Ўзбекистон-Ҳиндистон: таълимда ҳамкорлик янада кенгаяди
Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши Президенти Винай Сахасрабуддхенинг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Бухоро вилоятида ҳам бўлди.
Ўтган йили Бухоро давлат университетининг хорижий тиллар факультетида “Ҳиндистон маданият маркази” очилган эди. Меҳмонлар марказга ташриф буюриб, талабалар томонидан ташкил қилинган санъат асарлари кўргазмаси ва мусиқа жамоаси фаолияти билан танишди.
Aсосий музокаралар “Ҳинд маданияти хонаси”да бўлиб ўтди. Учрашувда талаба ва профессор-ўқитувчилари алмашинуви, малака ошириш курслари, қўшма таълим дастурлари, илмий марказлар, лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ҳамкорлик меморандумини имзолаш ва Ҳиндистонга хорижий тиллар, информацион технологиялар ва бошқа йўналишларда 30 нафар ўқитувчини малака оширишга юбориш бўйича келишиб олинди.
Шунингдек, меҳмонлар хорижий тиллар факультети талабалари билан қисқа учрашув ўтказди. Унда Ҳиндистон стипендиялари ҳақида асосий маълумотлар тақдим этилди.
Меҳмонлар Бухоро шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишди.
[gallery-1470]
Зариф Комилов,
Тоҳир Истатов (сурат)
ЎзА