Ўзбекистон – Корея: ҳамкорлик ривожланмоқда
Шу кунларда Корея Республикасида бўлиб турган Сирдарё вилояти делегацияси ташриф дастури доирасида “DHMT Global” корпорацияси президенти Тae Suk Lee билан учрашув ўтказди. Музокара якунида Мирзаобод туманида “Komt” бренди остида электроника ва микро-электроника йўналишида корхона барпо этиш бўйича инвестицион келишувга эришилди.
Қурилиш ишлари 2024 йил февралдан июль ойига қадар давом этади. Ишлаб чиқариш жараёнларига 3 нафар кореялик тажрибали эксперт ва маҳаллий мутахассис жалб қилинади. Шунингдек, корхонанинг ўзида ишсиз ёшлар сервис хизматига ўқитилади. Маҳсулотларни тўлиқ экспортга йўналтириш режалаштирилмоқда. “Evervolution Со.” компанияси директори Jung Tae Keun билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Гулистон туманидаги фойдаланилмай турган ва ўзлаштириладиган ерларда Корея тажрибаси асосида лойиҳа қиймати 12 миллион долларлик янги замонавий интенсив гилос боғи яратиш бўйича меморандум имзоланди.

Вилоятда етиштирилаётган мева ва сабзавотларнинг сифати жуда юқори эканини, бироқ уларни қайта ишлаш орқали таниқли бренд яратмасдан туриб халқаро бозорларда муқим жой олиш осон бўлмаслигини қайд этган кореялик ишбилармонлар бу борада ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр эканини таъкидлади.

Бугунги кунда Кореянинг энг илғор олий ўқув юртларидан бири бўлган, дунёнинг 76 та мамлакатидан келган 2000 нафардан зиёд хорижлик талабага ҳам илм бераётган “Sun Moon” университети президенти Сеон Жу Хван ҳамда университет илмий жамоаси билан ўтказилган учрашувда вилоятимиз иқтисодиёти ва саноат тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни тайёрлашда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида илм-фан ва таълим ривожи давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани энг тўғри йўл эканини эътироф этган Сеон Жу Хван ҳамкорлик алоқаларини “Чунгнам –Марказий Осиё минтақавий инновацион истеъдодларни ривожлантириш лойиҳаси”нинг давоми сифатида кенгайтиришга тайёр эканлигини билдирди.

Вилоятда “Sun Moon” университети таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрлаш, кореялик профессор-ўқитувчиларни Сирдарёга жалб қилиш, биргаликда илмий форумлар ташкил этиш, қўшма тадқиқот ва ишланмаларни йўлга қўйиш каби масалаларда ҳамкорлик қилишга келишилди. Шу ернинг ўзида Чунгнам провинцияси ва 16 та фаол компаниянинг вакиллари иштирокида бизнес форуми ҳам бўлиб ўтди.
Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири