Гаага битимининг Женева акти ўз маҳсулотларини, биринчи навбатда, ташқи бозорларда илгари суришдан манфаатдор бўлган субъектларга саноат намуналарини рўйхатдан ўтказишнинг амалдаги миллий тизимларга нисбатан қулайроқ тартиб-таомилдан фойдаланиш имконини беради.
Миллий ишлаб чиқувчилар эса саноат намунаси интеллектуал мулки ҳимоясини олиш учун бир қатор мамлакатларда тегишли идорага ўша ердаги шакл бўйича ва тилда ариза беришга мажбур бўлмоқда ва ушбу тартиб-таомил учун ҳар сафар алоҳида ҳақ тўлашга тўғри келаётир.
Сенат ялпи мажлисида маъқуллаган “Саноат намуналарини халқаро рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги Гаага битимининг Женева акти (Женева, 1999 йил 2 июль)гаЎзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун юқоридаги муаммоларга барҳам беришга қаратилган.
Гаага битимининг Женева акти миллий ишлаб чиқувчиларга барча тартиб-таомиллар бажарилишини ва ҳужжатлар тарқатилишини ўз зиммасига оладиган Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (БИМТ)га битта ариза бериш имконини беради.
Ҳозирги вақтда 70 давлат Гаага битимининг Женева акти иштирокчилари ҳисобланади.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун миллий ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулкини ҳимоя қилишни кучайтириш, шунингдек, янги маҳсулотлар яратишда уларнинг жавобгарлигини ошириш ва ишлаб чиқаришда патентланган объектлардан ноқонуний фойдаланишга йўл қўймаслик имконини беради.
Мазкур халқаро ҳужжатга қўшилиш мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлади.
Н.Абдураимова, ЎзА