Ўзбекистон – Индонезия маданий риштаси мустаҳкамланмоқда
Индонезиянинг “Voi.id” – (Индонезия овози) нашри Ўзбекистон Маданият вазирлиги делегацияси ушбу давлатда бўлиб ўтган “Chandi-2025” саммитида иштирок этгани ҳақида материал эълон қилди.
Мақолада уч кун давом этган анжуман доирасида вакилларимиз мавжуд ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида қатор учрашувлар ўтказгани таъкидланган.

Мерос агентлиги Васийлик кенгаши раиси Ҳошим Сужоно Жожоҳадикусумо бетакрор Бали оролида ташкил этилган мазкур тадбир нафақат минтақа, балки бутун дунё маданий ҳамкорлиги ривожига муносиб ҳисса қўшишини қайд этди. Мамлакатимиз маданият вазири ўринбосари Юсуфжон Усмонов давлатларимиз ўртасидаги муносабатнинг кўп йиллик тарихига тўхталиб, 2025 йил апрель ойида уюштирилган Имом Бухорий ва Сукарнога бағишланган театр томошасини маданий яқинлашув далили сифатида ёдга олди.
– Ҳамкорликнинг 6 йўналиши тайёрланди: кино ишлаш, мутахассислар алмашинуви, Индонезияда Ўзбекистон кунларини ўтказиш ва ҳоказо, – деди Ўзбекистон делегацияси раҳбари. – Буларнинг бари ўзаро англашув меморандумида акс этиши керак.
Куннинг иккинчи ярмида Индонезия маданият вазири Фадли Зон билан учрашув ташкил қилинди.
– Маданият соҳасидаги истиқболли платформага айланаётган “Chandi-2025” анжуманини келаси йил бошқа шаҳарда ўтказмоқчимиз, – деди доктор Фадли Зон.
Томонлар келгусидаги ҳамкорлик юзасидан қатор ташаббусларни илгари суришди.
М.Пирматова, ЎзА