Ўзбекистон – Хитой муносабатида янги давр бошланмоқда
Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ХХРга амалга оширган ташрифи Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлиги тарихида муҳим воқеа бўлди. Пекиндаги тантанали тадбирлар ва Тяньцзиндаги ШҲТ саммитида давлатимиз раҳбарининг Раис Си Цзиньпин билан учрашуви икки томонлама муносабатга янги сиёсий-иқтисодий суръат бағишлади. Томонлар стратегик режалар ишлаб чиқиб, транспорт, энергетика, рақамли иқтисодиёт ва маданият соҳаларида қатор келишувларга эришдилар.
Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан пойтахтимизда ташкил этилган махсус брифингда ушбу ташриф, ўзаро муносабат ва ҳамкорликдаги инвестиция жараёни ҳақида сўз борди.
Тадбирда ХХРнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь бугунги сиёсий жараён, икки томонлама шериклик мавзусида батафсил маълумот берди.

Қайд этилганидек, давлат раҳбарлари жорий йил икки бор учрашиб, муносабатларни ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашди. Июнь ойидаги “Хитой – Марказий Осиё” музокаралари чоғида муносабатларни ривожлантириш бўйича стратегик режа ишлаб чиқилди ва янада мазмунли, ҳаётий муштарак Ўзбекистон – Хитой ҳамжамиятини биргаликда барпо этишга келишиб олдилар.
Олий даражадаги дипломатия ўзаро муносабатнинг ёрқин рамзи, ҳал қилувчи сиёсий кафолатига айланди. Тўлиқ ишонч билан айтиш мумкинки, етакчиларнинг стратегик раҳбарлиги остида алоқаларимиз ривожланишнинг “олтин даври”, ҳамкорликнинг “тезкор йўлаги”га кирди.
Брифингда ШҲТ саммити мавзуси ҳам алоҳида муҳокама қилинди. 23 мамлакат етакчилари иштирок этган Тяньцзинь йиғилиши ташкилот тарихидаги энг йирик саммит бўлди. Си Цзиньпин илгари сурган янги ташаббуслар – тўрт хавфсизлик маркази ва ШҲТ Тараққиёт банки ташкил этилиши минтақавий иқтисодий ҳамкорлик учун кенг имконият яратиши кутиляпти.

– Хитой томони ШҲТга раислик даврида доим амалий ҳаракатга урғу берган, – дейди Юй Цзюнь. – Ўтган давр мобайнида 200 га яқин тадбир ўтказилди, 92 якуний ҳужжат эълон қилинди, 36 ҳамкорлик ташаббус йўлга қўйилди. Бугунги кунда дунё мамлакатлари миллий воқеликка мос замонавий тараққиёт йўлини фаол ўрганмоқда, бошқарув услубини такомиллаштириб, самарадорликни оширмоқда. Хитой бу борада салмоқли ишларни амалга оширди ва Ўзбекистон билан давлат бошқаруви соҳасида фаол тажриба алмашмоқда. Айни жараён муносабатларимизнинг муҳим йўналишидир. Айниқса, халқ фаровонлиги ва давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлган икки соҳа – камбағалликни қисқартириш ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик чуқурлашмоқда.
Давлат раҳбарларининг эътибори ва қўллаб-қувватлаши туфайли қашшоқликни қисқартириш соҳасидаги шериклик энг устувор йўналишга айланди ва Ўзбекистон тараққиётига кучли туртки берди.
Тегишли идоралар аро яқин ҳамкорлик йўлга қўйилиб, Хитойга уюштирилаётган кўплаб саёҳатлар давомида турли тренинглар ташкил этиляпти. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази қашшоқликни камайтириш бўйича Чин тажрибасидан келиб чиқиб, махсус тавсиялар ишлаб чиқди.

Маълумотга кўра, ушбу йўналишда 32 ташаббус йўлга қўйилган. Қишлоқ хўжалиги кооперативларини ривожлантириш, ихтисослаштирилган экинлар экиш, яшил ва хайрия иш ўринлари яратиш, электрон тижоратни ривожлантириш ва бепул касбий таълим бериш шулар жумласидан.
Дарҳақиқат, кўрилаётган қатор фойдали чора-тадбирлар самараси ўлароқ, жорий йил республикамизда қашшоқлик даражаси жадал суръат билан 6,8 фоиз камайди. Бу натижа халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда.
Сўнгги йилларда давлат бошқаруви тизимидаги ислоҳотлар ҳар томонлама олға сурилаётгани, коррупцияга қарши кураш фаоллашгани ва энг муҳими бу борада қатор ижобий натижаларга эришилаётгани қайд этилди.
– Коррупцияга қарши кураш ҳам шерикликнинг муҳим йўналиши сифатида белгиланган, – дея сўзини давом эттирди Элчи. – Умуман, ҳар икки томон давлат хизматини ривожлантириш соҳасида ўзаро алмашинувни янада кучайтиришга тайёр.
Брифингда Хитойнинг глобал бошқарув ташаббуси ҳам муҳокама қилинди. Кўплаб давлат раҳбарлари томонидан қўллаб-қувватланган мазкур лойиҳани Президент Шавкат Мирзиёев “адолатли ва оқилона халқаро тартиботга хизмат қилувчи” ташаббус сифатида эътироф этди.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган Хитойнинг йирик компаниялари вакиллари ҳам иштирок этиб, сўзга чиққан йиғинда Юй Цзюнь журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Гўзал Сатторова, ЎзА