Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси маслаҳатчиси Элмурод Нажимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ IV Бутунжаҳон креатив иқтисодиёт конференциясига тайёргарлик кўриш доирасида Индонезияда музокаралар ўтказди.
Ташриф доирасида Индонезия туризм ва креатив иқтисодиёт вазири Сандиага Уно, унинг ўринбосарлари ҳамда ташқи ишлар вазири ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди. Музокарада 2024 йил Ўзбекистон мезбонлик қиладиган IV Бутунжаҳон креатив иқтисодиёт конференциясига тараддуд жараёни муҳокама этилди.
Бундан ташқари, Индонезия делегациясининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи давомида икки муассаса ўртасида имзоланиши режалаштирилаётган ўзаро англашув меморандуми кўриб чиқилди. Шунингдек, музокара чоғида иккала мамлакатнинг сайёҳлик салоҳияти ва уни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Ишчи ташриф “Ижодий иқтисодиётга нисбатан пухта стратегик мададни шакллантириш ва тақдим этиш” мавзусидаги “Креатив иқтисодиёт дўстлари” халқаро мунозара анжуманида қатнашиш билан мазмунан бойитилди. Тадбирда 35 дан зиёд мамлакатдан келган креатив иқтисодиёт бўйича етакчи мутахассислар иштирок этди.
ЎзА