Бу ҳақда компания сотув бўлими вакили Босунг Ким пойтахтимизда ташкил этилган “Аҳоли фаровонлигини ошириш учун барқарор иқтисодий ўсиш, инвестиция жалб қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қуватлаш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар” мавзусидаги анжуманда таъкидлади.
Тадбирнинг “Транспорт соҳасида ислоҳотлар, давлат хусусий шериклик лойиҳалари ва халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти” мавзусидаги сессияда Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, “UK Export Finance”, “Export-Import Bank of Korea” каби халқаро молия институтлари вакиллари, йирик компаниялар раҳбарлари қатнашиб, маъруза қилди.
Халқаро ташаббуслар ҳафталиги доирасида ўтказилаётган мазкур анжумандан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон транспорт ва логистика тизимини ривожлантириш учун хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш, шунингдек чет эл жамоатчилик вакилларини юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан таништиришдан иборат.
[gallery-19828]
– Ўтган йил мобайнида асосий эътибор ҳудудларда йўловчи транспорт хизматини яхшилашга қаратилди, – деди мамлакатимиз транспорт вазири Илҳом Махкамов. – 2024 йилнинг дастлабки саккиз ойида бутун мамлакат бўйлаб 4,2 миллиарддан ортиқ йўловчи ташишга эришилди. Ўсиш суръати 2023 йил шу даврига нисбатан 106,0 фоизни ташкил этди.
Қайд этилишича, бугунги кунда халқаро молия ташкилотлари билан 729 километр йўлни реконструкция қилиш бўйича 6 та лойиҳа йўлга қўйилган. Жумладан, яқин кунларда “Қўнғирот-Бейнау” йўналишидаги 240 километр йўл фойдаланишга топширилади. Шунингдек, Гулистон – Андижон, Душанбе – Термиз, Бухоро – Туркманбоши, Урганч – Ҳазорасп йўлларининг муайян қисми қайта қурилади.
Босунг Ким мамлакатимизга илк бор 2011 йил келганини айтиб, охирги йиллардаги ислоҳотлар натижасида юз берган ижобий ўзгаришлар Ўзбекистон мисли кўрилмаган улкан қадамлар ташлаганидан дарак беришини таъкидлади.
Муҳокама давомида транспорт секторини барқарор ривожлантириш мақсадида инфратузилмани такомиллаштириш, хизматларни модернизация қилиш ва инновацияни қўллаб-қувватлаш нафақат иқтисодий ўсишни тезлаштириши, балки барча фуқаролар учун турмуш сифатини яхшилашга хизмат қилиши эътироф этилди.
Беҳруз Худойбердиев,
Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА