Ўзбекистон ва Франция бир-биридан олисда жойлашган давлатлар бўлса-да, савдо-иқтисодий, маданий алоқалар тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Хусусан, Соҳибқирон Амир Темур Франция қироли Шарль VI билан мактуб ёзишиб икки мамлакат ўртасида илк савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга замин яратган. Французлар буюк Соҳибқирон ва темурийлар ҳақида кўплаб бадиий асарлар ёзиш, тадқиқ этиш орқали улуғ аждодларимизнинг кучли давлатчилик сиёсатини илмий жиҳатдан чуқур ўрганишган ва бу борада жуда кўп изланишлар олиб боришган.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Европа халоскори Соҳибқирон шарафига илк бор олтиндан ҳайкал ҳам айнан Францияда бунёд этилган. Куни кеча юртбошимизнинг Франция давлатига навбатдаги сафарлари яна бир карра икки мамлакат ўртасида дўстлик, сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳадаги алоқаларни мустаҳкамланиши ва турли горизонтларда кенгайишини янги босқичга олиб чиқди.

10 март куни Парижда “Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон – Франция кўприги” мавзусида ўтказилган илмий-амалий конференцияда ҳар икки мамлакатнинг таълим алянси, инновациялар ва ривожланиш сари яна бир қадам бўлди. Мазкур халқаро конференцияда 30 дан ортиқ олийгоҳ раҳбарлари, илм фан ва таълим соҳасида фаолият олиб бораётган етакчи мутахассислар иштирок этди. Тадбир доирасида 26 та шартнома ва битимлар, халқаро лойиҳа ва келишувлар имзоланди.
Мазкур ҳужжатлар асосида келажакда икки давлат олийгоҳлари ўртасида қўшма таълим дастурлари, илмий лойиҳалар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар академик алмашинуви йўлга қўйилиши белгиланди. Ушбу конференцияда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети Сорбон XIII Париж Норд, ASIE халқаро таълим ва бирдамлик ассоциацияси ҳамда Консорциум университетлари билан битимлар имзолади. Айниқса, ASIE халқаро таълим ва бирдамлик ассоциацияси билан халқаро ёшлар ташаббус мактаби ташкил қилиниб, унда барқарор ривожланиш мақсадлари, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, тоза сув, яшил энергия, табиатни асраш йўналишларида француз-ўзбек ёшлари ҳамкорлиги йўлга қўйилишида муҳим қадам ташланди.
Режага биноан, ҳар йили ўзбек-француз ёшлари мулоқоти йўлга қўйилади. Бунда, ёшлар бир йил Ўзбекистон миллий университетида, бир йил Франциянинг Бурж шаҳрида кечадиган амалий ва назарий машғулотларда қатнашишади. Бундай услубдаги ёшлар мулоқот майдони дунё ёшларини глобал муаммоларга биргаликда ечим топишга ундаш билан бир қаторда, талаба-ёшлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилгани билан эътиборлидир. Шунингдек, Борд Монетенг, Сорбон XIII Париж Норд, Пуатье университетлари билан Эрасмус дастурларида талабалар, ўқитувчилар ва ходимларнинг илмий алмашинуви дастури йўлга қўйилиши назарда тутилмоқдаки, бу саъй-ҳаракатлар глобаллашаётган дунёнинг мураккаб ва долзарб масалаларига ҳамкорликда ечим топиш, изланишлар олиб бориш майдонини вужудга келтиради. Айни ҳаракатлар ўз навбатида, Ғарб ва Шарқ тафаккуридаги ҳамжиҳатликни, илм-фан тараққиётининг янги уфқларини забт этишга зарур шароит ва кенг имкониятлар майдонини вужудга келтириши билан аҳамиятли ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Франция Президенти Эммануэль Макрон билан ўтказган самимий учрашувлари, амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш, кенг миқёсли дўстона муносабатларни ривожлантириш борасидаги келишувларга эришилгани алоҳида аҳамият касб этди. Учрашувлар якуни бўйича бир қатор долзарб масалаларда ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланган бўлса, улар орасида мутахассислар ва талабалар ҳаракатчанлиги тўғрисидаги ҳукуматлараро битим, дипломатик паспорт эгаларини виза талабларидан ўзаро озод қилиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ҳамда Франциянинг етакчи компаниялари билан Ўзбекистонда 6,5 миллиард евролик истиқболли кооперация лойиҳаларини амалга оширишни назарда тутувчи инвестиция ва инновация соҳаларидаги ҳамкорлик дастури алмашишга эришилгани, Ўзбекистон – Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим қабул қилингани ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтарилишига хизмат қилади.
Раима Ширинова,
Ўзбекистон миллий университети халқаро алоқалар бўйича проректор.
ЎзА