
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Хитой Халқ Республикаси Миллий аудит идораси раиси Хоу Каи бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик стратегик даражага кўтарилгани, сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик юқори босқичга чиққани алоҳида қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг сиёсий иродаси натижасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли алоқалар анъанавий дўстлик ва ҳурмат руҳида ривожланиб, ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан ютуқларга эришилаётгани таъкидланди.

Хоу Каи илиқ ва дўстона муносабат учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган прагматик ташқи сиёсатни, айниқса, қўшнилар билан муносабатни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижаларини юқори баҳолади. Ўзбекистон Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеясини юксак савияда, муваффақиятли ўтказгани, бу нафақат мамлакат учун, балки унинг халқаро ҳамкорликдаги фаолиятида ҳам муҳим қадам бўлганини қайд этди.

– Икки давлатнинг аудит тизимлари ўртасида маълум ўхшашликлар бор экан. Бу эса бизга ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, ўзаро фикр, тажриба алмашиш ва биргаликда аудит тизимини такомиллаштириш бўйича янги имкониятлар очади. Келгусида бу йўналишда қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш, ўзаро маслаҳатлашув ва малака ошириш тизимини мустаҳкамлаш ниятидамиз, – деди Хоу Каи.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
М.Комилова, ЎзА