Ўзбекистон – Испания: ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлида
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ва Испания Қироллигининг савдо бўйича Давлат котиби Шиана Мендес ўртасида видеоконференция шаклида музокара бўлиб ўтди.
Томонлар Испания ҳукумати ва ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга қизиқиши тобора ортиб бораётган бир шароитда икки томонлама ҳамкорлик истиқболи порлоқ эканини эътироф этди. “Пандемия туфайли ўтган йил жаҳон иқтисодиёти учраган инқироздан сўнг биз савдо-иқтисодий алоқаларни қатъият билан ривожлантириш вақти келди, деб ҳисоблаймиз”, дея қайд этди Мендес.

Испания ҳукумати Испания саноат, савдо ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Корхоналарни интернационализация қилиш жамғармаси (FIEM) линияси ҳисобига узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратиш орқали Испания компаниялари иштирокида Ўзбекистонда саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга тайёр экани маълум қилинди. Жумладан, Испаниянинг “Тальго” компанияси тезюрар электр поездлари, шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ локомотив ва вагон паркининг ишончли ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш учун испан ишлаб чиқарувчиларининг синов ускуналари етказиб бериш режаси баён қилинди.

Учрашув давомида 2021 йилнинг иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Испания Ҳукуматлараро комиссияси биринчи таъсис йиғилишини ўтказиш масаласи ҳам кўтарилди.
Музокара натижасида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари саноати, фармацевтика, энергетика, туризм каби соҳаларда аниқ лойиҳалар доирасида ўзаро шериклик истиқболини муҳокама қилиш мақсадида “B2B” шаклида Испания ишбилармонлари иштирокида Ўзбекистонда бир қатор тадбирлар ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ҳамкорлик юзасидан келишувга эришилди.

ЎзА