Ўзбекистон-Ҳиндистон: тиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида ҳиндистонлик шифокорлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Филиал директорининг даволаш ишлари бўйича муовини Ф.Ҳайдаров амалга оширилаётган тиббий хизматлар кўлами, даволаш-диагностик стандартлар, мутахассислар малакасини ошириш ва илмий изланишларда эришилаётган ютуқлар, белгиланган режалар ҳамда олиб борилаётган илмий, амалий-услубий ишлар тўғрисида маълумот берди.


Ўз навбатида хорижлик меҳмонлар ҳам халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассисларнинг ўзаро тажриба алмашиши борасидаги режалари ҳақида айтиб ўтди.
Филиал билан Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида жойлашган “NANAVATI MAX SUPER SPECIALITY HOSPITAL” клиникаси ўртасида меморандум имзоланган бўлиб, меморандум асосида марказнинг етакчи шифокорлари клиника фаолияти билан танишиб, малака ошириб қайтишига имконият яратилади.


– Меморандум келишувида икки мамлакат тиббиёт соҳаси етакчилари иштирокида тиббий кўриклар ва жарроҳлик амалиётларини ўтказиш орқали мамлакатлар тиббиётини янги босқичга кўтариш назарда тутилган, – дейди директор муовини Ф.Ҳайдаров. – Шунингдек, лойиҳа доирасида ҳар иккала томоннинг имконият ва тажрибаларини ўрганиш, мураккаб йўналишлардаги жарроҳлик амалиётларини биргаликда бажариш, қолаверса, бизнинг мутахассислар ҳам Ҳиндистонга бориб хориж тажрибасини ўзлаштириб келиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири