Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Ўзбекистон Республикаси ва Италия Республикаси ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Италиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостина Пинна, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари – ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев, шунингдек, сенатор, профессор-ўқитувчи ва талабалар, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Кейинги даврда Ўзбекистон ва Италия ўртасида қатор соҳалардаги шериклик сезиларли фаоллашди. Мамлакатларимиз дипломатик алоқани янги босқичга олиб чиқиш йўлида тинимсиз изланишяпти. Бу борада самарали механизм йўлга қўйилган. Биргаликда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида давлатлараро савдода барқарор ўсиш кузатилмоқда. Яқин йилларда бу кўрсаткич 1 миллиард долларга етказилиши кутиляпти. Қўшма саноат лойиҳалари, жумладан, “Danieli”, “Pietro Fiorentini”, “Wood” ва “Ferroli” каби Италия компаниялари билан ҳамкорлик кўлами ортмоқда.
С.Сафоев Ўзбекистон Италияни бетакрор тарихий-маданий меросга эга мамлакат сифатида ва айни вақт салмоқли иқтисодий, илмий-техникавий ва интеллектуал салоҳиятга эга йирик саноат маркази, деб билишини, Италиянинг халқаро майдондаги, хусусан, Европа Иттифоқи, G-7 ва G-20 доирасидаги самарали фаолиятини катта қизиқиш билан кузатиб боришини эътироф этди.
Тадбирда маданият, фан ва таълим соҳасидаги икки томонлама алоқалар кўлами кенгайиб бораётгани қайд этилиб, Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабат келгусида янада мустаҳкамланишига ишонч билдирилди.
– Бугунги сана тарихий воқеа экани ҳеч кимга сир эмас, – деди Элчиси А.Пинна. – Дипломатик муносабат ўрнатилганига 30 йил тўлиши муштарак ниятли халқларимиз учун ўзига хос тантана. Биргина савдо-саноат соҳасини олсак, ҳамкорлик доирасида қатор ижобий натижалар қўлга киритилганига гувоҳ бўламиз. Тўқимачилик, мармар ишлаб чиқариш соҳалари ҳам фаоллашган. Бундан ташқари, металлургия саноати бўйича кўплаб лойиҳалар йўлга қўйилмоқда. Инвестициявий ғояларни илгари суриш жараёнига ҳар икки томон тадбиркорлари жалб қилинган.
Элчи Ўзбекистон Венецияда бўлиб ўтадиган архитектура кўргазмасида ҳам иштирок этиши, бу борада мамлакатимиз салоҳияти юқори эканига алоҳида урғу берди.
Учрашувда сўнгги йилларда икки давлат ташқи сиёсат идоралари, парламентлари мулоқоти, инвестиция ҳамкорлиги, технологик ва саноат тараққиёти йўналиши учун масъул вазирлик, агентликлар ўртасидаги алмашинувлар жадаллашгани таъкидланди.
Давра суҳбати сўнгида конструктив сиёсий мулоқот ҳамда савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқага доир истиқболли йўналишлар белгилаб олинди.
ЖИДУ талабалари тадбир иштирокчиларига қарата итальян тилида мурожаат қилгани, университетда бу тил иккинчи тиллар қаторида ўқитилаётгани меҳмонларда илиқ таассурот қолдирди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА