Ўзбекистон-Франция: таълимдаги ҳамкорлик
Франциянинг Психомотор терапея олий институти бош директори Жерард Хермант Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида бўлди.
Франциялик меҳмон Жерард Хермант кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро шаҳридаги самимий қабул учун мутасаддиларга миннатдорлигини билдирди. Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев ҳамроҳлигида институтнинг янги ва замонавий кампусини бориб кўрди. Кампусда ташкиллаштирилган Симуляцион марказда яратилган шарт-шароит, замонавий ўқув ва амалий машғулот хоналари шайлигига юқори баҳо берди. Музокаралар давомида Бухоро давлат тиббиёт институти билан илмий ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Олий таълим даргоҳи делегациясини тажриба ўрганиш мақсадида Францияга таклиф қилди.

Бухоро ҳамда Париж олий таълим муассасалари раҳбарлари ўртасида халқаро ҳамкорликка доир келишувга мувофиқ, талабалар ҳамда профессор ўқитувчилар академик мобиллиги доимий равишда ташкил этилади. Бу борада Бухоро давлат тиббиёт институти ҳамда Психомотор терапея олий институти ўртасида қўшма таълим дастури амалга оширилмоқда.
Бухоро давлат тиббиёт институти мамлакатимиз олий таълим даргоҳларининг халқаро институт ҳамда университетлар билан ҳамкорлик қилиш борасида етакчи ўринда туради. Институт айни пайтда 50 га яқин халқаро олий таълим муассасаси ва ташкилот билан имзоланган меморандум ва шартномаларга мувофиқ фаолият кўрсатмоқда. Абу Али Ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида жорий ўқув йилида жами 7 минг 200 нафар талаба таҳсил олмоқда. Шундан бир нечта хорижий давлатдан 2 мингга яқин талаба келиб, Бухорода тиб илмидан таҳсил олмоқда. 2026 йилга бориб олий таълим даргоҳида таълим оладиган ёш истеъдод эгалари сонини 15 минг нафарга, шундан чет эллик талаба сонини эса 5 минг нафарга етказиш мақсад қилинган.

Айни кунда АҚШ, Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Польша, Россия Федерацияси, Иордания каби мамлакатларнинг нуфузли олий таълим даргоҳлари билан ўзаро илмий-амалий ўқув дастурлари доирасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш баробарида ўзбекистонлик, хусусан, бухоролик бўлғуси шифокорларнинг мазкур мамлакатларда таҳсил олиши, докторантура ва бошқа босқичларда илмий изланишларини ташкиллаштириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.
Маълумот учун, Психомотор терапея олий институтига 1967 йилда Франциянинг Париж шаҳрида асос солинган. Институт 55 йилдан ортиқ давр мобайнида турли даражадаги руҳий-асаб касалликларига доир илмий тадқиқотлар, психологик-неврологик ўрганишларга оид даволаш терапия ишларини изчил амалга ошириб, такомиллаштириб келмоқда. Хорижий олий таълим даргоҳи айни кунда Европа ва Осиёдаги қатор давлатлар билан ўзаро илмий-назарий ҳамда амалий ҳамкорлик муносабатларини юритмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА