Ўзбекистон ХТТБ ва ХМКда ўз улушини сақлаб қолади
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра, Ўзбекистон Жаҳон банки гуруҳининг Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликни янада кенгайтиради.
Шунингдек, ушбу молия институтларининг устав капиталлари кўпайиши муносабати билан улардаги улушини сақлаб қолади.
Шу мақсадда Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг қўшимча 762 та акциясини харид қилади. Бунинг учун 2022-2023 йилларда 5 740 000 дан, жами, 11 480 000 АҚШ доллари ажратади.
Халқаро молия корпорациясининг қўшимча 12 781 та акциясини харид қилиш учун эса, 2022-2025 йилларда 3 195 250 дан, жами 12 781 000 АҚШ доллари сарф этилади.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро молия корпорациясининг акцияларига Ўзбекистон Республикасининг обуна бўлиши тўғрисида Жаҳон банки гуруҳини хабардор қилиш вазифаси юклатилган.
ЎзА