Ўзбекистон – имкониятлар мамлакати
Турли даражадаги анжуманларда биз Ўзбекистон чексиз имкониятлар мамлакати, деган иборани ишлатишга кўникиб қолганмиз. Бу ҳақ гап. Аслида ҳам шундай. 1939 йилда Катта Фарғона канали бугунги Қирғизистон чегарасига туташ Норин дарёсидан бошлаб қазилган. Мана, орадан 80 йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, Катта Фарғона каналидан биз фақат мамлакат қишлоқ хўжалиги учун, экинларни суғориш мақсадида фойдаландик, холос. Ҳолбуки, бу каналдан ҳар бир секундда 82 кубметргача сув оқиб ўтади ва у қайта тикланувчи энергия манбасидир.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги қарори қабул қилиндию, Катта Фарғона каналининг Наманган вилояти, Учқўрғон тумани ҳудудидаги сув бошидан ГЭСлар қуришга киришилди. Уларнинг биринчиси 2019 йил август ойида фойдаланишга топширилди. Бу ерга Хитойнинг «Домофон электрик» компанияси жиҳозлари олиб келиб ўрнатилди.
– Каскатларнинг умумий қуввати 12 мегаватт бўлиб, ҳозирги кунда Учқўрғон туманининг 48 мингта хонадони узлуксиз, табиий, хавфсиз ҳамда қайта тикланувчи электр энергия билан таъминланяпти, – дейди ГЭС ишлаб чиқариш бўлими муҳандиси Илҳомжон Баҳромов. – Йиллик ишлаб чиқариш қуввати лойиҳа бўйича 72 миллион соат деб белгиланган. Бу эса ўз навбатида 7 миллион куб табиий газни тежаш имконини беради.
"Бўлар эканку, нега шу пайтгача каналдаги сувнинг оқим қувватидан фойдаланмаган эканмиз", дейди қайси бир учқўрғонлик билан гаплашманг. Ҳатто электр қуввати ишлаб чиқарувчи мутахассис ва амалдорлар ҳам шундай имкониятдан ўн йиллар мобайнида фойдаланмай келганларидан таассуфдалар.
" Иштаҳа овқат пайти келади", дейдилар. Намангалик масъуллар Катта Фарғона каналининг бош оқимидаги икки ГЭС билан чекланиб қолмадилар. Учқўрғон шаҳридан Катта Андижон канали ҳам бошланади. Шу ерга энди қуввати аввалгидан икки ҳисса кучли учта ГЭС қурмоқчи бўляптилар.
– Бу ерга тушадиган гидроэлектр станцияларнинг умумий қуввати 23 мегаватт бўлиб, бу қарийб 65-70 минг хонадонни электр энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш имкониятини беради, — дейди Илҳомжон Баҳромов.
Бугун Наманган вилоятидаги «Катта Фарғона канали кичик ГЭСлар каскади» унитар корхонаси тажрибасини ўргангани келаётган Фарғона, Андижон вилоятидаги ҳамкасблар, амалдорларнинг оёғи узилмай қолди.
Бунинг сабаби шундаки, наманганлик мутахассислар ҳар бир имкониятни ишга солмоқда. Масалан, Чортоқ туманидаги энг чет "Қорабоғ" маҳалласида электр таъминоти ҳамиша муаммо бўлган. Бу ердаги оқин сув йўлига ёнма-ён биринчи ва иккинчи ГЭС қурилди ва уларга қуввати 275 киловат соатли учта генератор ўрнатилди. Ихчам иншоот, кичик жиҳозлар, бир нафар мутахассис, кесими 50 сантиметрли қувурдан табиий оқимда ўтадиган сув. Бор гап шу. Аммо натижани қаранг.
–Хонадонимизга хуш келибсиз,– дея қарши олди Қорабоғ маҳалласидан бўлган Холмат Иномов. – Очиғини айтай, бир кеча кундузда бир неча бор чироқ ўчар эди. Бизни қўя туринг, саккизта ўқувчи набирам бор, дарс тайёрлай олишмас эди. Мана, шу кичик ГЭСлар қурилди-ю, у ишга тушгандан буён уч ой ичида қишлоғимизда бир дақиқа ҳам чироқ ўчгани йўқ.
Агар биргина Катта Фарғона каналининг Ўзбекистон ҳудудидаги узунлиги 283 километр экани, юртимизда кўплаб бундай канал, табиий анҳор, мавсумий оқадиган бўлса-да, дарёлар борлигини инобатга олсак, уларнинг имкониятидан самарали фойдаланяпмизми, деган савол туғилиши табиий.
Энди ўйлаб кўринг, шу биргина тармоқ таҳлили ҳам Ўзбекистон – имкониятлар мамлакати, дейишга асос бўлмайдими?
<iframe width="1519" height="585" src="https://www.youtube.com/embed/FPXudUHmjno" title="Ўзбекистон – имкониятлар мамлакати" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов