Ўзбекистон – Индонезия: туризм ва таълимда ҳамкорлик
Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов Индонезиядаги Гунадарма университети ректори, Индонезия – Ўзбекистон дўстлик уюшмаси раҳбари, Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм элчиси, профессор Эко Шри Маргиантини қабул қилди.
Учрашувда Бухоро вилояти делегациясининг Индонезияга ташрифи доирасида икки томонлама манфаатли ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган ишларни жадаллаштириш, хусусан, таълим ва зиёрат туризми йўналишида зарур чора-тадбирларни белгилаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Меҳмон ўз мамлакатидаги 30 дан ортиқ университет билан Ўзбекистондаги олий таълим даргоҳлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатилишида беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда. Бухоро давлат университети шулар жумласидан. У туфайли таълим соҳасида талабалар алмашинувига эришилди.

Масалан, Бухоро давлат университетида 2019 йилдан буён “Рақамли туризм” қўшма магистратура таълим дастури йўлга қўйилган. 2021 йилда ушбу дастурни 8 нафар ўзбекистонлик ва 11 нафар индонезиялик талаба тамомлади. Натижада улар иккала университет дипломига эга бўлди. Гунадарма университетидан архитектура йўналишида таҳсил олаётган 100 нафарга яқин талаба Бухорога келиб ислом архитектураси бўйича ўз лойиҳаларини тақдим этди.
Бугунги кунда Гунадарма университетида Индонезиядаги энг тез ишловчи суперкомпьютер ўрнатилган. Унинг имкониятларидан Бухоро давлат университетида ҳам фойдаланиш режалаштирилмоқда. Хусусан, сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ўрнатилмоқда. Гунадарма университети ҳудудида янги технопарк ташкил қилинган. Ушбу технопаркда Бухоро давлат университети тадқиқотчилари илмий стажировкадан ўтишлари режалаштирилган.
– Пандемия туфайли Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги авиақатновлар тўхтаб қолган эди, – дейди Эко Шри Маргианти. – Уч йиллик танаффусдан сўнг Uzbekistan Airways 26 апрелдан бошлаб яна мунтазам авиақатновларни йўлга қўйди. Дастлабки рейснинг биринчи йўловчиларидан бўлганимдан хурсандман. Бу Ўзбекистоннинг Индонезиядаги туризм элчиси сифатидаги фаолиятим учун ҳам жуда муҳим. Чунки, ҳозир индонезияликларга Ўзбекистонни кенг тарғиб қилиш бўйича фаол ҳаракатлар олиб боряпмиз. Индонезиялик сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш учун туризм соҳаси кадрларини ва гидларни текинга малакасини ошириш ҳаракатидаман. Индонезияда Бухорони жуда яхши билишади. Келгусида юртимда яшовчи 265 миллион аҳолининг барчасини Ўзбекистонга, Бухорога жалб қилиш ниятим бор.
Мулоқот давомида туризм соҳасида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, илм-фан ва инновацион лойиҳаларда олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчиларининг иштирокини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада яхшилаш, таълим тизими ва туризмда алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Зариф Комилов,
ЎзА