Кимё-технология соҳасидаги йирик олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Сайдиаҳрол Тўхтаев 2022 йил 3 январь куни 79 ёшида вафот этди.
С.Тўхтаев 1942 йил 1 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилди. 1963 йили Тошкент политехника институти (ҳозирги Тошкент давлат техника университети)ни тугатиб, меҳнат фаолиятини Республика азот саноати давлат институтининг Чирчиқ филиалида (ҳозирги “Ўзкимёсаноатлойиҳа” акциядорлик жамияти) муҳандис-технолог сифатида бошлади, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Кимё институти аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, сўнгра докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги этиб сайланди.
Истеъдодли олим ўзининг қарийб 60 йиллик илмий педагогик фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Кимё институтида катта илмий ходим, лаборатория мудири, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, Ўғитлар институтида лаборатория мудири, бўлим бошлиғи, Умумий ва ноорганик кимё институтида лаборатория мудири, лойиҳа раҳбари ва бош илмий ходим лавозимларида самарали меҳнат қилиб, юртимизда ноорганик кимё соҳасининг ривожига, шу йўналишда юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
С.Тўхтаев раҳбарлигида ўнлаб фан номзоди ва фан докторлари тайёрланди.
Заҳматкаш олим ноорганик кимё фанининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган юзлаб илмий мақолалар, бир қанча монография, кўплаб ишланма ва патентларнинг муаллифи сифатида мамлакатимиз илмий жамоатчилиги ўртасида ҳурмат-эътибор қозонди.
Айниқса, унинг раҳбарлигида суперфосфат, калий сульфат каби минерал ўғитлар тайёрлашнинг илмий асослари ишлаб чиқилгани республикамиз қишлоқ хўжалиги ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Академик С.Тўхтаевнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор” фахрий унвони ва “Шуҳрат” медали билан мукофотланган эди.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Сайдиаҳрол Тўхтаевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Нарбаева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Б.Юлдашев