Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрелдаги қарори асосида Бухоро вилояти Олот туманида 2 гектар ер майдонида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ташкил этилган эди. Ушбу ҳудудда ёш тадбиркор томонидан “Buxoro Gold Star Moto” МЧЖ ташкил қилинди.
Истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Эътиборли томони, давлатимиз раҳбарининг Хитойга ташрифи бу корхона учун ҳам анчайин самарали бўлди.
Олот туманидаги Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонасида умумий қиймати 15 миллиард сўмлик лойиҳа ишга туширилиши ҳисобидан ҳозирга қадар 50 нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Эътиборли томони, замонавий технологиялар асосида 3 ғилдиракли юк ташиш мотоцикллари ишлаб чиқараётган корхона учун ҳам Президентимизнинг Хитойга ташрифи янги имкониятлар эшигини очди.
–Бизнинг корхонамиз асосан 3 ғилдиракли юк ташувчи мотоциклларни ишлаб чиқаради, –дейди “Buxoro Gold Star Moto” МЧЖ иш бошқарувчиси Фурқат Хайриев. –2023 йилда иш бошлаган бўлсак, мана ҳозир фаолиятимиз ривожланиб кетди. Чет элга экспорт ҳажмини оширмоқчимиз. Бу борада чет эллик ҳамкорлар билан музокаралар олиб бораяпмиз. Президентимизнинг Хитойга ташрифи биз учун анча самарали бўлди. Ҳамкорларимиз билан орамиздаги муносабатларимиз анча яхшиланди. Уларнинг бизга бўлган ишончи янада ортди. Ҳозир корхонамиз бир ойда 500 дан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқараяпти. Корхонамизда жами 50 нафарга яқин маҳаллий аҳоли меҳнат қилмоқда. 2-босқичга ўтадиган бўлсак, 100 га яна яқин иш ўрни яратилади.
Йилига 3 минг дона юк ташиш мотоцикли ишлаб чиқараётган корхонада ишчилар асосан маҳаллий ёшлардир. Фаолиятнинг кенгайиши эса яна янги иш ўринлари учун мустаҳкам асос вазифасини ўтамоқда.
–Корхонамизда асосан Ўзбек-Хитой технологиясидан фойдаланамиз, -дейди иш бошқарувчи Фурқат Хайриев. – Бу технологиямизни 50 нафар ишчимиз ўзлаштириб бўлди. Қувонтирадиган жиҳати, олдин мотоциклнинг барча қисмларини олиб келиб, йиғиш мақсад қилинган эди. Лекин мотоциклнинг 70 фоиз маҳсулотларини ўзимиз ишлаб чиқараяпмиз.
[gallery-15687]
Келгусидаги режаларимиз эса, мотоциклнинг барча қисмларини ўзимизда ишлаб чиқариб, экспортни ҳам йўлга қўйишдир.
Олот Ўзбекистоннинг Туркманистон билан чегара ҳудуди. Ҳозир корхонада ишлаб чиқарилган маҳсулотларга қўшни давлатда талаб жуда юқори. Энг муҳими, электромотоциклларнинг ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилса, экспорт географиясини янада кенгайтириш имконияти вужудга келади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари