Ўзбекистон – кексаларни эъзозлаган юрт
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот марказида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – кексаларни эъзозлаган юрт” мавзуида амалий конференция ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган, узоқ йиллар халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда ҳам маҳаллаларимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда ўзининг бой тажрибаси, панду насиҳатлари билан ўрнак бўлаётган бир гуруҳ нуронийлар ва марказ илмий ходимлари иштирок этди.

Жамғарма раиси ўринбосари Ш.Убайдуллаев, халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов ва бошқалар юртимизда кекса авлод вакилларига алоҳида иззат-икром кўрсатилаётганини таъкидлади. Ўз навбатида, нуронийлар ҳам “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” ғояси моҳиятини халқимизга, айниқса, ёшларга тушунтиришда фаол қатнашаётгани қайд этилди.
– Кексаларга эҳтиром, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш асрлар оша яшаб келаётган боқий қадриятларимиздан саналади, – дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими кенгаши раиси Ҳасан Нормуродов.

– Президентимизнинг алоҳида эътибори натижасида кейинги йилларда бу қадрият давлат сиёсатининг бир йўналишига айланди.
Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари билан кексаларнинг саломатлигини тиклаш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, бой ҳаётий тажрибаларидан самарали фойдаланиш учун жуда катта имкониятлар яратилди, имтиёзлар берилди. Шунинг учун ҳам бугун ўзимизда ҳам, хорижда ҳам Ўзбекистонга кексалари улуғланган юрт сифатида ҳавас билан қаралмоқда.

Тадбир доирасида меҳмонлар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Ушбу илм масканининг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик, илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Марказ музей фондидан ўрин олган экспонатлар, деворий суратлар ва китоблар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Меҳмонларга марказ томонидан нашр этилган китоблар жамланмаси совға қилинди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА