Ўзбекистон кино санъати музейи 50 ёшда
Киночилар уйида Ўзбекистон кино санъати музейи ташкил этилганлигининг 50 йиллиги муносабати билан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбир давомида музей директори Гулнора Мухторова Ўзбекистон кино санъати музейининг 50 йиллик тарихи, ундаги экспонатлар ҳақида маълумот берди.
Шу билан бирга, меҳмонлар учун музей тарихи ҳамда фаолиятига бағишланган видеоролик, биринчи кинооператори Худойберган Девонов ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.

– Ўзбекистон кино санъати музейи ярим аср мобайнида йилдан-йилга бойиб борди. Қайта таъмирлаш ишлари кўнгилдагидек амалга оширилди. Ходимларимиз ҳам ушбу масканга муносиб кадрлар, билимли, салоҳиятли. Кинематография раҳбарияти билан музейимизни янада кенгайтириш ва янги фондлар билан тўлдириш бўйича музокаралар ўтказдик. Йил давомида музейда янада кўплаб ўзгаришлар бўлади, – дейди музей раҳбари Гулнора Маҳмудова.

Картинада таниқли фотограф ва тасвирчи Худойберган Девонов ҳаёт йўли, ўзбек санъатига қўшган ҳиссаси очиб берилган. Фильм намойишидан сўнг, картина бўйича фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Кинематография агентлиги Ахборот хизмати маълум қилишича, ушбу масканда йил давомида тадбирлар давом этади.
Д. Маматова, ЎзА