ҲАМДАРДЛИК
Электроника ва ярим ўтказгичлар физикаси соҳасида таниқли олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Муҳаммад Кабир Баҳодирхонов 2021 йилнинг 19 август куни 80 ёшида вафот этди.
М.Баҳодирхонов 1941 йил 17 августда Хитой Халқ Республикасининг Ғулжа шаҳрида туғилди. 1965 йили Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тугатиб, Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника институти аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, кейин эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 2017 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
У ўзининг қарийб 60 йиллик фаолияти давомида Тошкент давлат университетида, Олий аттестация комиссиясида ва умрининг охиригача Тошкент давлат техника университетида турли вазифаларда самарали меҳнат қилиб, юртимизда электроника ва микроэлектроника соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.
Изланувчан олим муаллифлигида яратилган 200 дан ортиқ илмий мақолалар, 15 дан зиёд дарслик ва ўқув қўлланмалари, монографиялар мамлакатимиз илмий жамоатчилиги томонидан яхши кутиб олинган. 100 дан ортиқ мақолалари АҚШ, Германия, Россия, Корея, Хитой ва бошқа давлатларнинг нуфузли илмий журналларида чоп этилган.
М.Баҳодирхонов Ўзбекистон физика илмий мактаблари анъаналарини давом эттириш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб, юртимизда биринчилардан бўлиб саноат-технологик тизимидан иборат илмий лаборатория ташкил этиш ва ушбу лабораторияда наноструктурали кремний олиш технологиясини яратишга муваффақ бўлди.
У 1996 йилдан буён халқаро фондлар грантлари доирасида Германия, Россия, Хитой, Швеция мамлакатларининг таниқли олимлари билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб борди. Халқаро ҳамкорлик доирасида жаҳоннинг бир қатор машҳур университетларида илмий маърузалар ўқиди ва 50 дан ортиқ халқаро конгресс ва конференцияларда иштирок этди.
Жонкуяр устоз раҳбарлигида 5 нафар фан доктори ва 25 дан ортиқ фан номзодлари тайёрланган.
Академик М.Баҳодирхоновнинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У Беруний номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти ва «Дўстлик» орденига сазовор бўлган эди.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Муҳаммад Кабир Баҳодирхоновнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,
А.Арипов, Б.Юлдашев