Иордания Ҳошимийлар Қироллигининг “Ал-Ғад” (Эртага) нашри Иордания ва Ўзбекистон дипломатик паспорт эгалари учун визасиз кириш тўғрисидаги ҳукуматлараро келишувга эришилганини ёзди.
Мақолада Иордания Бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар ва экспатриантлар вазири Айман Ас-Сафадий мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бошчилигидаги йирик делегация аъзолари, жумладан Инвестициялар, саноат ва савдо, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари, Дин ишлари бўйича қўмита, Савдо-саноат палатаси, Мусулмонлар идораси, Фармацевтикани ривожлантириш агентлиги, шунингдек Ташқи ишлар вазирлиги масъул ходимларини қабул қилгани батафсил ёзилган.
Мулоқот давомида томонлар икки мамлакат дўстона муносабатини чуқурлаштириш, мудофаа, хавфсизлик ва терроризмга қарши кураш, иқтисодиёт, савдо, сармоя ва маданият соҳаларида шериклик кўламини кенгайтиришга интилиш умумий эканини урғулаган.
Тизимли сиёсий маслаҳатлашув жараёнини йўлга қўйиш учун институционал механизмни ишга туширишга келишиб олинган. Имзоланадиган ҳужжатларни аниқлаб олиш учун жорий йил биринчи йиғилиш ўтказилиши маъқулланган.
Учрашувда Ас-Сафадий ва Саидов дипломатик паспорт эгаларини визадан озод қилиш тўғрисидаги битим, икки дўст давлат ўртасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида келгуси икки йилга мўлжалланган шериклик бўйича иш дастури, халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик, консуллик маслаҳатлашуви, ахборот алмашиш ва маълумотлар базасини кенгайтиришда ўзаро ёрдам, ахборот-таҳлил марказлари ва тадқиқот муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳам келишиб олинган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА