Ўзбекистон – Ҳиндистон: таълимдаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Бухорода Ҳиндистон “Neo Institute of Medical Sciences and Technology Limited” компаниясининг директори Divya Sunitha Raj Burra бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан бўлди.

Делегация аъзолари Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида бўлиб, таълим имкониятлари, талабаларга яратилган шароитлар билан танишди. Бу ердаги имкониятлар юқори баҳоланди. Келгусида фан, таълим, спорт, иқтисод каби соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Меҳмонларни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов қабул қилди. Учрашувда институтнинг янги кампуси ҳудудида талабалар учун давлат-хусусий шерикчилик асосида 2 та ҳар бири 500 ўринга мўлжалланган жами 1000 ўринли замонавий талабалар турар жойларини қуриш масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар таълим соҳасида янги лойиҳа ва ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олди.

Маълумот учун, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти айни дамда жаҳоннинг 150 дан зиёд университет ва илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Сўнгги уч йил мобайнида хорижий мамлакатларнинг элликка яқин нуфузли олий таълим муассасалари ва компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланган. Россия, Ҳиндистон, Хитой, Польша, Италия каби давлатларнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ташкил этилиб, талабалар ўқишга қабул қилинмоқда.

Жумладан, 2022 йил Бухоро давлат тиббиёт институти ва “Neo Institute of Medical Sciences and Technology Limited” компанияси ўртасида тузилган ҳамкорлик шартномасига асосан ҳозирги кунга қадар институтга мингга яқин ҳиндистонлик талабалар ўқишга қабул қилинган.
Зариф Комилов, ЎзА