Ўзбекистон касаба уюшмалари куни кенг нишонланди
Навоий шаҳрида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгаши томонидан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Секторлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, касаба уюшмалари фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда юртимизда соҳаларда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходимни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фаолиятини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Қайд этилганидек, касаба уюшмалари фаолиятига доир ҳуқуқий асос такомиллаштирилди. 2019 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуннинг имзоланиши касаба уюшмалари ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди.
Бугунги кунда ижтимоий меҳнат муносабатларига оид қонунларнинг аксариятида давлат органлари томонидан Федерацияга келишиш учун тақдим этилган мингдан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда, шу жумладан, янги Меҳнат кодексида ҳам касаба уюшмалари таклифлари ўз аксини топган.

– Бугунги кунда вилоятда бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида 235 минг нафардан ортиқ аъзо мавжуд, – дейди Федерациясининг вилоят кенгаши раиси Назира Тоғаева. – 2024 йилнинг ўтган даври давомида эса 1022 та корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 11719 нафар ходими касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Ташкилотимиз томонидан ишчи-ходимларнинг дам олиши ва соғлигини тиклаши борасида манзилли ишлар олиб борилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 1750 нафардан зиёд дам олувчилар соғломлаштирилиб, уларнинг 1702 нафари имтиёзли, 52 нафари бепул йўлланмалар орқали саломатлигини тиклади. Шунингдек, ёзги оромгоҳларда ижтимоий дафтарларда турувчи оилаларнинг мингдан зиёд фарзандлари бепул соғломлаштирилди.

Байрам тадбирида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Норимхол Нурмоновага туризм соҳаси ривожида қўшган ҳиссаси учун “Туризм фидойиси” кўкрак нишони топширилди.
– Касаба уюшмалари томонидан жамоа шартномалари ва тармоқ келишувларига киритиш орқали ички туризмни ривожлантиришга кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилган, – дейди Норимхол Нурмонова. – Жумладан, 2024 йилнинг 9 ойи давомида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида 6 минг 125 нафар ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республикамиздаги диққатга сазовор қадамжоларга саёҳатлар ташкил этилди.
Тадбирда касаба уюшмалари тизимида меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаолларга вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди. Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар даврага кўтаринки кайфият улашди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири