Ўзбекистон фитосанитар назоратни таъминлашда етакчи
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўздавкарантин» инспекцияси ўсимликлар карантини соҳасида “детектор – хизмат ит”ларидан фойдаланишга бағишланган пресс-тур ташкил этди.
Пресс-тур аввалида хорижий эксперт ва кинониклар томонидан “детектор – хизмат ит”лари иштирокида кўргазмали чиқишлар, инспекция кинологлари ва уларнинг хизмат итлари учун транспорт воситалари ва қўл юкларида карантин остидаги маҳсулотларни аниқлашнинг халқаро миқёсда тан олинган усуллари асосида тренинглар ўтказилди .
Президентимизнинг 2020 йил 13 октябрдаги "Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида мамлакатимиз фитосанитария тизимини такомиллаштириш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.

Қарор ижроси доирасида фитосанитария соҳасидаги энг илғор халқаро амалиёт ва тажрибаларни кенг жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакат ҳудудида карантиндаги зарарли организмларнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида 2020 йилдан бошлаб чегара масканларидаги фитосанитария назорат фаолиятида «детектор-хизмат ит»ларидан фойдаланиш тизими жорий этилди.
Ушбу тизимни жорий этишда Чили, Австралия ва Латвия каби бир қатор мамлакатларнинг илғор тажрибаси ўрганилди.
—Бугунги кунда “детектор-хизмат ит”лари ёрдамида транспорт воситаларининг багаж қисми ва қўл юкида юқори фитосанитар хавфи бўлган карантин остидаги маҳсулотлар (уруғлик ва экиш материаллари)ни аниқлашда фойдаланилмоқда, — дейди «Ўздавкарантин» инспекцияси бошлиғи маслаҳатчиси Бунёд Насимов. — Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда қисқа вақт ичида чегара пунктларида ўз фаолиятини муваффақиятли амалга ошираётган 10 нафар кинолог – мутахассис ва уларнинг хизмат итлари тайёрланди. Ўзбекистон айни пайтда фитосанитар назоратни таъминлашда инновацион ёндашувларни кенг қўллашда Марказий Осиёда биринчи ўринда туради. Инспекция кинолог-мутахассислар малакасини оширишда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) кўмагида «Марказий Осиёда савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш» лойиҳаси доирасида Европа Иттифоқи мамлакатларидаги етакчи кинологлардан бири, Дания, Финляндия, Нидерландия, Чехия, Эстония, Беларусь мамлакатларида детектор итлар тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшган Валдис Биковскис жалб этилди.

Пресс-тур доирасида хорижлик экспертлар "детектор-хизмат итлари"дан фойдаланишга оид янги методларни намойиш этди.
Шаҳноза МАМАТУРОПОВА, ЎзА