Айни кунда Андижон вилоятида 30 минг нафарга яқин уйғурлар истиқомат қилади. Уйғурларнинг кўпчилик қисми Пахтаобод туманининг Уйғуробод, Шаҳрихон туманининг Дўлан, Олтинкўл туманининг Уйғур, Асака туманининг Ахтачи маҳаллаларида ҳамда Андижон шаҳрида яшайди.
Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Энг асосийси, юртимиздаги барча миллат ва элатларнинг тенглиги, ўзаро дўстлиги ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида юртимизда яшаётган барча миллат ва элатларнинг ҳуқуқ ва эркинликлар қонун йўли билан ҳимояланган, яъни Бош қомусимизнинг 4-моддасида “... Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг, тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади” деб белгилаб қўйилган.
Айни кунда Андижон вилоятида турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Ўзбекистон фуқароси сифатида улар амалдаги барча ҳуқуқ ва эркинликлардан тўлақонли фойдаланмоқда. Айниқса, Ўзбекистон ўз мустақиллигига эришганидан кейин уларнинг ўз она тилларини ўрганишлари, миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантиришлари учун барча шароитлар яратилган.
Айниқса, бу борада вилоятда фаолият юритаётган қирғиз, рус, уйғур, корейс ҳамда арман миллий-маданий марказлари томонидан эътиборга молик иш олиб борилмоқда. Буни 1989 йилда ташкил этилган Андижон вилояти Уйғур миллий маданий маркази фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
– Уйғурлар Андижонга тахминан Қўқон хонлиги даврида келиб, ўрнашиб қолган, – дейди Андижон вилояти Уйғур миллий маданий маркази раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳибаси Адолатхон Рахмонова . – Ота-боболаримизнинг айтишларича, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудларига оммавий ҳолда кўчиб келган уйғурларнинг ҳунармандлари шаҳарларда яшаб қолган. Асосан, деҳқончилик билан тирикчилик ўтказадиган кўпчилик қисми эса чекка қишлоқларда қўним топган. Янги ерларни ўзлаштириш, уй-жойлар қуриш ҳисобига уйғур маҳаллалари ташкил топган.
Ҳозирда уйғурлар энг кўп яшайдиган Пахтаобод туманидаги Уйғуробод қишлоғи бугун юртимизнинг энг обод гўшаларидан бирига айланган, десак асло муболаға бўлмайди. “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқда жуда катта хажмдаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Қишлоқдаги йўллар, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотилари, тиббиёт муассасалари, шунингдек, икки қаватли, 200 томошабинга мўлжалланган маданият маркази биноси капитал таъмирланди. Айни кунда маданият марказида кўплаб маданий тадбирлар ўтказилмоқда, ёшлар учун қатор тўгараклар ташкил этилган. “Уйғур” миллий маданий маркази қошидаги “Отуш” ансамбли ҳам мазкур бинода фаолият юритмоқда.
Асрлар ўтса-да Андижонда яшаётган уйғурлар ўзларининг миллий анъана ва урф-одатлари давомийлигини сақлаб келмоқда. Каштачилик, қийиқ, қўшқийиқ тикишда уйғур тикувчиларини олдига тушиш қийин. Ҳозир ҳам уйғур қизларнинг аксарияти ушбу ҳунарни ўрганиб келади.
Қолаверса, уйғурлар пазандаликда, деҳқончиликда моҳир. Андижондаги уйғур хонадонларида уйғур лағмони, занғза пишириғи, атганчой (оқ чой) сингари миллий таомлар ҳозиргача тайёрланади.
Вилоят Уйғур миллий маркази томонидан Ўзбекистонда яшаётган турли халқ, миллат ва элатларнинг ўзаро дўстлиги ва тотувлигини мустаҳкамлаш, юртни обод қилиш, тинчлигини асрашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу орқали ёш авлодни ватанпарварлик ва миллатлараро тотувлик руҳида тарбияланишига ҳисса қўшмоқда.
– Вилоятда яшаётган уйғур халқи вакилларининг миллий анъана ва урф-одатларини ривожлантириш, келгуси авлодга етказишлари учун барча шароитлар яратиб берилган, – дейди Андижон давлат университети профессори, шоира Ханифахон Солихова. – Уйғур миллати вакиласи сифатида Ўзбекистонда бирор бир тайзиққа учраганимни ёки менга нисбатан қандайдир чекловлар қўйилганлигини эслай олмайман. Қатор-қатор китобларим чоп этилди, олима сифатида кўплаб унвон-у мукофотлар олдим.
Андижондаги уйғурлар ўз даврида катта ҳурмат-эътибор топган меҳнат қаҳрамонлари Тожиохун Ёқубов, Қунохун Холиқов, Олим Қурбонов, ҳозирда самарали фаолият олиб бораётган Пахтаобод туманидаги “Сарвиноз парвози” фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёржон Ниёзов, профессор Ханифа Солихова, “Олтин қалам” мукофоти соҳибаси, журналист Матлубахон Юсупова, меҳнат фахрийси Роҳилахон Абдураҳмонова, шоир Акрамжон Ҳамрақулов, миллатдошлари билан ҳамиша фахрланади.
Вилоят Уйғур миллий маданий маркази қошидаги “Отуш” халқ ансамбли эришган ва эришаётган муваффақиятларни алоҳида эътироф этиш жоиз.
– Миллатим уйғур бўлса-да, Ўзбекистон фуқаросиман, – дейди Адолатхон Қўлдошева. – Юртимизда олиб борилаётган одилона миллатлараро сиёсат туфайли мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик, ҳамжиҳатликка асосланган муносабатлар шаклланган. Очиғи, юртимизда миллатлараро тотувлик юксак даражага кўтарилган. Ўтган йилда Туркияда яшовчи миллатдошимиз, ижодкор Мурод Ўрхон қишлоғимизга меҳмон бўлиб келган эди. Ўшанда “Шу Ватанда азиздир инсон” деб номланган дўстлик фестивали ўтказилаётганди. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида бутун вилоят ташкилотлари раҳбарлари келиб, байрамни биз билан бирга ўтказганлигининг гувоҳи бўлиб, наҳотки, вилоят ҳокими шахсан келиб, ўзга миллат вакиллари байрамида қатнашса, дея ҳаяжонини яшира олмаган, юртимизда уйғурларга бўлган ҳурмат-эътибордан кўзларига ёш олган эди. Мен бугун дунёдаги энг бахтли инсонлардан бириман. Чунки, уй-жойим, севган касбим бор, атрофимда дўстларим бисёр. Оилам, кўнглим тинч, фарзанд ва набираларим бағримда. Уларнинг қувончи, бахти-камолини кўриб кўнглим тоғдай кўтарилади. Инсон учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Очиғи, менга шундай бахтни берган Ўзбекистонда яшаётганлигимдан, Ўзбекистон фуқароси эканлигимдан фахрланаман.
Мухтасар айтганда, турли миллат, элат вакиллари эмин-эркин яшаб келаётган Ўзбекистонда миллатлараро дўстлик асло завол топмайди. Чунки, улар она Ватанимиз тинчлиги, равнақи йўлида бир жон, бир тан бўлиб яшамоқда.
[gallery-6558]
Фахриддин Убайдуллаев, Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА