Футбол бўйича Ўзбекистон кубогида “Ф”, “Г” ва “И” гуруҳларида сўнгги 3-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Ушбу босқич якунига кўра, 1/8 финал босқичига йўл олиши кутилаётган тўрт жамоанинг номи аниқ бўлади.
Мусобақанинг “Ф” гуруҳида “Қўқон-1912” — “Қизилқум” ва “Замин” — “Андижон ФА” жамоалари баҳс олиб боради. Аслида “Қизилқум” ҳисобида 6 очко мавжуд бўлиб, ушбу жамоа навбатдаги босқичга муддатидан аввал чиқиб бўлган. Бироқ гуруҳни пешқадам сифатида якунлаш учун дуранг натижа ҳам ушбу клубни қаноатлантиради. “Қўқон-1912” эса айни дамда 4 очко жамғариб иккинчи поғонада бормоқда. Бу жамоа ҳам 1/8 финалга йўл олган, бироқ сўнгги турда катта ҳисобда мағлуб бўлса, айни дамда 1 очкога эга бўлиб турган “Замин” жамоаси “Андижон ФА”ни йирик ҳисобда таслим қилса, “Замин” тўплар нисбатига кўра навбатдаги босқичга йўл олади. Улар ўртасидаги тўплар фарқи 10 тани ташкил этмоқда. “Андижон ФА” клуби икки мағлубиятдан сўнг, кубок баҳслари билан ўтган турда хайрлашган.

“Г” гуруҳида ҳам қизиқарли вазият: “Бунёдкор” ўтган турда 6 очко жамғарган бўлиб, бугунги рақиби “Локомотив”дан 3 очко олдинда. Бироқ бу жамоаларнинг тўплар фарқи тенг. “Бухоро” жамоаси ҳисобида эса 3 очко бор ва тўплар нисбатига кўра, иккинчи поғонадан жой олган. Уларнинг сўнгги турдаги рақиби “Наманган ФА” ҳисобида очко йўқ.
Бугунги баҳсда “Локомотив” ҳар қандай ҳисобда зафар қучса, навбатдаги босқичга 6 очко жамғариб йўл олади. “Бухоро” камида 2 та тўп фарқи билан гуруҳ аутсайдери устидан зафар қучсагина 6 очко билан нимчорак финал иштирокчисига айланади. Ҳозирда 6 очко билан пешқадам бўлиб турган “Бунёдкор” тўплар нисбатига кўра, учинчи ўринда қолиб кетади. Аммо булар оддийгина математик ҳисоблар. Аслида, барча жамоанинг гуруҳ босқичидан чиқиши ўз қўлида.
“И” гуруҳида икки ўйинни ўз фойдасига ҳал қилиб, пешқадамга айланган “Хоразм” бу сафар ўз майдонида очкосиз қолган “Сирдарё ФА”ни қабул қилади. Бу гуруҳнинг иккинчи ўйини бир хил 3 очко тўплаган, “Олимпик Мобиуз” ва “Жайхун” клублари ўртасида кечади. “Олимпик Мобиуз”нинг бугунги рақибидан тўплар нисбати яхшироқ экани боис, жамоани дуранг ҳам қаноатлантиради. “Жайхун” эса фақат ғалаба қозона олсагина 1/8 финал иштирокчисига айланади.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон кубогининг нимчорак финалига “Сўғдиёна”, “Арал”, “Динамо”, “Лочин”, “Машъал”, “Шўртан”, “Навбаҳор”, “Нефтчи”, “Пахтакор”, ОКМК, “Хоразм” ва “Қизилқум” жамоалари чиқиб бўлган. Кубокнинг гуруҳ баҳсларида биринчи ўринни эгаллаган жамоалар 1/8 финал учрашувларини ўз майдонида ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА