Ўзбекистон ҳудуди геологик жиҳатдан 40 фоиз ўрганилган
Қарор ва ижро
Ўзбекистон ўзининг табиий бойликлари билан етакчи давлатлар сирасига киради. Биргина олтин ва уран ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимиз дунёда олдинги ўринни эгаллайди.
Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан геология соҳасини тубдан такомиллаштиришга қаратилган қатор вазифалар белгиланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та мақсадли қарори қабул қилиниши тизимни тубдан ислоҳ қилиш билан боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги “Геология соҳасига инвестицияларни фаол жалб этиш, тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва республика минерал-хом ашё базасини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида мазкур соҳа корхоналарини илғор халқаро тажриба асосида трансформация қилиш орқали уларда самарали бошқарув тизимини жорий этиш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, унда фойдали қазилмаларнинг янги конларини очишга йўналтирилган геология-қидирув ишлари таннархини пасайтириш ва конларни саноатда ўзлаштириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини кўпайтириш ҳам муҳим топшириқлардан ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси ўринбосари Аъзам ҚОДИРХЎЖАЕВ соҳани ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар ижроси ва эришилган натижалар бўйича ЎзА мухбирига махсус интервью берди.
– Дарҳақиқат, Ўзбекистон ўзига хос табиати билан бирга, бетакрор фойдали қазилмаларига бой бўлган ўлка ҳамдир, – деди А.Қодирхўжаев. – Масалан, мамлакатимиз олтин, уран, мис, калий тузлари, фосфорит ва каолин каби фойдали қазилмаларнинг энг муҳим турлари ресурслари бўйича дунёда етакчи давлатлардан ҳисобланади. Бугунги кунда бу диёр олтин ва уран ишлаб чиқариш бўйича олд давлатлар қаторида туради.
Энг муҳим янгиликни айтадиган бўлсам, мамлакатимиз ҳудуди фақат 40 фоизигина батафсил ўрганилган. Шунинг учун юртимиз жуда катта, бироқ ҳали кашф қилинмаган салоҳиятга эга. 2017 йилдан бошлаб геология соҳасини республиканинг базавий иқтисодиёт тармоқлари билан чамбарчас боғлаган ҳолда замон талабларига мувофиқ янги босқичга олиб чиқиш вазифалари белгиланди.
Соҳа фаолияти сўнгги беш йил ичида бир неча бор кўриб чиқилиб, уларнинг якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 та мақсадли қарорлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси қайта ташкил қилинди ва республика минерал-хомашё базасини янада ривожлантиришга доир муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Бунда геология соҳасига алоҳида эътибор қаратилиб, замонавий талабларда технологик янгилаш, илм-фанни тиклаш ва кадрларни тайёрлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, янги самарали ишлайдиган тизим яратишга урғу берилди.
Авваллари ушбу соҳа 3 та – олтин, уран ва ер ости сувларини қидириш билан шуғулланган. Бугунги кунда эса у 17 турдаги олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух, вольфрам ва бошқа қазилма конларини қидириш фаолиятини амалга оширмоқда. Хусусан, 2021 йилда 1 219 минг погон метр бурғиланди. 10,5 минг погон метр ер ости ва 386 минг метр куб ер усти тоғ-кон ишлари, аэрогеофизика 2 290 квадрат метр, 9,1 минг погон километр 2Д ва 2 минг квадрат метр 3Д сейсморазведка ишлари бажарилди.
Бу ишлар натижасида олтин – 120 тонна, кумуш – 345 тонна, уран – 4,7 минг тонна, мис – 240 минг тонна, рух – 41 минг тонна, қўрғошин – 42 минг тонна, вольфрам – 8 минг тонна, ер ости сувлари – 121 минг метр куб/сутка миқдорида захиралар ва 55 миллион тонна углеводород шартли ёқилғиси кўпайтирилди ҳамда 16 та истиқболли структура аниқланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 ноябрдаги 670-сонли қарори билан геология соҳасини ривожлантириш ва геология-қидирув ишларни жадаллаштириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган махсус дастур тасдиқланди. Унга кўра, 2022-2026 йилларда минерал-хомашё базасини кенгайтириш юзасидан 189 та геологик участкаларда 2026 йилга келиб 2 452 минг метр бурғилаш, 12 минг метр ер ости ва 590 минг метр куб ер усти тоғ-кон ишлари, 9,1 минг километр 2Д ва 2,3 минг квадрат метр 3Д сейсморазведка бажариш кўзда тутилган.
Бу ишлар самарасида эса 2022-2026 йилларда олтин – 731 тонна, кумуш – 1 100 тонна, мис – 1 310 минг тонна, уран – 28 150 тонна, ер ости сувлари – 798 минг метр куб/сутка ҳамда 303 миллион тонна углеводород ресурсини ошириш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, инвестиция дастури доирасида Orano (Франция), B2 Gold (Канада), JOGMEC, Itochu (Япония), МТА, Calik (Туркия), УГМК, “Росгеоперспектива” (Россия) компаниялари билан биргаликда, геология-қидирув ишлари амалга ошириш юзасидан инвестиция лойиҳалари доирасида ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, уларнинг натижасида олтин – 100 тонна, мис – 500 минг тонна, уран – 20 минг тонна, вольфрам – 20 минг тонна захираларини кўпайиши кутилмоқда.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, геология соҳасини ривожлантириш йўлидаги бошланган ишлар мазкур тизимга замонавий ва юқори самарали ускуналарни, илғор техника ва инновацион технологияларни жорий этишга хизмат қилади. Замонавий рақамли технологияларни қўллаш ҳисобига соҳада бажариладиган ишларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш ва геология-қидирув ишларини янада яхшилаш ҳамда минерал-хомашё базаси равнақига кенг йўл очиб беради.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.