаллий компаниялар вакиллари билан учрашувлар режалаштирилган. Шериклик кўламини янада кенгайтириш, тажриба алмашиш ва иқтисодиётнинг устувор тармоқларига сармоя жалб этишга қаратилган мазкур тадбирлар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги бизнес алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
М.Пирматова, ЎзА