Ўзбекистон илк бор “WSIS+20” саммитида иштирок этмоқда
Шу кунларда Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган “WSIS+20” — Ахборот жамияти бўйича бутунжаҳон саммитида Прогрессив ислоҳотлар маркази (ПИМ) вакиллари ҳам иштирок этмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти кўмагида ўтказиладиган мазкур тадбир рақамли ривожланиш, АКТ сиёсатидаги ютуқлар ва инклюзив мулоқотни илгари суришга қаратилган глобал платформа бўлиб хизмат қилади. “WSIS+20” ташаббусининг 20 йиллигига бағишланган бу йилги анжуманда турли давлатлар ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, илмий доиралар ва хусусий сектор вакиллари жам бўлди.
10 июль куни саммит доирасида илк бор Прогрессив ислоҳотлар маркази томонидан “Ўзбекистонда медиа ва АКТни ривожлантириш: Рақамли инклюзия ва инфратузилмани кучайтириш” мавзусида махсус панель сессияси ташкил этилади. Унда юртимизда рақамлаштириш соҳасидаги ютуқлар, кучли ахборот жамиятини шакллантириш ҳамда Ўзбекистоннинг бу борадаги миллий тажрибаси муҳокама қилинади. Ушбу панель сессиясида Прогрессив ислоҳотлар маркази (ПИМ) директори Миршоҳид Асланов, марказ директор ўринбосари Қадамбай Султанов ва “Digital Generation Uzbekistan” координатори Умматой Юлдашева ўз тақдимотлари билан иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда инсон манфаатларига йўналтирилган электрон бошқарув тизимини жорий этиш, рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништирилади. Аҳолининг барча қатламлари учун рақамли инфратузилманинг очиқлиги ва қулайлигини таъминлаш, шунингдек, ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқини кафолатловчи инклюзив ва ишончли медиа экотизимини шакллантириш йўналишидаги ташаббуслар муҳокама қилинди. Бундан ташқари, ташаббусли бюджетлаштириш, электрон петициялар каби рақамли воситаларнинг давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга қўшаётган ҳиссаси алоҳида таъкидланди.
— Ислоҳотлар йўлидан кетаётган Ўзбекистон каби мамлакатлар учун фуқаролик жамиятининг глобал майдонда ўз позициясини билдира олиши ниҳоятда муҳим, — дейди Миршоҳид Асланов. — “WSIS+20” сингари халқаро платформалар мустақил институтларга тажриба алмашиш, долзарб масалаларни муҳокама қилиш ва рақамли ўзгаришларни шаффоф ва инклюзив тарзда амалга ошириш имконини беради.
ПИМ вакилларининг “WSIS+20” саммитидаги иштироки Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг глобал рақамли сиёсатдаги фаоллигини акс эттиради. Марказ ўзининг тадқиқотларга асосланган ёндашуви орқали халқаро мулоқотга қўшилмоқда ва келажакка тайёр, адолатли рақамли тизимларни яратишга ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Азиза Алимова, УзА.